Жаҳон | 14:36 / 31.05.2024
8213
9 дақиқада ўқилади

Туркия парламентининг Исроилга қарши резолюцияси, Украинага берилаётган F-16 лар ва Ҳиндистондаги жазирама — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда танишинг.

Ғазодаги вазият

Туркия парламенти Исроилнинг Рафаҳ шаҳрига ҳужумларини қораловчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатда айтилишича, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу бошчилигида халқаро судларнинг барча қарорларини эътиборсиз қолдирмоқда ва Ғазодаги тинч аҳоли масканларига ҳужум беришда давом этмоқда.

БМТ Халқаро судининг ҳарбий операцияларни тўхтатиш тўғрисидаги қарорига терс ўлароқ, сионистларнинг шафқатсизлиги бутун дунё кўз ўнгида борган сари ортиб бормоқда, дейилади резолюцияда.

ҲАМАС ҳаракати урушни тугатиш шарти билан гаровда ушлаб турилганларни алмаштиришга тайёрлигини воситачилар орқали маълум қилди.

Шунингдек, ҲАМАС ва Фаластиннинг бошқа қаршилик кучлари ҳеч қачон Фаластин халқига нисбатан агрессия, қотиллик, қамал, очлик ва геноцид қаноти остида музокараларга киришмаслиги, улар бу зулм сиёсатининг бир қисми бўлишни истамаслигини маълум қилган.

Словения ҳукумати ҳам Фаластин давлатини тан олди. Бу ҳаракати билан Европа давлати бир неча кун илгари бу ишни расмий тарзда амалга оширган Испания, Ирландия ва Норвегияга қўшилишга қарор қилган.

Мамлакат ҳукумати биноси олдида Фаластин байроғи кўтарилган. Словения вазирлар маҳкамаси раиси Роберт Голоб парламентни ҳукуматни қўллаб-қувватлашга чақирган. Депутатлар бу масалани келгуси ҳафтадаёқ муҳокама қилиши мумкин. Голобнинг либерал ҳукмрон партияси парламентда кўпчилик овозга эга ва овоз бериш жараёни шунчаки формаллик бўлиши кутилмоқда.

ЦАҲАЛнинг Рафаҳдаги қочқинларнинг чодирли лагерга зарбаларини шарҳлар экан, Оқ уй хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби АҚШ ҳам Ироқ ва Афғонистонда тинч аҳолига нисбатан шундай хатоларга йўл қўйганини айтиб, Исроил тарафини олди.

«Биз Ироқ ва Афғонистон каби давлатларда авиазарбалар бериб тинч аҳоли ўртасида қурбонларга йўл қўйганмиз. Буларни тан олганмиз, суриштирувлар ўтказганмиз ва бундан сабоқ чиқаришга ҳаракат қилганмиз», — деган Кирби.

Кирби шунингдек, Исроил юқори аниқликдаги бомбалардан фойдаланганини қайд этган. Исроил ҳарбийларидан олинган маълумотларга кўра, лагерларда «атайлаб уюштирилмаган иккиламчи портлашлар» Рафаҳга кўчирилган тинч аҳоли ўртасида қурбонлар келиб чиқишига сабаб бўлган.

Украинанинг зарбалари

АҚШ Украинанинг Россия ҳудудидаги ядровий ҳужумдан огоҳлантириш тизимлари радарларига берилган зарбалардан ташвишини билдирди.

Аввалроқ Воронеждаги ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ғарб томонидан ядровий учиришлардан огоҳлантирувчи радиолокацион станцияга Украина дронлар воситасида ҳужум қилганди.

The Washington Post нашрига кўра, америкалик мулозимлар Киевга ўз ташвишини билдирган.

«Бу объектлар Россиянинг Украинадаги урушини қўллашда ишлатилмаяпти, бироқ улар жуда қаттиқ таъсир қиладиган жойлар ҳисобланади. Чунки Россия ўзининг стратегик тийиб турувчи кучлари ҳам нишонга айланмоқда, деб ҳисоблаши мумкин», — деган америкалик мулозим.

Унинг қайд этишича, Москва учун АҚШ Россияга қарши ядровий қуролдан фойдаланмаслиги кундек равшан бўлиши керак, бироқ Россия ҳукумати ракета хавфидан эрта огоҳлантириш тизимларига бу ҳужумларни унинг ядровий тийиб туриш имкониятига зарба ўлароқ қабул қилиши мумкин.

Бироқ Киевдагилар Россия ушбу станциялар ёрдамида Украинанинг дронлари ва ракеталарини кузатиб келгани, уларга берилган зарба Украина бош разведка бошқармасининг иши эканини таъкидлашган.

Украина бош разведка бошқармасининг АҚШ эътирози сабаб бўлмаган сўнгги ҳужумларидан бири Қора денгизда амалга оширилди. Денгиз дронлари ёрдамида Россиянинг бир эмас тўртта КС-701 «Тунец» транспорт десант катерларига ҳужум қилинган. Улардан иккитаси йўқ қилинган. Қайд этиш керакки, Россия кучлари дронларга қарши вертолётларни ишга солганига қарамасдан, ҳужум муваффақиятли амалга оширилган.

Шунингдек, Украина қуролли кучлари ATACMS ракеталари билан Керч паром бандаргоҳига ҳужум қилган. Ҳарбий техникаларни ташишда ишлатиладиган йирик паромлардан иккитасига ҳужум қилиниб, улардан бири чўктирилган.

Украинага ҳарбий ёрдам

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украинага ҳар йили қурол-яроғлар учун 40 млрд евро ажратишни таклиф қилмоқчи. Бунинг учун алянс қошида махсус жамғарма ҳам ташкил этилиши мумкин, деб хабар беради Reuters НАТОдаги манбаларига таяниб.

Столтенбергнинг таклифи бугун бўлиб ўтадиган НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашувида муҳокама қилинади.

«Биз Украина муҳтож бўлган олдиндан кўра билиш вазиятни қанча керак бўлса шунча таъминлаш учун қўллаб-қувватлашнинг ҳозирги даражасини минимум сифатида ушлаб туришимиз керак», – деган манба.

У Россиянинг кенг кўламли босқинидан буён алянс аъзолари Украинага йилига 40 млрд евродан ажратиб келаётганини маълум қилган.

Франция яқин орада Украинага ҳарбий инструкторларни юборади, деб хабар қилади Reuters. Инструкторлар ҳарбий техника, жумладан, Ғарб самолётларини сақлаш учун масъул бўлган жанговар муҳандислар ва техник ходимларни тайёрлайди.

Нашр манбаларига кўра, Франция Украинага ҳарбий мутахассисларни юборадиган давлатлар коалициясини тузишга ва унга раҳбарлик қилишга интилмоқда. Ҳаттоки айрим иттифоқчиларнинг бу қарор Россия билан тўғридан-тўғри можарога олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларига қарамай.

АҚШ президенти Жо Байден эса Украинага Америка қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга махфий рухсат берган. Ягона шарт: зарбалар фақат чегара яқинидаги объектларга берилиши керак, деб ёзади Politico нашри.

«Президент яқинда ўз командасига Украина Америка қуролларидан Харкив яқинидаги Россия объектларига зарба беришини таъминлашни буюрган. Бунга сабаб қилиб Украина зарбалар бераётган ёки зарба беришга тайёрланаётган Россия кучларига етарли жавоб қайтара олиши кераклиги кўрсатилган.

Бироқ Оқ уйнинг Россия ичкарисидаги узоқ масофааларга зарба бериш бўйича сиёсати ўзгармасдан турибди.

Дания ўзи берадиган F-16 қирувчи самолётлар билан Украинага Россия ҳудудига зарба беришга рухсат этди.

F-16 қирувчи самолётлари масаласида. Умуман, Украинага зарур бўлган 120-130 та самолётдан ҳозирча 95 таси берилишга тайёр бўлиб турибди. Уларнинг 30 тасини Белгия, 22 тасини Норвегия, 19 тасини Дания, 24 тасини Нидерландия етказиб беради.

Ғарб давлатлари ичида Италия Украинага берилган ўз қуролларидан Россия ичкарисига ҳужум қилишни тақиқлаб турибди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Антонио Таяни яна бир бор таъкидлаган.

«Биз Украинага жанг қилиш учун бирорта италян аскарини жўнатмаймиз ва биз жўнатаётган қурол-яроғлар Украина чегарасидан ташқарида ишлатилишини истамаймиз. Италиядан жўнатилаётган барча қурол-яроғлар Украинанинг ичида ишлатилиши керак», — деган Таяни.

Эрондаги навбатдан ташқари сайлов

Эронда президентлик сайлови учун номзодларни рўйхатга олиш бошланди. Номзодларни рўйхатга олиш жараёни атиги беш кун давом этади.

Эронда 28 июнга белгиланган муддатидан олдин президентлик сайловида иштирок этиш учун номзодларни рўйхатга олиш бошланди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги раҳбари Аҳмад Воҳидий хабар берди.

«Эрон тарихида бурилиш нуқтаси бўлган мана шундай оғир шароитларда ва шу қадар катта йўқотишларга қарамай, инқилоб етакчиси (оятуллоҳ Али Хоманаий) ва Конституция бошчилигидаги давлат бошқарувида ҳеч қандай инқироз бўлмади», — деди Воҳидий.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг қайд этишича, номзодларни рўйхатга олиш 5 кун давом этади. Кейин Эрон Конституциясини муҳофаза этиш кенгаши 7 кун ичида рўйхатга олинган ҳар бир шахснинг зарур талабларга мувофиқлигини кўриб чиқади. Келгусида президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига 14 кун вақт ажратилади.

Сайловда иштирок этишни хоҳловчилар шахсан Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Эроннинг аввалги президенти Иброҳим Раисий ва ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён 19 май куни вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган эди.

Ҳиндистондаги жазирама

Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳридаги жазирама сўнгги 80 йил ичидаги энг кучлиси деб топилган, бироқ бу масала баҳсли бўлиб турибди.

Ҳиндистон метеоролигик департаменти чоршанба кунги жазирамада Мангешпурдаги ҳарорат ўлчагич Целсий шкаласи бўйича 52,9 даражага кўтарилганини қайд этган. Бироқ тез орада идора янги баёнот билан чиққан ва бу маълумотлар яхшилаб қайта текширувдан ўтказишга муҳтож эканлигини таъкидлаган.

Ер тўғрисидаги фанлар вазири Кирен Рижижу Деҳли учун бундай ҳароратлар кам эҳтимолли эканини айтиб, рекордни шубҳа остига олган. Метеорологлар Мангешпурдаги ва пойтахтдаги бошқа шундай об-ҳавони кузатувчи автоматик станцияларнинг ишини текширувдан ўтказа бошлашган.

Лекин шунга қарамасдан, Ҳиндистон пойтахтидаги жазирама туфайли қуёш уриш ҳоллари кўпайгани, кўчаларда одамлар ҳушидан кетиб қолаётгани мисли кўрилмаган иссиқлик рўй бераётганидан далолат беради.

Мавзуга оид