Ўзбекистон | 10:45 / 16.05.2021
69321
3 дақиқада ўқилади

ДХХ икки нафар ҳоким ўринбосарини қўлга олди

Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси мансабдори ва Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосари 10 минг доллар, Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари 2 минг доллар пора олган вақтида ушланди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари томонидан коррупцияга қарши тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида юқори лавозимда ишловчи шахс Чортоқ туманида истиқомат қилувчи хусусий тадбиркорга боғдорчилик билан шуғулланиши учун Янгиқўрғон тумани ҳудудидан 10 гектар ер майдони ажратилиши бўйича туман ҳокимининг қарорини чиқартириб беришни ваъда қилиб, ўзи фаолият юритувчи бошқарманинг маъмурий биноси ёнида 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида юқори лавозимда ишловчи шахс
Видеодан кадр

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у ушбу пулларни Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилган ва мазкур мансабдор шахс ҳам Наманган шаҳрида 10 минг долларни олган вақтида ушланди.

Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосари

Туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия аъзоси сифатидаги ваколатларидан фойдаланишни режалаштирган ушбу юқори лавозимли шахс бошқа МЧЖга қарашли ер майдонидан 10 гектарини ажратиб беришни мақсад қилган, дейилади хабарда.

Тезкор тадбир ДХХ Наманган вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда департамент ходимлари томонидан ўтказилган.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги / Фото: Kun.uz

Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари қурилиш ишлари билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбаридан 2 минг АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Аниқланишича, мазкур мансабдор шахс хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда ушбу МЧЖга жорий мавсумда Жиззах шаҳридаги ижтимоий соҳа объектларида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказилувчи тендер савдолари орқали объект олиб беришни ваъда қилган.

Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари / Видеодан кадр

Тезкор тадбир ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган.

Аввалроқ Жиззах шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, қўлга олинган шахс – Жиззах шаҳар молия бошқармаси бошлиғи Ойбек Нурматов бўлиб, у кадрлар етишмовчилиги сабабли шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида тайинланган.

Ойбек Нурматов 6 май куни соат 20:00ларда Жиззах шаҳри Жиззахлик маҳалласида 2000 долларни ўзи бошқарувидаги Gentra юкхонасига ташлаб қўйган ҳолда олган вақтда ушланган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид