Ўзбекистон | 15:00 / 27.12.2020
13019
9 дақиқада ўқилади

Утилизация йиғими миқдори қайта кўриб чиқиладими?

Импорт қилинадиган автомобиллардан утилизация йиғимини ундириш бўйича ҳукумат қарори қатор мураккабликларни келтириб чиқармоқда. Бир гуруҳ тадбиркорлар шу масалада Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими билан учрашди.

1 августдан Ўзбекистонга четдан олиб кириладиган транспортларга акциз солиғи бекор қилингани ортидан хориждан импорт қилинган автомобилларнинг нархи сезиларли арзонлашиши кутилган эди. Бироқ Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорларнинг айтишича, худди шу санадан кучга кирган Вазирлар Маҳкамасининг четдан импорт қилинадиган транспорт воситаларидан утилизация йиғимини ундиришни назарда тутувчи қарори туфайли айни пайтда қатор мураккабликлар юзага келмоқда.

16 декабр куни бир гуруҳ тадбиркорлар ҳукумат қарори қабул қилингандан сўнг юзага келаётган саволларга жавоб олиш мақсадида Тошкентда тўпланишди. Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг саволларига жавоб берди.

Ойбек Қамбаров, тадбиркор:

– Туризм йўналишида фаолият юритаман. Сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида хориждан юқори тоифадаги транспорт воситаларини импорт қилишда қийинчиликлар юзага келаётгани бўйича Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовга бундан икки ой олдин хат билан мурожаат қилганмиз. Қўмитадан бир ходим алоқага чиқди ва биз айтган масалани ҳал қилиш уларнинг ваколатимизга кирмаслиги, 347-қарорни Вазирлар Маҳкамаси чиқаргани, бу бўйича барча жавобгарлик уларнинг бўйнида экани, ўша ёққа мурожаат қилишимиз кераклигини айтди.

Аслида президент фармони билан туризм соҳасида фаолият юритувчи корхоналарнинг четдан автомобил импорт қилишига имтиёз берилган. Туризм фирмалари фақат 15 фоиз ҚҚС тўлайди, холос. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг 347-сонли қарори чиқиб, имтиёзнинг барчаси бекор бўлди ва янгича утилизация йиғими жорий қилинди. Яқинда битта машинага ўзимнинг фирмам 70 млн сўм миқдорида утилизация йиғими тўлади.

Йўлдош Исмоилов, Вазирлар Маҳкамасининг электротехника ва автосаноатни ривожлантириш йўналиши бўйича масъул ходими:

– Агар олиб кирилган машина янги бўлганда тўлов 3 баробар камроқ бўларди. Шуни унутманг. Сиз бир неча йил олдин ишлаб чиқарилган ва олдин фойдаланилган автомобил олиб киргансиз.

Ойбек Қамбаров:

– Янги машина бўлса ҳам шу миқдордаги йиғим чиқади.

Равшан Абдуллаев, тадбиркор:

– Бизни қизиқтирган яна бир савол: нимага асосан бу ставка миқдори келиб чиқди? Биз ҳам бошқа давлатлардаги утилизация йиғимлари миқдорини ўргандик. Россияда утилизация йиғими 50/50 шаклида тўланаркан. Яъни ярмини ҳукумат, ярмини мулкдорнинг ўзи тўлар экан. Далилларимиз бир-бирига қарама-қарши бўлгани учун сиз бундай эмаслигини исботлаб берсангиз.

Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими утилизация йиғими миқдори жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб белгилангани, тегишли вазирлик, идоралар билан келишилиб, хулосаси олинганини маълум қилиб, утилизация йиғими миқдорлари нимага асосан белгилаб чиқилгани бўйича сўровларга ёзма мурожаат асосида жавоб берилишини маълум қилди.

Йўлдошевнинг таъкидлашича, «UzAuto MOTORS» ҳам, «Hyundai» ҳам, «Volkswagen» ҳам утилизация йиғимини тўламоқда. Бироқ тадбиркорлар унинг фикрига қўшилишмади, ўзларидаги маълумотлар бунинг аксини кўрсатаётганини айтишди.

Ойбек Қамбаров:

– Расул Кушербаев бошчилигида бир гуруҳ депутатлар Божхона ва Солиқ қўмиталарига депутатлик сўрови киритишди. Шу масала бўйича. Лекин жавоб бу давлат сири билан боғлиқлигини баҳона қилиб, ошкор қилишмади. «UzAuto MOTORS» давлат ташкилоти бўла туриб унинг солиқ бўйича сиёсати қанақасига давлат сири бўлиши мумкин? Хулосамиз шундай бўлдики, ушбу корхона утилизация йиғимини тўламаяпти.

Агар тўлашганда автомобилларнинг амалдаги нархи устига қўшган бўларди. Нархда ўзгариш йўқ. Кейин депутатларнинг сўровига бундай жавоб келгандан кейин хулосамиз улар утилизация тўламаяпти. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 октябрдаги 665-сонли қарори билан баъзи автомобиллар утилизация йиғимидан озод қилинди. Нима сабабдан?

Йўлдош Исмоилов:

– Бу саволга мен жавоб бера олмайман. [Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги 347-сон қарори билан тасдиқланган иловага] ўзгартиришни мен киритмаганман.

Ойбек Қамбаров:

– 347-сонли қарор бўйича жавоб берасизми? Унда айтинг-чи, бульдозерлар, автогрейдерлар нима учун утилизация йиғимини тўлашдан 100 фоиз озод қилиняпти?

Йўлдош Исмоилов:

– Сардоба, Бухорода бўлган воқеалар сабаб қурилиш техникаларига имтиёз кўзда тутилган.

Йўлдош Исмоилов

Ойбек Қамбаров:

– Лекин экскаватордан ундириляпти-ку, у ҳам қурилиш техникаси-ку?

Йўлдош Исмоилов:

– Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган экскаваторлардан ундирилмоқда. Янгисига йўқ-ку.

Равшан Абдуллаев:

– Ҳали Америка, Европада юз фоиз татбиқ қилинмаган нарсалар Ўзбекистонга юз фоиз талаб қилингани озгина мантиққа тўғри келмайди.

Йўлдош Исмоилов:

– Бу фикрингизга қўшилмайман, бу нарса чет элда ҳам бор. Тўғри, у ерда субсидияланган механизмлар жуда кўп. Айни пайда янги қарор лойиҳаси ҳукуматга киритилган. Унда субсидиялаш механизмлари кўзда тутилган. Утилизация йиғими сифатида сизлардан йиғиб олинган пул қандай сарф-харажат қилиниши янги қарорда белгиланмоқда. Яъни бунинг механизмларини жорий этиш бошланяпти. Бугун утилизация йиғимини тўладингизми, эртага янги машина олишга борганда, сизларда субсидия пайдо бўлади.

Равшан Абдуллаев:

– Тизимга нисбатан қаршилигимиз йўқ. Утилизация масаласи экологиямизга, келажак авлодимизга фойдали. Лекин утилизация йиғими миқдорлари Швейцариядагидан ҳам баланд. Мана шу муаммо.

Собир Шермуҳаммедов, тадбиркор:

– Айтяпсизки, маълум ташкилотлар билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқади. Ўша муассасалар йиғим, бож, солиқ тўловчи эмас. яъни чиқараётган қарорингиз бизга тегишли. Тадбиркорлар билан нега маслаҳат қилмайсизлар шу нарсани? Қонун чиқади-да, унинг мониторинги йўқ. Агар тўғри қарор чиққанда, халққа фойдали бўлганда, тадбиркорларни ривожлантиришга ишлаганда эди, биз бу ерда турмаган бўлардик.

Собир Шермуҳаммедов

Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорларнинг эътирозларига жавобан илгари хориждан олиб келинадиган транспорт воситаларидан ундириладиган акциз солиғи миқдори утилизация йиғиминикидан баланд бўлгани, четдан кириб келаётган транспортларнинг нархини арзонлаштириш учун ушбу солиқ бекор қилинганини сабаб қилиб келтирди.

Тадбиркорлар мутасаддидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги 347-сонли қарори нима учун жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаганини сўрашди. Масъул ходим бу бўйича ёзма мурожаат қилган шахсларга расмий жавоб берилишини айтиб, жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Ойбек Қамбаров «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларда утилизация яроқсиз, истеъмол муддати тугаган автомобилларга солиниши айтилгани, бироқ Вазирлар Маҳкамаси қарори қонуности ҳужжат ҳисобланиши, у қонундаги нормадан фарқланмаслиги керак бўлса-да, утилизация йиғимига доир ҳукумат қарори қонун нормасига зид эканини айтди. Йўлдош Исмоилов бу саволга ҳам ёзма равишда жавоб беришини, аввал қонунларни яна бир бор ўрганиб чиқиши кераклигини таъкидлади.

Йўлдош Исмоилов:

– Мен жавоб беришдан қочаётганим йўқ. Ҳар битта позиция бўйича қаердан бунча сумма келиб чиққанига ёзма жавоб берамиз. Утилизация йиғими миқдорини ўзимизча белгиламаганимизни асослаб жавоб берамиз. Бизга ҳам қарор лойиҳаси вазирлик ва идоралардан келиб тушади. Тўғри, қарорларни қабул қиладиган органмиз. Лекин мана сизда эътироз пайдо бўляптими, демак буни қанақадир такомиллаштириш керак.

Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими барча мутасадди вазирлик ва идораларнинг вакиллари билан биргаликда тадбиркорлар билан учрашув ташкиллаштирилиши, ушбу учрашувда барча муаммоли масалалар кўриб чиқилишини маълум қилди. У тадбиркорлардан ҳукуматнинг 347-сонли қарори юзасидан барча эътирозларини асослантирган ҳолда қоғозга туширишлари ва мулоқотга тайёр ҳолда келишларини сўради. У мазкур учрашувда 347-сонли қарорни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этган барча мутахассислар, соҳа бўйича алоқадор вазирлик ва идораларнинг вакиллари тадбиркорларнинг барча саволларига жавоб беришларини, шу билан бу мавзу қайта очилмаслигини таъкидлади.

Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими ва тадбиркорлар учрашувида бир қатор саволлар очиқ қолди. Aйримларига навбатдаги учрашувда жавоб берилиши маълум қилинди. Aслида мутасаддиларнинг «кўзлари кўр, қулоқлари кар» мақомида иш тутишмагани тадбиркорларни қийнаётган муаммоларга қулоқ тутишганининг ўзи бу борада ташланган катта қадам. Умид қиламизки, конструктив руҳдаги бундай мулоқотлар давом этади ва рўй-рост кўриниб турган муаммоларга биргаликда ечим топилади.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид