Ўзбекистон | 23:10 / 14.02.2018
26051
4 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим вазирлиги болаларнинг соғлом ва тўғри овқатланишини ташкил этишга шахсан масъул бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича  кўрилаётган  чора-тадбирлар  натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент расмий сайти хабар бермоқда.

Йиғилишда болаларга сут маҳсулотлари ва мева тасдиқланган нормадан кам миқдорда берилмоқда, балиқ маҳсулотлари эса деярли берилмаётгани айтиб ўтилди.

Бу борада берилган топшириқларга мувофиқ, болаларни сифатли овқатлантириш, кўрпа, ёстиқ ва чойшабларини белгиланган муддатларда алмаштириш, дори-дармон ва ювиш воситалари учун ажратиладиган маблағлар миқдори етарли экани аниқ ҳисоб-китоб қилинади.

Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги бўлинмалари раҳбарлари боғчаларда болаларнинг белгиланган меъёрлар асосида соғлом ва тўғри овқатланишини ташкил этишга шахсан масъул бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги боғчаларда таомларни тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш ва сақлашда санитария нормалари ва гигиена қоидаларига қатъий риоя этилишини назорат қилади.

Йиғилишда мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг савияси, билими ва кўникмалари масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилди.

Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Бу борадаги ўрганишлар натижасида келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, 28 минг 300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлиши аниқланган. Шу боис, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида “Мактабгача таълим” йўналишида кундузги шаклда 3 йиллик бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади. Бунда илғор хорижий тажриба, жумладан, Жанубий Кореянинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янги ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилади.
Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида сиртқи ва кечки шаклда бакалаврлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Жорий йил март ойидан бошлаб, вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун ярим йиллик ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Бу ҳақда сўз юритар экан, Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореянинг Пучон университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Мактабгача таълим университетини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Йиғилишда юқори малакали, олий маълумотли кадрларни рағбатлантириш,  мактабгача таълим муассасалари педагог ходимларининг ойлик иш ҳақини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Имконияти чекланган ва жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига ҳам эътибор қаратилди.

Мавзуга оид