Жаҳон | 10:50 / 17.06.2024
6003
3 дақиқада ўқилади

АҚШдаги сайловлар: Байден ва Трамп теледуэл қоидалари бўйича келишиб олди

27 июн куни АҚШда теледебатлар 50 йил ичида биринчи марта студияда томошабинларсиз ўтказилади. Иккала сиёсатчи ҳам ҳали президентликка расмий номзод эмас.

Фото: AP / Eugene Hoshiko

АҚШ президенти Жо Байден ва унинг бўлажак президентлик сайловларида эҳтимолий рақиби Доналд Трамп ўзларининг илк теледуэл қоидаларини келишиб олди. 27 июн куни бўлиб ўтадиган 90 дақиқалик теледебат давомида янги президентлик муддати учун даъвогарларга олдиндан тайёрланган ёзувлардан фойдаланишга рухсат берилмайди, улар фақат ручка ва блокнотлар билан таъминланади, деб хабар берди теледебатни эфирга узатувчи CNN 15 июн куни.

Студияда томошабинлар бўлмайди

Икки тижорий танаффус пайтида Байден ва Трампга сайловолди ташвиқоти гуруҳлари билан гаплашиб олиш тақиқланади. Даъвогарлардан бирининг чиқиши вақтида унинг рақиби микрофони ўчирилади. Тадбир 1976 йилдан бери биринчи марта студия томошабинларсиз ўтказилади, Байденнинг сайловолди кампанияси шуни талаб қилганди, Трамп эса сайлов олдидаги «таранг муҳит» туфайли оммавий аудиторияни жалб қилишга чақирган.

Модераторлар Жейк Тэппер ва Дана Баш «вақт чегараларига риоя қилиш ва мунозара нормал ўтишини таъминлаш учун барча воситалардан фойдаланади», деб ваъда берди телеканал. Телевизион дуэл Жоржия штатининг Атланта шаҳридаги студиядан трансляция қилинади. Номзодларнинг иккинчи дебати сентябрга белгиланган.

Байден ва Трамп ҳали расмий номзодлар эмас 

Айни пайтда, 81 ёшли Байден ҳам, 78 ёшли Трамп ҳам ноябр ойидаги сайловлар учун ҳали ўз партияларининг расмий номзоди эмас. Улар июл ва август ойларида бўлиб ўтадиган демократлар ва республикачилар қурултойида расман кўрсатилиши керак. Шу сабабли, сайловолди пойгасининг ушбу босқичида теледебатларни ўтказиш ноодатий қадамдир. Байден теледебатларни тезлаштиришни таклиф қилди, Трамп унинг таклифига рози бўлди. 

АҚШда президентлик сайлови 2024 йил 5 ноябрга белгиланган. Улар 1912 йилдан бери АҚШ собиқ президенти амалдаги президентга қарши курашадиган биринчи сайловлар бўлади. Сайловолди пойгаси АҚШ собиқ президенти, шунингдек, амалдаги президентнинг ўғли Хантер Байден судланиши фонида ўтмоқда. Трамп айбдор деб топилган тақдирда ҳам президентликка ўз номзодини қўйиши мумкин. 

Мавзуга оид