Фронтдаги вазият: Украина «ўт ўчириш бригадалари»ни ишга солишга мажбур бўлмоқда
Украина қуролли кучлари катта захиралар билан Харкив яқинида фронтни мустаҳкамлади — ва «ҳарбий мухбир»лар ҳатто украинлар қарши ҳужуми ҳақида гапира бошлади. Аслида эса турли участкаларда ҳужумларни РФ қуролли кучлари давом эттирмоқда. Украина қуролли кучларига қайси йўналишларда айниқса қийин бўлмоқда?
Россиянинг бутун фронт бўйлаб ҳужуми — Харкивдан Запорижжя областининг Работине қишлоғигача бўлган ҳудудларда — давом эттирилмоқда. Аммо сўнгги ҳафталарда юриш суръатлари секинлашган. Бу қисман Украина қуролли кучлари қўмондонлиги мудофаа учун ўзининг барча оператив захираларини ҳаракатга келтиргани билан боғлиқ. Бунинг ёрдамида Харкив атрофида янги мустаҳкам фронт ташкил этилди ва Авдийивкадан ғарбдаги вазият ҳам барқарорлаштирилди. Аммо бошқа участкаларда — Бахмут ғарбидаги Часив Яр шаҳри атрофида ва Харкив области шарқида, Купянск ва Сватове оралиғида — барқарор мудофаа учун кучлар етишмаяпти.
Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги (Украина янги сафарбар қилинаётганлардан янги бригадалар тузиш билан машғул бўладиган ойларда) бундан кейин ҳам «пятнашкада ўйнаши»га — бир неча элита бригадаларидан иборат «ўт ўчирувчи жамоалари»ни бир йўналишдан бошқасига кўчириб юришига тўғри келади. Хусусан, Харкив атрофига, катта эҳтимол билан, Украина денгиз пиёдалари корпуси (денгиз пиёдаларининг учта бригадасидан иборат) кучларининг бир қисми ташланган, бу бўлинмалар бунга қадар бир неча ой мобайнида Днипро дарёсининг сўл соҳилидаги плацдармларда жанг қилганди. Бундай катта кучлар олиб келиниши россиялик «ҳарбий мухбир»ларни ҳам чўчитиб юборди, улар буни Украина қуролли кучларининг Россия қўшинини РФ ҳудудига сиқиб чиқаришга қаратилган қарши ҳужумини бошлашга тайёргарлик сиатида қабул қилишди.
Харкив
- Россиянинг икки йўналишда — тўғридан тўғри Харкивнинг шимолий чеккаларига ҳамда област марказидан 50 километр шимоли-шарқдаги Вовчанск шаҳрига юриши — узил-кесил тўхтади. РФ қуролли кучлари бўлинмалари ҳамон Вовчанскнинг шимолий қисмини ҳам эгаллай олмади. Улар шаҳарни тенг иккига ажратиб оқувчи Волчя дарёсини кечиб ўта олишмади. Харкивнинг шимолий чекка ҳудуди бўлмиш Липци қишлоғи учун жангларда ҳам сезиларли ўзгариш йўқ.
- РФ қуролли кучлари жангга захираларни кирита бошлаган: 10 майда Вовчанск яқинида юриш бошланганидан буён илк бор танк бўлинмалари пайдо бўлган (бунга қадар жанг майдонида олинган видеоларда фақат алоҳида ҳаракатланган танкларни учратиш мумкин эди, ҳужумлар асосан артиллерия кўмагида олдинга ташланган пиёдаларнинг кичик штурм гуруҳлари билан олиб борилган).
- Бироқ, россиялик «ҳарбий мухбир»лар ёзган Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми ҳозирча рўй бергани йўқ: украинларнинг Харкив атрофига ташланган захира кучлари фақат локал қарши ҳужумлар ўтказмоқда, шунингдек РФ қуролли кучларининг ички базаларига артиллерия зарбалари йўллаб, дронлар билан ҳужум қилмоқда. Жумладан, чегаранинг нариги томонида турган рус қўшинлари ҳам зарба остида қолмоқда. АҚШ Украинага етказиб берилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларидан Россия ҳудудидаги фронт ортига зарбалар йўллашга рухсат берган, шундай экан, яқин вақтлар ичида бундай ҳужумлар янада самарали бўла бошлаши мумкин.
- Харкив фронтида Украина денгиз пиёдалари корпусининг алоҳида бўлинмалари кўриниш берган, улар бунгача бир неча ой мобайнида Днипро дарёсининг чап соҳилидаги Кринки қишлоғи ҳудудидаги плацдармда ҳамда дарё делтасидаги оролларда жанг қилишганди. Уларнинг Харкив атрофига олиб келиниши Украина томонидан максимал даражада намойишкорона тақдим этилди. Хусусан, «Птахи Мадяра» дронлар бўлинмаси медия командири, «Мадяр» чақирув белгисига эга Роберт Бровди Липцига кириш жойида стендап ёзди. Вовчанск ҳудудида ҳам денгиз пиёдалари бўлинмалари фақат уларда бўлган техникаларда кўриниш берган. Харкив атрофига корпус тўлиқ ҳажмда ёки унинг бир қисми ўтказилгани аниқ эмас (одатда Украина ҚК қўмондонлиги янги фронт учун захираларни бутун бригадалардан эмас, балки уларнинг алоҳида бўлинмаларидан йиғади), бу қасддан амалга оширилган дезинформация бўлиб чиқишини ҳам истисно этиб бўлмайди.
- Нима бўлганда ҳам ҳозирча Украина қуролли кучларининг чегара томон қарши ҳужуми ҳақида гап бормаяпти. Россия гуруҳи ҳам ҳали бу йўналишда асосий кучларини ишга туширгани йўқ (юришда иккита армия корпуси ва Ленинград ҳарбий округининг 6-умумқўшинлари армиияси бўлинмалари қатнашмоқда; Москва ҳарбий округи таркибидан қўшимча бўлинмалар жалб этилган бўлиши ҳам мумкин). Ва Украинага рақиб юришининг иккинчи босқичига тайёрланиш учун яна захира кучлар керак бўлади.
- Украин кучлари Днипро бўйларидан олиб ўтилиши Россия қўмондонлиги фойдасига ишлаши мумкин. РФ қуролли кучлари дарёнинг чап соҳилида йирик кучларни, жумладан элита бўлинмаларни ушлаб туришга мажбур бўлаётганди. Агар Украина қуролли кучлари Херсон областидаги десант амалиётларни тўхтатса, бу кучлардан бошқа йўналишларда фойдаланиш мумкин.
Бошқа йўналишлар
- Россия қўшини Украина қуролли кучларини Часив Яр яқинида Северский Донец — Донбасс канали ортига чекинтиришга уринишда давом этмоқда. Украин кучлари (қиш охирида бу ҳудуддан Украина қуролли кучларининг қудратли 3-штурм бригадаси Авдийивка гарнизонини қутқариш учун олиб кетилганидан кейин)га РФ қуролли кучлари ҳужумини қайтаришга куч етишмаяпти. Россияликлар Часив Ярнинг канал шарқий соҳилидаги икки микрорайонига (Канал ва Калиновка) ҳужум қилишда давом этмоқда. Россия қўшини қисмларини каналнинг ғарбий соҳилида, шаҳар маркази жойлашган ҳудудда ҳам учратишган.
- Часив Ярдан жануброқда ҳам РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучларини канал ортига суриб чиқаришга уринмоқда. Май ойида сўнгги ойларда шиддатли жанглар кечган Клешчиевка қишлоғи харобалари эгаллангач, Россия қўшини ушбу қишлоқ шимоли ва жанубидан ҳужумга ўтди. Катта эҳтимол билан, яқин ҳафталарда Украина қуролли кучлари РФ қўшинига ғарбий соҳилда барқарор плацдармлар ташкил этишга йўл қўймаслик учун канал ортига чекинишига тўғри келади. Агар россияликларнинг Часив Яр шимоли ва жанубига ҳаракати тўхтатилмаса, шаҳар бой берилиши мумкин.
- РФ қуролли кучлари Авдийивкадан ғарбга кичик ҳужумлар уюштирмоқда. Аммо Украина қуролли кучларининг жангга ташланган бўлинмалари (хусусан, олдин Авдийивканинг ўзини ҳимоя қилган, кейин таътил учун фронтдан чақириб олинган 110-механизациялашган бригада) вазиятни барқарорлаштириш имконини берди.
- Россия қўшини бир неча ҳафталик жанглардан кейин Красногоровка шаҳрини (Марйинкадан шимолроқда) эгаллади. Баҳорда Россия қўшинлари ихтиёрига ўтган Новомихайловка томондан Вуҳледарга юриш давом этмоқда. Катта эҳтимол билан, ёзда РФ қуролли кучлари бу икки юришни Украина қуролли кучларининг муҳим логистик маркази — Курахово шаҳри йўналишидаги ягона зарбага айлантиришга ҳаракат қилиб кўради. Аммо бундай амбицияли амалиётни фақат қўшимча захираларни олиб келиш орқали амалга ошириш мумкин.
- РФ қуролли кучлари Запорижжя областида ва унинг Донецк области билан чегара ҳудудида ҳам ҳужум қилишда давом этмоқда. Сўнгги йўналишда (Велика Новосилкадан жанубдаги Мокрие Яли дарёси водийсида) Россия қўшини Старомайорске (муваффақият билан) ва Урожайнеда (катта йўқотишлар ҳамда айтарли натижасиз) ҳужум қилмоқда.
- Шимолда — Купянск ва Сватове атрофида — РФ қуролли кучлари кенг фронт бўйлаб олдинга силжишда давом этмоқда. Катта эҳтимол билан, тез орада Украина қуролли кучлари ушбу йўналишга Россия юришини тўхтатиш учун «ўт ўчириш жамоаси»ни юборишига тўғри келади (бу ерга аллақачон 3-штурм бригадаси ташланган). Муаммо шундаки, Украина ихтиёридаги «ўт ўчирувчилар» камайиб бормоқда.
Мавзуга оид
08:37
Сибига: УҚК қанчалик узоқроқ зарба берса, уруш шунчалик тезроқ тугайди
01:00
Боррел АҚШ Киевга 300 километргача бўлган масофада Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берганини тасдиқлади
22:02 / 18.11.2024
Украина узоқ масофага учадиган ракеталар учун рухсат олди: энди нима бўлади?
21:08 / 18.11.2024