Иқтисодиёт | 10:50 / 27.05.2022
63633
8 дақиқада ўқилади

Аҳолининг айрим тоифаларига пул тарқатилади. Уни кимлар қандай олиши мумкин?

Кам таъминланган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган 4,5 млн нафар болаларининг ҳар бири, шунингдек, 18 ёшгача болалари бўлмаган кам таъминланган оилалар ҳам 200 минг сўмдан моддий ёрдам олади. Пенсионер, боқувчисини йўқотганлар ва ногиронлиги бор шахсларга 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида 400 минг сўмдан пул тарқатилади. 

Камбағалликни қисқартириш халқаро форумида молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев Kun.uz'га пул тарқатиладиган аҳоли қатлами маблағларни қандай олиши ҳақида гапириб берди. Шунингдек, вазир ўринбосари журналистларнинг аҳолига пуллар етиб бориши қандай назорат қилиниши ҳамда пул тарқатилгач бюджет ўрни қандай қопланиши ҳақидаги саволларига жавоб берди.

— Кимларга қанчадан пул тарқатилади?

— Куни кеча президентимизнинг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга доир қарори қабул қилинди ва унда қуйидаги аҳоли қатламларини бир марталик моддий ёрдам шаклида қўллаб-қувватлаш белгиланди. Бу пулларни оладиганлар кимлар? Биламизки, ҳозирги кунда Ягона ижтимоий реестр орқали кам таъминланган аҳоли нафақа олиб келмоқда. Яъни маҳаллалар орқали олинадиган аризаларга асосан кам таъминланган аҳолига моддий ёрдам берилади. Шунақа кам таъминланган оилаларнинг ҳозирги кунда 4,5 миллион нафар 18 ёшгача бўлган болалари бор. Мана шу 4,5 миллион болага, яъни ҳар бир оиланинг ҳар бир 18га кирмаган боласи учун 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилиши белгиланди. Бундан ташқари, 18 ёшгача бўлган болалари бўлмаган, аммо кам таъминланган оилалар ҳам Ягона ижтимоий реестр орқали моддий ёрдам олиб келмоқда. Шу оилаларга ҳам бир марталик ёрдам берилади. Бундан ташқари, пенсия жамғармаси орқали пенсия олувчи қариялар, боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлиги пенсияси ёки нафақасини олувчи шахсларга ҳам бир марталик моддий ёрдам берилади, бунинг миқдори ҳар бир одам учун 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида 400 минг сўмдан.

Мисол учун, боқувчисини йўқотган оила онаси ва 2 фарзанди учун бугунги кунда нафақа олиб келаётган бўлса, бу оилага 3 киши учун 900 минг сўм берилади. Ёки оилада 2 нафар пенсионер қария бўлса, уларнинг ҳар бири учун 300 минг сўмдан 600 минг сўм берилади.

Хабарингиз бор, яқинда парваришга муҳтож ногирон болани тарбиялаётган оналарга парваришлаш нафақаси берилиши янгидан жорий этилган эди. Бир марталик моддий ёрдам пуллари шу тоифадаги оналарга ҳам берилади.  

Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев
Фото: Kun.uz

— Пуллар қай тартибда тўланади?

— Тўловлар президент қарори чиққан кундан бошлаб амалга оширилиши назарда тутилган. Бугунги кунда пенсия ва нафақалар амалга оширилган тартиб қандай бўлган бўлса, ёрдам пуллари ҳам шундай тўланади. Яъни фуқаролардан ҳеч қандай ариза ёки мурожаат қилиш талаб этилмайди. Кимки май ойида пенсия ёки нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, буларнинг ҳаммасига дастур орқали пуллар тўлаб берилади. Кам таъминланган оилаларнинг 70 фоизига банк карталари орқали нафақалар тўлаб келинмоқда, уларга карталар очилган ва бугун, эртанинг ўзида (интервю 26 май куни ёзилган – таҳр.) ушбу маблағлар тушади. 30 фоиз қисми қолади, улар ҳар доим нақд пул кўринишида олинади; икки ҳафта ичида халқ банки филиаллари орқали нақд пулларни тарқатиб чиқиш вазифаси белгиланган. Яъни ким шу вақтгача нафақани пластик карта орқали олаётган бўлса, уларга 2 кун ичида пуллар тушириб берилади, нақд кўринишда оладиганларга эса жойларда қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла юриб тарқатилади.

— 2022 йилда яна бир марталик ёрдам берилиши кутилмоқда?

— 2020 йил пандемия бўлиб илк марта аҳолига пул тарқатилди. Бу даврда аҳолининг даромадлари қисқарди, мана шу даврда – 2020 ва 2021 йилда ҳам бир марталик ёрдам пуллари берилганди. 2020 йилда Қурбон ҳайити арафасида пул тарқатилганди. Мактабга ўқувчилар чиқишидан олдин, кам таъминланган оила фарзандларига ҳам бир марталик ёрдам пули – 500 минг сўмдан берилганди. Ўтган йилда ҳам “Темир дафтар”, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган шахсларга мана шундай ёрдам пули берилган. Умуман, бутун дунёда ижтимоий қўллаб-қувватлаш инструментлари бор. Қачонки, иқтисодий вазият мураккаблашганда аҳолини керакли вақтда давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир марталик ёрдам берилади. Ҳозир бу бир марталик ёрдам пули тўлаб берилади, ундан кейин учун бир нарса деёлмайман. Бу, албатта, давлатимиздаги иқтисодий аҳволдан ва аҳоли эҳтиёжмандлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Олдиндан ҳеч нарса дея олмаймиз: иқтисодий аҳвол аҳолига жиддий таъсир қилиши мумкин бўлган пайтларда давлат томонидан бир марталик ёрдам берилади. Кейин ҳам бу жорий этилади, лекин қачонлигини ҳозир айта олмайман.

— Пуллар ўз манзилига етиб бориши назорат қилинадими?

— Пулларни жойига манзилли етказиб бериш бўйича назорат йўлга қўйилган. Олдинги амалиётдан келиб чиққан ҳолда жойларда қуйидагича назоратни амалга оширамиз:

Кам таъминланган аҳоли сифатида моддий ёрдам олувчилар ҳам, нафақа олувчилар ҳам бизда рўйхати ва телефон рақамлари билан бор. Демак, нафақа ёки пенсия олувчиларга бир марталик моддий ёрдам тайинлангани ҳақида смс хабар боради. Дейлик, 200 минг сўмдан 4 нафар боласига жами 800 минг сўмдан бир марталик ёрдам пули тайинланди, деган смс боради. Бундан ташқари, 70 фоиз аҳолида пластик карта борлиги ҳақида айтдим, бу томондан уларда муаммо йўқ, тўлиқ тушириб берилади. Лекин нақд олувчиларга пул тарқатилаётганда қанақадир сабаб билан, масалан уйда бўлмаган ҳолатларда Халқ банки томонидан кейинги ойда тўлаб берилиши мумкин. Бундан ташқари, пул тарқатишга Халқ банки ва сектор раҳбари масъул, аммо орқасида молия, ғазна ва назорат-тафтиш бошқармаларидан назорат гуруҳлари шакллантирилади. Улар одамлардан танланма усулда  сўраб чиқади: олиндими, олинмадими? Мисол учун, 600 минг сўм берилиши керак бўлса, шунча берилдими ёки камроқми. 2021 йилда бунақа ҳолатлар аниқланмади, бу сафар ҳам ҳаммага сўм-сўмигача жойига етказиб берилади.

— Нима учун ёрдам пули вилоятларга 300 минг, Тошкентга 400 минг сўм деган маънода эътирозлар бўлди, шунга ҳам изоҳ берсангиз?

— Нарх ўсиши доим ўрганиб борилади. Мисол учун, биласиз, қаерда қанақа маҳсулотлар кўпроқ истеъмол қилинади. Шундан келиб чиқиб нархлар Тошкент шаҳрида энг юқори бўлади. Нарх ўзгариши ҳам биринчи Тошкент шаҳрига таъсир қилади. Ҳозир бизда ғалла нархини эркинлаштириш масаласи турибди. Мана шу жиҳатдан ҳам энг катта таъсир Тошкент шаҳрига бўлиши мумкин. Шу маънода пойтахтга кўпроқ пул ажратиляпти.

— Бир марталик тўловларни тўлаш учун 2,2 трлн сўм маблағ бюджетдан ажратиляпти. Адашмасам, бу йил бошида бюджет харажатларига киритилмаганди. Бу харажатлар қандай қопланади?

— Тўғри савол. Жорий йилда 6 ой давомида қўшимча давлат бюджетига режалаштирилгандан кўра кўпроқ тушумлар амалга оширилиши кутилмоқда. Бу харажатлар шу тушумлар ҳисобига қопланиши кўзда тутилган. 600 млрд сўм Пенсия жамғармасининг ортган маблағлари ҳисобидан, қолган 1 трлн 600 минг сўм бу республика бюджетига қўшимча даромадлар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, айрим харажатларни кейинги йилга ўтказиш, самарасиз харажатларни оптималлаштириш ёки кейинга суриш борасида ҳам ишлаяпмиз. Бунинг натижасида давлат бюджетини йил бошидан ўйланган мақсад – параметрларда ушлаб қоламиз.

Мадина Очилова, Kun.uz мухбири
Оператор ва монтаж устаси — Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид