12:26 / 25.04.2021
18796

Лотин ёзуви бўйича қонун лойиҳаси муҳокамаси муддати узайтирилади. Бунга олимлар ўртасидаги зиддият сабабми?

2021 йилнинг 16 март куни «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди.

Унга кўра, алифбода мавжуд ҳарф бирикмалари: «sh» ва «ch», шунингдек, «o‘» ва «g‘» ҳарфларини диактрик белгисиз ҳарфлар билан алмаштириш таклиф этилди.

31 март куни эса алифбо муҳокамаси бўйича белгиланган сўнгги муддат якунланди. Бу бўйича қонун лойиҳалари муҳокамаси сайти – regulation.uz’да кўплаб таклифлар билдирилди, муҳокама қилинди. Масалан, билдирилган изоҳлар статистикасига қаралса, фойдаланувчилар томонидан мингдан ортиқ изоҳ ёзилганини кўриш мумкин. Аниқроғи, 1035та изоҳ.

Хўш, бу маълумотларни нега эслатяпмиз? Бир қараганда ҳаммаси жойида ва муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси ҳеч бир муаммосиз парламентга кириши керакдек эди. Аммо бир неча кун аввал Kun.uz’га етиб келган бир маълумотга кўра, қонун лойиҳаси муҳокамаси яна охири ноаниқ муддатгача чўзилган.

Манбага кўра, шу соҳадаги бир олимнинг «шошилмаслик кераклиги» ҳақидаги юқори бир идорага ёки мансабдор шахсга ёзган хати бунга сабаб бўлган.

Қўшимча қилинишича, Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан тақдим этилган алифбо лойиҳаси тасдиқдан ўтиб кетаётгани ва бу ўша олимнинг таклифларига мос келмагани учун муддатни имкон қадар чўздиришга ҳаракат қиляпти. Бу чўзилган муддатда эса алифбога яна янгиликлар киритиш мумкин. Масалан, яна қўшимча ҳарфлар ёки янги унли ҳарфлар.

Муҳокама жараёнларидан хабардор манбанинг бу маълумотини текшириш асносида биз журналист Шуҳрат Шокиржонов ўз телеграм-каналида эълон қилган қуйидаги постига ҳам дуч келдик:

«Хуллас, яна бир авлод кутамиз…» сарлавҳали ушбу постда қисқача айтганда, лотин алифбосини такомиллаштириш масаласига яна вергул қўйилгани баён қилинади.

«Бу бўйича муҳокамаларни йил охиригача чўзиш бўйича топшириқ берилибди. «Нега?» — деб ҳайрон бўларсиз. Катта жузъий сабаб йўқ. Сабаби ўша — ўзбекнинг азалий ва машҳур чўпчаси», деб ёзади журналист.

Шуҳрат Шокиржонов

(Постни унинг айрим қисмларида ҳис-ҳаяжонга берилиш ҳолатлари бўлгани учун ҳам тўла келтиришни лозим топмадик.)

Биз таҳририятимизга етиб келган ва журналистнинг постида ёзилган фикрларга аниқлик киритиш мақсадида бир-биридан мустақил ва воқеалар боришидан хабардор яна икки манбадан изоҳ олишга муваффақ бўлдик.

Исми сир қолишини қатъий илтимос қилиб, гапирган манбаларга кўра, юқоридаги фикрлар ҳақиқатдан йироқ эмас. Яъни алифбо муҳокамаси яна ноаниқ муддатга чўзилиши айнан бир олимнинг юқори идорага ёки амалдорга ёзган хати асосида қилинган иш.

Биз ёзув ислоҳи бўйича ишчи гуруҳ аъзолари: соҳа олимлари Низомиддин Маҳмудов ва Шуҳрат Сирожиддинов ҳамда Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев билан интервью уюштирдик.

Интервью давомида улардан бутун бир халқ масаласининг кечикишига нима ёки ким сабабчи бўлаётгани ҳақида сўрадик.

«Ҳар ҳолда ҳар қандай иш янаям пухта, мукаммал бўлгани, у ёки бу ўринли таклиф бўлса, янги алифбода акс этгани яхши», – дейди Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов муҳокама муддати чўзилишини изоҳларкан.

Низомиддин Маҳмудов

Унинг қўшимча қилишича, муҳокама яна бир муддатга чўзилишига олимлар ўртасидаги келишмовчилик сабаб эмас.

«Бу келишмовчилик эмас, балки муайян фикрларни умумлаштиришда бирор фикрни четда қолдирмаслик», – таъкидлайди олим.

Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддиновга кўра, Ўзбекистон 2023 йилдан бошлаб тўлиқ лотин ёзувига ўтар экан, бунда янги алифбо масаласи ҳам ҳал қилиб олиниши керак.

Шуҳрат Сирожиддинов

«Алифбо бўйича муҳокамалар ҳеч бўлмаса, 3–4 ёки 5–6 ой бўлиши керак деб ҳисоблайман.

Чунки ҳали кимдир иккиланиб турибди. Зарурми-йўқми деб. Ўша инсон «янги алифбо зарур экан, тўғри экан», дегунча биз тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак. Тушунтириш эса албатта муҳокама йўли билан бўлади.

Майли, у фикрини айтсин, биз фикримизни айтайлик. Биз шу тўртта ҳарф ўзгариши тарафдоримиз («sh» ва «ch», ҳамда «o‘» ва «g‘» ҳарфлари назарда тутилмоқда – таҳр). Биз янги ёзув ҳаммага маъқул келиши ва унга бошқа қайтиб келинмаслиги тарафдоримиз», – дейди ректор.

Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоевга кўра ҳам ёзув бўйича муҳокамалар муддати чўзилишини олимларнинг ўзаро келишмовчилигига боғлаш шунчаки миш-миш.

«Биз лотин ёзувига ўзгартишлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйган эдик. Бу муддат яна чўзилаётгани бир-иккита олимга боғланиши – миш-миш. Бунга эътибор қилмаслик керак. Буни бир ёки иккита олим ҳал қилмайди.

Ўртада жуда катта ва нуфузли ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ буни тайёрлади ва умумхалқ муҳокамасига қўйди. Муҳокамалар жараёнида халқимизнинг маълум бир қисми, зиёлилар шу тўртта ҳарф ҳақиқатда қўшилиши керак деган фикрга келаётган бўлса, яна айримлар бунга зарурат йўқ деган фикрни билдирди. Улар буни маблағга боғлашяпти.

Биз энди олимлар ва зиёлилар билан келишдикки, бу шошма-шошарлик билан қилинадиган иш эмас. Шунинг учун бу ҳарфлар бўйича умумхалқ муҳокамасини яна давом эттирайлик. Бунинг муддатини чўзайлик деган фикрга келдик. Бу ерда 35 млнлик халқ тўғрисида гап кетяпти. Миш-мишларга эса эътибор бермаслик керак», – дейди мудир.

Абдуғаффор Қирғизбоев

Кўрганингиздек, суҳбатдошларимиз бизга етиб келган маълумотларни рад этмоқда. Аниқроғи, бунга олимларнинг ўзаро манфаатлар тортишуви сабаб эмас дейишди. Лекин ёзув бўйича муҳокама ноаниқ муддатга кечикканини улар ҳам тасдиқлашди.

Масаланинг айнан шу қисмига келганда пайдо бўлаётган қатор саволлар юзасидан масъул идоралардан жавоблар кутиб қоламиз.

Хўш, қонун лойиҳаси бўйича қатъий белгиланган муддат яна чўзилиши, ортга сурилиши мумкинми ўзи? Бунинг учун ким ваколатли бўлади? Олдиндан қандайдир огоҳлантиришлар бўлиши керак эмасми? Бир кишининг хати бутун халқ масаласининг ортга сурилиши учун асос бўла оладими?

Айтганча, гарчи суҳбатдошларимиз рад этишаётган бўлса-да, ёзув масаласида муддат кечиккани аниқ.

Шу ўринда, биз алифбо ислоҳотига масъул олимларимизни яна бир бор бирдамликка, жипсликка чақирмоқчимиз. Зеро, миллат, халқ масаласи ўртага чиққанда, қолганлари аҳамиятини йўқотиши керак.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишни таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган. Мақсад ҳам аниқ – тезроқ лотин ёзувига ўтиш.

Зиёлиларимиз зиммасида халқни шу мақсадга бурилмасдан, оғишмасдан, қандайдир манфаатларни четга суриб, энг қулай алифбо билан бошлаб бориши қолган, холос.

Олимлик масъулияти шундай пайтда ўртага чиқиши керак, назаримизда.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Мавзу
Лотин ва кирилл имлоси

Ўзбекистон лотин алифбосида қолгани яхшими ёки кирилл алифбосига қайтиш керакми? Айни вақтда ўзбекистонликлар шу мавзуни кенг муҳокама қилмоқда.

Барчаси
Top