Ўзбекистон | 15:40 / 17.03.2020
55388
4 дақиқада ўқилади

18 мартдан мактаб ўқитувчилари ҳам таътилга чиқарилади — Шерзод Шерматов

Мактаб директорлари, уларнинг ўринбосарлари, психологлар, фаррошлар, қоровуллар ишини давом эттиради.

18 мартдан эътиборан умумтаълим мактаблардаги барча ўқитувчилар муддатидан аввал таътилга чиқарилади. Бу ҳақида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

«Ҳаммага маълумки, карантин муносабати билан ўқувчилар навбатдан ташқари таътилга чиқарилгач, одамларда бу борада саволлар пайдо бўлди. Ўқувчилар бўлмаса, ўқитувчилар мактабда нима қилиши ҳақида.

Эртадан бошлаб ҳамма ўқитувчилар ҳам таътилга чиқади.

Қонунга кўра, 21-27 март кунларидаги режали таътил вақтида ҳам ўқитувчилар ишлаб бериши керак эди. Ҳозир бу вақтдаги ишларини ҳам масофадан туриб бажаришига рухсат беряпмиз. Яъни ўқитувчилар мактабда бўлишига ҳожат қолмайди. Режалаштирилган таътил даврида кўзда тутилган педагогик юкламалар педагоглар томонидан ўрнатилган тартибда ойлик иш ҳақлари сақлаб қолинган ҳолда масофадан туриб бажарилиши мумкин бўлади», деди вазир «Ўзбекистонда короновирус инфекциясининг тарқалиши ва унга қарши кўрилаётган чоралар бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар» мавзусида брифинг чоғида.

18 март кунидан меҳнат таътилига чиқадиган ўқитувчиларга меҳнат таътили даври учун маблағ тўланади.

Масофадан туриб ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда таълим муассаса ва ташкилотларнинг бино ва иншоотларини самарали сақлаш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида қўйидаги лавозимларда ишловчи ходимлар ўз фаолиятини иш жойида амалга оширади:

1. Директор;
2. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари;
3. Маьнавий маърифий ишлар буйича директор ўринбосари;
4. Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари (ёки хўжалик ишлари мудири);5. Психолог;
6. Ёшлар етакчиси;
7. Фаррош;
8. Қоровул.

Халқ таълими вазири мактаб таътили даврида видеодарслар қандай шаклда ташкил этилиши ҳақида ҳам маълумот берди.

«Ҳукумат комиссияси ўқувчиларнинг таътил пайтида билим олиши учун Халқ таълими вазирлигига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар билан ҳамкорликда ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олиниши ҳамда эфир вақтларини ажратиш бўйича вазифалар юклатилди.

Мазкур видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва уни тасвирга олиш бўйича соҳа ходимларидан иборат ташкилий-ижодий гуруҳ тузилди ва ҳозирда видеодарсларни тасвирга олиш ишлари бошланди. Видеодарслар тайёр бўлганидан кейин телевидение ва Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари (@uzedu) ва расмий веб-сайтларида (www.uzedu.uz), электрон ахборот порталлари (online maktab) орқали ҳам намойиш этиб борилади. Видеодарслар ва намойиш вақтлари тўғрисидаги маълумотлар вазирлик расмий сайти, ижтимоий тармоқдаги саҳифалари ҳамда Kundalik тизими орқали чоп этиб борилади.

Видеодарслар тайёр бўлгунга қадар Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази тажрибали ўқитувчилар билан биргаликда ўқувчиларга таътил пайтида уйда мустақил тарзда таълим олишлари учун намунавий дарс тавсияларини ишлаб чиқди. Ҳозирда мазкур тавсиялар Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтига (www.uzedu.uz) жойланмоқда.Намунавий тавсиялар ихтиёрийлик тамойили асосида бўлиб, фан ўқитувчилари ўзларининг йиллик иш режалари асосида тегишли ўзгартириш киритиши мумкин», дейди у.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид