Жамият | 16:28 / 07.10.2020
17495
8 дақиқада ўқилади

Наманганда Давлат хизматлари марказини қуриб берган тадбиркор сарсон. Ҳокимлик битим шартларини бажармаяпти

Водий вилоятларига сафаримизда Чортоқ туманидан тушган мурожаатни ҳам ўрганишга қарор қилдик. Тадбиркор давлат-хусусий шерикчилик келишуви асосида Давлат хизматлари маркази биносини қуриб бергани, бироқ туман ҳокимлиги шартномадаги шартларни бажармаётганини таъкидлаган эди.

Хўш, тадбиркорни нима қийнаяпти, нима учун ҳокимлик шартнома шартларини бажармаяпти? Шу каби саволлар билан даставвал тадбиркорга юзландик.

«2018 йил сентябрда хусусий мактаб очиш учун ҳаракат қилиб турган эдик. Шунда Чортоқ туман ҳокимлиги Давлат хизматлари маркази биносини ўз ҳисобимиздан қуриб бериш эвазига хусусий мактаб учун бино бериш таклифини билдирди.

2019 йил мартида шартнома шартлари келишилди ва биз ДХМ биносини қуришни бошлаб юбордик. Шу ўринда қайд этиб ўтишим керак, марказ лойиҳасини ҳам 3 марта ўзгартиришди. Энди ишни бошлаймиз деганда, ўзгартирадиган бўлиб қолишади», – дейди тадбиркор.

Шу ўринда бир жиҳатга ойдинлик киритиб ўтиш даркор. Лойиҳани ўзгартириш бўйича ҳеч қандай ёзма хабарнома мавжуд эмас, балки туманнинг аввалги ҳокимининг оғзаки буйруғи асосида Давлат хизматлари маркази лойиҳаси ўзгартирилган. Лойиҳаларнинг ўзгаришига бино учун ажратилган ер майдони қарордагидан фарқ қилгани асос бўлган.

Шунга кўра, марказнинг ҳозирги биноси учинчи лойиҳага биноан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бироқ, 2020 йил сентябрь ойи бўлса-да, 2019 йил 10 март куни Наманган вилояти ҳокимлиги (буюртмачи) ҳамда «Chorsayyoh yuksalish» МЧЖ (инвестор) ўртасида имзоланган шартноманинг буюртмачи зиммасидаги шартлари бажарилмай келмоқда.

Аҳамиятлиси, шартномани ўша вақтдаги вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровнинг шахсан ўзи имзолаганидир.

Шартнома бўйича қуриб битказилди, халқ ундан фойдаланмоқда, аммо тадбиркор-чи? У қилган харажати, вақтига куйиб қолаверадими?

«Биз туман ҳокимлигига ҳам, вилоят ҳокимлигига ҳам мурожаатлар қилдик. Бу соҳага дахлдор бўлмаган мутасаддилар келиб ишни ўрганиб кетади. Масала эса, ҳал бўлмайди. Вилоят ҳокимининг ўзига турли ижтимоий тармоқлар орқали муаммо ҳақида хабар бердик. Жавоб келади, аммо натижа йўқ.

Ҳозирда, биринчи, иккинчи синф ўқувчиларимизни ижарага олган биномизда ўқитишга мажбур бўляпмиз. Октябрь ойидан бошлаб барча синфларга ўқувчиларни қабул қилишимиз режалаштирилган, лекин на бино бор, на қилган харажатларимизни тўлаб беришди. Бунинг оқибатида биз режамизни амалга ошира олмаяпмиз», – дея ёзғиради МЧЖ раҳбари Азизбек Йўлдошев.

Тадбиркорнинг айтишича, у Чортоқ тумани марказида 1-11 синфларни ўзбек ва рус тилларида таълим бериш билан қамраб олувчи хусусий мактаб очишни режалаштирган. Шартнома шарти бажарилмай қолгани ва маблағлар ДХМ биносини қуришга сарфлангани боис, режаларни амалга ошириш имконсиз бўлиб қолмоқда.

«Шартнома шартида Истиқлол кўчасидан 6 сотих ер беришлари керак эди. Бундан ташқари, 5-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг биноси ва спорт залини, абитуриентлар тайёрлаш маркази учун 30 сотих жойни тақдим этишлари керак эди.

Шартнома шартида 5-ДИМИнинг фойдаланилмаётган биноси, деб кетилгани, ҳозирда бу мактабнинг фойдаланилмаётган биноси йўқлиги важи билан шартлар бажарилмай келинмоқда. Коллежлар тугатилгач, 5-ДИМИ коллежлардан бирига кўчиши керак эди, лекин кўчмади. Бизга ҳам тақдим этилмади. Масала ҳал бўлмайдиган бўлса, биз судга мурожаат қилишга мажбур бўламиз», – дейди тадбиркор.

Ҳокимлик муаммо ечими учун қандай таклифлар билдирди?

«Вилоят ҳокимлиги бизга бир неча таклиф билдирди. Бугунги кунда касб-ҳунар мактаби деб юритилаётган муассасанинг Мономаркази ва IT-марказини беришларини айтишди. Бироқ, орадан бир кун ўтиб, коллежлар бошқармаси унинг 4-қаватини уч томонлама шартнома асосида ижарага тақдим эта олишларини билдирди. Бундан келиб чиқадики, биз ҳам бино қуриб берарканмиз, ҳам ундан ижара асосида фойдаланар эканмиз?! Бу тадбиркорни қийнаш бўлса керак? Унда биз ҳам қуриб берган биномизни давлатга ижарага берайлик?!», – дейди тадбиркор.

Ҳокимликнинг иккинчи таклифи – қурилиш смета ҳужжатлари тақдим этилса, тадбиркор қилган харажатларни қоплаб беришдан иборат бўлган. Аммо, ҳокимлик бино 2019 йилда қурилгани учун ўша йилдаги нархлар бўйича ҳисоб-китоб қилинишини айтган.

«Биз тадбиркормиз, тадбиркор ҳар доим фойдасини ўйлайди. Орадан бир йил ўтди, биз бино қуришга сарфлаган маблағимизни бир йил айлантиролмадик. Қолаверса, бизга бино берилмагани учун бошқа жойда ижара пули тўлашга мажбур бўляпмиз», – дея таъкидлайди Йўлдошев.

2019 йил 10 март куни Наманган шаҳрида имзоланган шартноманинг 1.2-бандида «Инвесторга ... ҳудуддаги 5-сонли Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатидаги фойдаланилмаётган спорт зали ва ўқув корпусини давлат-хусусий шерикчилиги асосида 30 йиллик муддатли фойдаланишга ва 0,3 гектар ер участкасини хусусий инновацион ўқув маркази қурилиши учун берилиши таъминланади. «Инвестор» мазкур ер участкасида қурилган объектларда тадбиркорлик фаолияти олиб бориб, хусусий мактаб ҳамда инновацион ўқув маркази мақсадида фойдаланади», – деб қайд этилган. Муаммо айни шу банд шартларининг буюртмачи томонидан бажарилмаётгани сабабли келиб чиқмоқда.

Ҳоким ўринбосари нима дейди?

Чортоқ тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Санжар Мирзабоевдан шартноманинг ҳокимлик зиммасидаги мажбуриятлар нима учун бажарилмаётгани сабабларини сўрадик.

«2018 йил ноябрь ойида «Chorsayyoh yuksalish» МЧЖга ДХШ асосида Давлат хизматлари марказини қуриш бўйича туман ҳокимининг қарори чиқариб берилган. Қарорда 4 қаватли бино қурилиши белгиланган бўлиб, унинг биринчи қаватида Давлат хизматлари маркази жойлашиши, қолган 3 қаватида МЧЖнинг хусусий мактаби фаолияти йўлга қўйилиши керак эди.

Аммо, 4 қаватли эмас, 2 қаватли бино лойиҳаси тайёрланиб, ушбу лойиҳа асосида 2 қаватли бино қурилди ва 2020 йил май ойида фойдаланишга топширилиб, бинода аҳолига хизмат кўрсатиш бошланди», – дейди ҳоким ўринбосари.

Чортоқ тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Санжар Мирзабоев

Санжар Мирзабоев, туман ҳокимлиги томонидан «Chorsayyoh yuksalish» МЧЖга фаолиятини давом эттириши учун бир неча таклифлар билдирилганини ҳам эътироф этди. Бироқ, 1-сонли ҳунар-техника билим юрти биносининг 4-қаватини уч томонлама ижара шартнома асосида бериш тавсия этилганини, очиғи, тадбиркор сингари биз ҳам тушунмадик.

«Тадбиркор туманда ташкил этилган IT-парк ва Мономарказ фаолиятини йўлга қўйиш таклифини ҳам рад этди. Коллежлар оптималлаштирилгач, коллеж биносига кўчган мактаб биносини тақдим этдик, уни ҳам рад этди.

Эндиликда, «Chorsayyoh yuksalish» МЧЖ Давлат хизматлари маркази биносини қуриш учун сарфлаган маблағига доир лойиҳа-смета ҳужжатлари тақдим этган. Вилоят ҳокимлиги билан келишган ҳолда сарфланган харажатлар октябрь ойида тўлаб берилиши тушунтирилган», – дейди Чортоқ тумани ҳокими ўринбосари.

Қайд этиш ўринлики, тадбиркор хусусий мактаб фаолиятини туман марказида ташкил этишни режалаштирган бўлса-да, унга марказдан 15-16 км узоқликдаги мактаб биноси таклиф этилган. Албатта, бундай таклифни ҳар қандай тадбиркор қабул қилмаслиги табиий.

Хуллас, муаммо бор, уни ҳал этиш эса пайсалга солиб келинмоқда. Гарчи, туман ҳокимлиги тадбиркор харажатларини тўлаб беришини айтаётган бўлса-да, у ҳозирча амалга ошгани йўқ. Қолаверса, тадбиркорнинг хусусий мактаб очишдек эзгу режасини татбиқ этиш учун туман мутасаддиларининг жиддий ёрдами талаб этилади.

Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид