Ўзбекистон | 17:34 / 24.03.2026
6147
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилди

Президентлар Ўзбекистонда бошланган АЭС қурилиши, Яқин Шарқ ва Украинадаги урушлар ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилди.

Матбуот хизматлари эълон қилган архив суратлар

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 24 март куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 10 фоизга ўсиб, 13 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса яна 32 фоизга кўпайди.

Саноат, энергетика, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш давом этмоқда.

Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг самарали фаолиятига юксак баҳо берилди.

Томонлар кооперациянинг янги шакл ва лойиҳаларини илгари суриш учун самарали майдонга айланган “ИННОПРОМ Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасининг навбатдагисини жорий йил апрел ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга фаол тайёргарлик кўраётгани таъкидланди.

Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Бўлажак тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид