Самарасиз деб топилган шифохоналар, парклар, стадионлар ва бошқа объектлар хусусий секторга берилиши мумкин
Йил охиригача рўйхат шакллантириб, қатор объектларни давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди. Рўйхатга самарасиз фойдаланиб келинаётган йирик шифохоналар, маданият саройлари, стадионлар, концерт заллари, истироҳат боғлари ва бошқалар киритилади.
Ўзбекистондаги бир қатор ижтимоий муассасалар хусусий секторга берилиши мумкин. Бу – 30 август куни имзоланган давлат хусусий шерикликни ривожлантириш тўғрисидаги президент қарорида кўзда тутилган.
Қарорга кўра, самарасиз фойдаланиб келинаётган йирик шифохоналар, маданият ва спорт иншоотлари (шу жумладан, маданият саройлари, стадионлар, концерт заллари, истироҳат боғлари) хатловдан ўтказилади.
Хатлов натижаларига кўра, муассасаларни хусусий секторга давлат-хусусий шериклик асосида ўтказиш бўйича 2024 йил охиригача Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилиши керак.
Ижтимоий объектларнинг “самарасиз фойдаланиб келинаётгани”га қандай баҳо берилиши ҳозирча маълум эмас.
Топшириқ ижросига иқтисодиёт ва молия вазири, соғлиқни сақлаш вазири, маданият вазири, спорт вазири, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раис, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари масъул этиб белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган бир неча йил ичида Тошкентдаги учта онкология шифохоналари, “Пахтакор” стадиони, Фарғонадаги “Ёшлар кўли” каби бир қатор ижтимоий масканларнинг сотиб юборилиши жамоатчилик босими тўхтатиб қолинган эди. Қолаверса, пойтахтдаги Абдулла Қодирий ва “Дўстлик” боғларининг инвесторга бериб юборилгани ҳам эътирозларга сабаб бўлган.
Мавзуга оид
14:30 / 02.11.2024
ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тасдиқланди
19:11 / 04.10.2024
Tashkent city ҳудудидаги банклар биноларини сотиб олишга 4 инвестор қизиқиш билдирди – Давактив
16:00 / 28.09.2024
Кувайт Ўзбекистондаги ДХШ лойиҳаларида иштирок этиши мумкин
10:50 / 23.09.2024