Жамият | 15:26 / 24.12.2019
20502
5 дақиқада ўқилади

«Бунинг нимаси Порлоқ кўча?» – Андижон туманидаги болалар фақат кундузи дарс тайёрлайдиган маҳалла ҳақида

 Халқимизнинг қишлоқ ва маҳаллаларга ном танлашига таҳсин айтмай илож йўқ. Электр таъминотидаги муаммолар ҳақида арзнома ёзган кўчанинг номи Порлоқ экан.

Андижон туманидаги Зангибобо маҳалласининг исми жисмига монанд бўлмаган кўчасида 50дан зиёд хонадон бор.

 Симёғочлари йўқ кўча

 Бизни кутиб олган аҳоли кўплаб муаммоларни айтган бўлса-да, уларнинг ичида энг оғриқлиси – электр тармоғи учун симёғочлар муаммоси экан. Кўчага умуман симёғоч ўрнатилмаган. Барча хонадонлар уйларига электр тортилган симни қўшни кўчаларда яшовчи хонадонларни томидан ўтказиб олишган экан. Томдан томга ўтган симлар, қўлбола симёғочлар орқали аҳоли ўзи тортиб олган электр тизимидан жуда паст қувватдаги электр энергияси келмоқда.

 «Ҳаво совиши билан рўзғорда маиший жиҳозлар – кир ювиш машинаси, музлатгич, дазмол, «духовка»дан фойдаланишнинг иложи йўқ. Икки кўча наридаги эски трансформаторга меъёридан кўп хонадонлар улангани оқибатида тинмай битта фаза йўқ бўлиб қолаверади. Кўп кунларимиз, тунларимиз электр муаммоси билан ўтади.

 Энг қийини ёш болаларга бўляпти. Токнинг қуввати пастлигидан кечаси чироқлар худди лимондек хира ёнади.

 Оқшом бўлгач, дарс тайёрлаш имконсиз. Фарзандларимиз мактабдан келиб, қоронғи тушмай дарс тайёрлаб олишга уринишади. 10 йилдан бери шу аҳвол», – дейди хонадон эгалари Раънохон Мўйдинова ва Шоҳидахон Тўхтаевалар.

 Хонадонларга кирдик. Эгалари чироқларни ёқиб кўрсатишди. Жуда хира. Бир хонадонда эса, ток қувватини ошириш учун лабораторияда фойдаланиладиган автотрансформатор (ЛАТР) қўйилганини ҳам кўрдик. Лекин барчанинг ҳам бу қиммат ускунани сотиб олишга қурби етмайди.

 «Кўчамиз Андижон тумани ва Андижон шаҳри ўртасидаги аросат жойда. Ўзимизнинг симёғочлар бўлмаганлиги сабаб симни қўшни Соҳибов ва Маҳфират ҳожи кўчаларидаги хонадонлардан тортганмиз. Энди ўша кўчадаги қўшниларимиз «Ўзимизга ҳам ток етмай қоляпти. Симингизни узиб ташлаймиз», дейишяпти. Бормаган жойимиз қолмади. Туман электр тармоқлари ва туман ҳокимлигига арз қилиб натижа бўлмагач, шу йил апрель ойида вилоят ҳокимига ҳам мурожаат қилдик. Ҳанузгача жавоб кутяпмиз.

 Симёғочсиз, паст кучланишли, сифатсиз электр берилаётганига қарамай, МИБ ток ҳақини вақтида ундириб кетади. Яқинда электр тармоқлари ходимлари энг аламли талабни қўйиб кетди. Корхона ходими келиб, «Электр ҳисоблагични қоидага кўра уйдан олиб чиқиб симёғочга ўрнатинглар!», деди. Биз унга «Симёғоч йўқ-ку?» дея эътироз билдирсак, ходим «Бу менинг муаммойим эмас», деган жавобни айтди.

 Кўчамизга келиб ҳолимизни сўрайдиган мутасадди йўқ. Шағални ҳам ўзимиз олиб келиб тўкдик. Суюлтирилган газ баллонларни алмаштиргани бундан беш ой олдин келишган», –дейди Гулчеҳра Ҳасанова ва Одинахон Мамадалиева.

 Туман электр таъминоти корхонасида

 Аҳоли дардини эшитгач, йўлимиз Андижон туман электр таъминоти корхонаси томон бўлди. Ташкилот ишлаб чиқариш муҳандиси Акмалжон Имомовдан Порлоқ кўчасидаги муаммо бўйича изоҳ беришини сўрадик. Мутасадди бу лавозимда иш бошлаганига кўп вақт бўлмаган экан.

 «Жорий йилда туман бўйича 35,2 километр янги тармоқ тортиб, 26та янги трансформатор ўрнатдик. Янги 2020 йилда 50та МФЙларда янги тармоқ тортиш режа қилинган. Зангибобо МФЙдаги Порлоқ кўчаси ҳам режамизда бор. Ўзгаришлар навбати билан бўляпти», – дейди Имомов.

 Мутасаддиларга турли мурожаатлар масаласида изоҳ сўрасангиз, уларнинг энг жўяли жавоби – «Режалаштиряпмиз» ёки «Дастурга туширамиз» бўлади. Порлоқ кўчасининг янги йилга дастурга тушиб, режага киритилиши муаммо.

 Кўча аҳолиси эса қишни мана шундай аҳволда ўтказармикин?

 Биз эса уларга Порлоқ кўчасида чироқлар порлаганда келамиз, деб ваъда бердик...

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид