23 январдан барча таълим муассасаларида дарслар бошланади
23 январ, душанба кунидан Ўзбекистондаги барча ҳудудлардаги барча бўғиндаги таълим муассасаларида (боғча, мактаб, академик лицей, профессионал ва олий таълим муассасалари) ўқув машғулотлари тикланади.
Шу тариқа, совуқ кунлар муносабати билан узайтирилган қишки таътил муддати тугамоқда.
Мактабларда иккинчи чорак таътили одатдаги каби 10 январга қадар давом этиб, 11 январдан учинчи чорак бошланиши режалаштирилганди. Аммо 5 январ куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетиши муносабати билан қишки таътил кунлари узайтирилиб, дарслар 18 январдан бошланишини эълон қилди. Бу мактабгача таълим муассасаларига ҳам тааллуқли эди.
10 январ куни эса вилоятлар ҳокимликлари дарслар 11 январдан бошланишини эълон қила бошлади, фақат Фарғона вилояти ҳокимлигида дарслар бошланиш санаси ўзгартирилмади. Вазирлик эса қишки таътил даврини узайтириш ваколати ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда маҳаллий ҳокимликларга берилганини маълум қилди.
11 январ куни ҳудудларда мактабларга деярли ҳеч ким келмади (бу вақтда ҳаво ҳарорати -15 даража совуқ атрофида эди), натижада ҳокимликлар қишки таътилни аввалига яна бир неча кунга, кейин эса 23 январга қадар узайтиришга мажбур бўлди.
Бу орада мактабларда ҳам, олий таълим муассасаларида ҳам дарслар февралга қадар онлайн тарзда давом эттирилиши ҳақида хабарлар тарқалди, аммо вазирликлар бу маълумотни рад этишди.
Мавзуга оид
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
13:28 / 10.12.2024
Uzbekistan Airways талабалар учун чипталарга чегирма эълон қилди
22:22 / 18.04.2023
Аномал совуқ боғларни зарарлади. Бу мева нархига қандай таъсир қилади?
18:53 / 18.04.2023