Ўзбекистон | 18:41 / 19.08.2018
19036
3 дақиқада ўқилади

Тошни тешган томчилар: Бу дунёда абадий нарсанинг ўзи йўқ

Доим эсингда бўлсин, ҳеч нарса абадий эмас, шу жумладан мусибатларинг ҳам.

Оллоҳ таоло ўз бандаларини севади. Бизларни бахтиёр ҳаёт кечиришимизни истайди. Шунинг учун ҳам бизларга бу дунёда саноқли умрни берди. Асосий умримизни, балки абадий умримизни Охират диёрида ўтказишимизни хоҳлади. Дунёдадан эрта кетганларга ачинманг. Оллоҳ уларни тезроқ абадий ҳаётга ўтишларини истади. Уларга Ўз жамолини кўрсатишга ошиқди. Бу нақадар буюк бахт! Бас, дунё ҳаёти қисқа экан, ундаги нарсалар – мусибатлар, қувончлар абадий деган кишини ақлли инсон дейиш мумкинми? 

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қисқа дунёнинг мусибатлари ҳам қисқа эканига қарамасдан Оллоҳ таоло мусибатни енгиллаштирувчи, балки уни ортга қайтарувчи ҳимоя воситаларини ҳам бериб қўйди. Улар сабр ва дуодир. Мусибат, ғам-ташвишлар сабрни, иймонни ёқтирмайди. Мусибатлар ушбу хислатларга эга зотларга яқин йўламайди. Яқин йўласа-да, эркин бўла олмайди, натижада чекинишга мажбур бўлади. Ана шундай буюк ҳимояни берган Оллоҳга ҳамдлар бўлсин! 

Инсон энг бақувват жонзотдир. У елкаларида гуноҳ деган юкни кўтаради. Бу юк хоҳласа-хоҳламаса, кундан-кун кўпаяверади. Буни сиз сезмайсиз, мен сезмайман, аммо Холиқ кўриб туради. Юкни кўтара олмайдиган даражага келганимизда, азбаройи, бизларга раҳми келганидан юкни енгиллатишимизни истайди. Қалбимизга дуо қилишни, сабрли бўлиш истагани жойлайди. Ҳар бир қилган дуоларимиз, сабримиз гуноҳлардан иборат юкларимизни камайтираверади. Гуноҳларимиз камаяди, мусибатлар кетади ва ҳеч қанча вақт ўтмай янги гуноҳларни ўйлаб топамиз. Ҳатто гуноҳсиз нафас олмай қўямиз. Оллоҳ буни ҳам кўради ва бизларга гуноҳ юкидан халос бўлиш имконини қайтадан бераверади. Мусибат келганда сабрсизлик қилаверишимиз Яратганимиз берган имконга эга бўлолмаётганимизни англатади. Имконни қўлдан чиқараверганларга эса аста-секин имкон берилмай қўйилади. Бу улкан йўқотишдир. 
Мусибат ўзлигимизни англашимиз учун яхши имкониятдир. Уни қадрланг. Зеро, мусибат абадий эмасдир.

Заҳириддин Мансур

Тайёрлаган:  Зафар Солижонов