Жамият | 10:23 / 14.09.2024
5447
3 дақиқада ўқилади

Чортоқда 14 ёшли боланинг умрига зомин бўлган Malibu ҳайдовчиси 4 йилга қамалди

Танишининг машинасини ҳужжатларсиз бошқариб, ёш болани уриб кетган ҳайдовчи тергов ва суднинг дастлабки эшитув даврида очиқда қолган эди. Kun.uz танқидидан сўнг эҳтиёт чораси қамоққа ўзгартирилган, ҳали суд якунига етмай туриб эгасига бериб юборилган Malibu эса жарима майдончасига қайтарилганди.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ёш боланинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда ушбу суд мажлисида қатнашган Kun.uz мухбири хабар берди.

ЙТҲ 2024 йилнинг 16 июн куни содир бўлган. Велосипедида бувасининг уйидан қайтаётган, эндигина 14 ёшни қоралаган Иброҳимжонни Malibu уриб юборади. Зарба кучидан бола омон қолмаган: суд-тиббий экспертизаси хулосасида Иброҳимжоннинг “бош мия очиқ жароҳати, калла гумбаз ва асос суяклари синиши, бош мия лат ейиши ва бош мияга қон қуйилиши, танадаги шилинган шароҳатлар, посттравматик шок, ўпка ва мия шиши”дан вафот этгани ёзилган.

Ҳодисани содир этган ҳайдовчи А.Д. савдодаги шеригининг давлат рақами 50 J 249 TA бўлган Malibu’сини тегишли ҳужжатларсиз бошқариб кетаётган бўлган. Ҳайдовчи ва унинг машина ичида бўлган ҳамроҳи “45-50 км/с тезликда келаётгани, бола велосипедни тўсатдан йўлнинг автомобил қатнов қисмига буриб юборган”ини айтган.

Боланинг онаси ҳодиса тергов ҳужжатларида келтирилганидан бошқача бўлганини айтган.

Ўша куни ҳодиса юз берган ондаёқ ўғлим 3-даражали оғир комага тушиб қолган. Кўп қон йўқотди, авариядан 2 соат ўтмай касалхонада вафот этди. У йўл четида кетаётган бўлган, Malibu 130 км/с тезликда ҳаракатланиб келган. Олдидаги Damas’ни қувиб ўтаман деб, велосипедда кетаётган боламни уриб юборган”, деган у.

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг ҳукми билан ҳайдовчи А.Д. Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми, яъни одам ўлишига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати қоидаларини бузиш жиноятини содир қилишда айбли деб топилган. Унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тергов ва суднинг дастлабки эшитув даврида ҳайдовчи А.Д. очиқда қолаётганди. Ҳодисадан сўнг жарима майдонига қўйилган Malibu машинаси ҳам номаълум сабабларга кўра суд тугамай туриб эгасига қайтариб берилган. Бироқ Kun.uz суриштирувидан сўнг эҳтиёт чораси қамоққа ўзгартирилган ва Malibu жарима майдончасига қайтарилганди.

Мавзуга оид