22:27 / 03.07.2018
107173

Давлат грантида ўқиган талабалар 3 йил ишлаб беришга мажбурми? Энг кўп бериладиган 10 та саволга жавоб

Фото: ЎзА

Олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида таҳсил олган талабаларни доим қизиқтириб келган бир савол мавжуд. Бу таълимдан кейин 3 йил давомида мажбурий ишлаб бериш ҳақидаги саволдир. Ушбу қоида қаерда белгилаб берилган ва 3 йил давомида мажбурий ишлаб бериш қандай амалга оширилади ва шу кабилар ҳақида айрим маълумотлар билан ўртоқлашмоқчиман.

Давлат гранти асосида таҳсил олган бакалавр ва магистратура талабаларининг 3 йил давомида ишлаб бериш мажбурияти 2005/2006 ўқув йилидан бошлаб амалиётга татбиқ этилган. Мазкур амалиёт Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 2 июндаги ПҚ-92-сон «2005/2006 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарорининг 6-бандига асосан жорий этилган.

Президент қарорига асосан Иқтисодиёт, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларининг 2005 йил 7 июлдаги қарори билан тасдиқланган “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида” низом ишлаб чиқилган.

Мазкур Низом олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида мақсадли тайёрланган кадрларни камида уч йил ишлаб бериш шарти билан, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш қоидалари ва тартибини белгилайди.

Савол-жавобларга ўтишдан олдин, дастлаб ушбу тизим ҳақида икки оғиз ўз фикримни билдириб ўтсам дегандим. Гапнинг индаллосини айтганда, мазкур Низом билан тартибга солинган тизим бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди. 13 йил олдинги қоидалар замонавий меҳнат бозори учун мос эмас. Ишга жойлаш бўйича тақсимот комиссияси фаолияти шу даражада тушунарсизки, айрим соҳаларни ҳисобга олмаганда камдан-кам ОТМларда бу тартибга тўлиқ амал қилинади. Давлат грантида ўқиб, кўчада ишсиз юрган ёшларнинг кўпчилигидан ҳам билиш мумкинки, қоғоздаги қоидалар амалиётга тўғри келмайди. Бу тизимни замонавий талабларга мос равишда қайта ишлаб чиқишни кўп ҳам кечиктирмасдан кун тартибига қўйиш лозим. Ахир ёшларнинг бандлиги бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб тургани ҳаммага маълумку.

Энди навбат саволларга. Низом бўйича қуйидаги саволлар жуда кўп берилади:

1. Талаба бакалавр босқичини давлат гранти асосида тамомлаб, магистратурани чет элда ўқимоқчи булса, унга дипломнинг асл нусхаси бериладими? Ёки 3 йил ишлаб бермагунча дипломни ололмайдими?

Менимча, ушбу савол давлат гранти асосида ўқиган талабалар томонидан бериладиган саволлар хит-парадининг энг юқори ўрнида турувчи савол бўлса керак.

Қанчадан-қанча талабалар хорижда таҳсил олиш ҳақидаги орзуларидан мана шу тартиб туфайли воз кечганлиги ҳам сир эмас.

Гап шундаки, Низом бўйича хорижда ўқиш учун дипломнинг асл нусхасини бериш назарда тутилмаган. Айрим талабалар дипломни бутунлайга эмас, фақат ҳужжат топшириш мақсадида нусхасини нотариусдан тасдиқлаш ва апостил олиш учун вақтинчаликка олмоқчи бўлишади. Аммо Низомда бу масала тартибга солинмаганлиги учун ОТМ маъмурияти билан муаммоларга дуч келади. Менинг билишимча, амалиётда баъзи ректорлар талабани тўғри тушунган ҳолда ва унинг интилишини сўндирмаслик мақсадида, албатта, қайтариш шарти билан дипломнинг асл нусхасини қисқа муддатга бериб туришади. Лекин аксарият вазиятларда дипломларнинг асл нусхалари берилмайди.

Бунда давлат манфаати ётибди, дея изоҳлашади ўз хатти-ҳаракатларини. Чунки талабани давлат халқ бюджетидан 4 йил ўқитди, энди ўша талаба давлатга, ўз навбатида халққа камида 3 йил хизмат қилсин, дейишади. Агар дипломни олиб, хорижга ўқишга кетиб қолса ва кейинчалик Ўзбекистонга умуман қайтиб келмасачи, давлат 4 йил сарфлаган пулига куйиб қолаверадими, дея савол беришади. Умуман олганда уларнинг ҳам гапларида жон бор, қисман ҳақ.

Лекин иқтидорли талабаларимизнинг ҳаммаси хорижда қолиб кетмайди-ку. Улар хорижнинг энг олди ОТМларида ўз билим ва тажрибасини ошириб қайтишса, бунинг нимаси ёмон? Уларнинг иқтидорини бўғиб, йўлига сунъий, бюрократик тўсиқ қўйгандан кўра, давлат грантида ўқиган талабалар билан 3 йил ишлаб беришнинг янгича тартибини ишлаб чиқиш, бунда хорижда ўқиш имкониятини ҳам яратишни кўзда тутиш мақсадга мувофиқ эмасмикин? Ёшларни мажбурлаб давлатда ушлаб турган билан, бирор натижага эриша олармиканмиз?

Ҳа, айтганча, Низомда қайси ҳолларда дипломнинг асл нусхаси ўша заҳоти талабага қайтарилиши ҳам қайд этилган. Хусусан, агар тақсимот комиссияси битирувчини иш билан таъминлай олмаса, унга ўқишни тугатган кундан сўнг уч кундан кечиктирмай мустақил ишга жойлашиш имконияти берилганлиги тўғрисида маълумотнома ва олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асл нусхаси берилади.

Лекин мен шу пайтгача бунақа усул билан дипломнинг асл нусхасини олган талаба ҳақида эшитмаганман, балки бўлгандир, ким билсин...

2. Агар давлат гранти асосида ўқиган талаба бакалавр босқичини якунлагач магистратурага ўқишга қабул қилинса, унда қачондан мажбурий ишлаб бериш бошланади? Магистратурада ўқиш давомида ишлаган бўлса, ҳисобга ўтадими?

Низомнинг 2-бандига кўра, oлий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида бакалаврни тамомлаган битирувчилар магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган тақдирда, камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти магистратурани якунлагандан сўнг амалга оширилади.

Шу ўринда бир савол туғилади, талаба магистратура даврида ишлаган бўлса, нима учун мажбурий ишлаб бериш муддатига қўшилмайди? Бу масалани бугун кун тартибига қўйган ҳолда, қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки олий таълимдаги сўнгги ислоҳотларга қарайдиган бўлсак, магистратура босқичи кўпроқ амалиётга йўғрилган бўлиши кераклиги таъкидланмоқда. Демак магистратура пайтида ишлаган бўлса, у ҳам 3 йиллик мажбурий даврга киритилиши керак.

3. Агар давлат гранти асосида ўқиган талаба бакалавр босқичини якунлагач магистратурага ҳам давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинса, унда мажбурий ишлаб бериш муддати 6 йил бўладими?

Йўқ, агар битирувчи олий таълим муассасаларининг бакалавриати ва магистратурасида давлат грантлари асосида ўқиган тақдирда, унинг ишлаб бериш мажбурияти камида уч йил деб ҳисобланади.

4. Агар тўлов-контракт асосида бакалавриатни тамомлаган талаба магистратурага давлат гранти асосида қабул қилинса, унда қачондан мажбурий ишлаб бериш бошланади?

Олий таълим муассасаларини тўлов-контракт асосида бакалаврни тамомлаган битирувчилар магистратурага давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинган тақдирда камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти магистратурани якунлагандан сўнг амалга оширилади.

5. Агар битирувчи талаба ўқишдан сўнг мажбурий ишлаб бериш вақтида ҳарбий хизматга кетган бўлса, унда ҳарбий хизмат вақти мажбурий ишлаб бериш вақтига кирадими?

Ҳа, муддатли ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ўталган муддат битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган уч йиллик муддатга ҳам киради.

6. Агар битирувчи талаба 3 йил давомида бошқа лавозимга ўтса, унда муддат янгидан бошланадими?

Йўқ, янгидан бошланмайди. Таълим муассасаси, корхона ёки ташкилотда турли лавозимларда ишлаган муддат битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган уч йиллик муддатга ҳам киради.

7. Агар битирувчи талаба 3 йил давомида бошқа ташкилотга ишга ўтса-чи, унда бу муддат ҳам мажбурий ишлаб бериш муддатига кирадими?

Ушбу ҳолат кўп баҳсларга сабаб бўлади, чунки Низомда аниқ баён этилмаган. Фақат Низомнинг 22-бандида шундай қоида киритилганки, таълим муассасаси, корхонаси ёки ташкилот мансуб бўлган тизимдаги (вазирлик, идора ёки бошқа хўжалик бошқаруви органи) бошқа таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда иш берувчининг розилигига кўра ишлаган муддат битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган уч йиллик муддатга ҳам киради, дея белгиланган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, демак ташкилот мансуб бўлган тизимдан бошқа жойга ишга ўтилса, унда муддат янгидан бошланади. Лекин бу хулоса ҳам мутлақ эмас, сабаби Низомда 3 йил фақат битта жойда ишлаш лозимлиги ҳақидаги қоидалар аниқ ва батафсил ёритилмаган. Бу ҳам Низомнинг камчиликларидан бири.

8. Бакалавр ёки магистратура босқичида давлат гранти асосида таълим олган қизлар турмуш қуриб, фарзандли бўлгандан кейинги бола парваришлаш давридаги муддат мажбурий ишлаб бериш даврига қўшиладими?

Низомнинг 22-бандига кўра, меҳнат таътилида, шу жумладан, ижтимоий таътилларда бўлган муддатлар ҳам битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган уч йиллик муддатга киради. Меҳнат кодексининг 149-моддасида эса ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ҳамда болаларни парваришлаш таътиллари ижтимоий таътиллар сифатида белгиланган. Демак, бола парваришлаш таътилида бўлган муддат мажбурий ишлаб бериш муддатига киради.

9. Албатта, давлат ташкилотида мажбурий ишлаб бериши шартми?

Низомнинг бирорта бандида мажбурий ишлаб бериш айнан давлат ташкилотида амалга оширилиши керак, деган қоида мавжуд эмас. Масалан, Низомнинг кириш қисмида қуйидагича қоида белгиланган:

“Мазкур Низом олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида мақсадли тайёрланган кадрларни камида уч йил ишлаб бериш шарти билан, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш қоидалари ва тартибини белгилайди”.

Низомнинг 1-бандида эса қуйидагича қоида белгиланган:

“Барча таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил олган олий таълим муассасалари бакалавр ва магистрлари 2005/2006 ўқув йилидан бошлаб мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан таълим муассасаларига, корхона ва ташкилотларга (кейинги ўринларда матнда иш берувчи деб юритилади) ишга тақсимланади”.

Кўриб турганингиздек, иккала бандда ҳам “таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш” жумласи ишлатилган. “Давлат” сўзи мавжуд эмас. Корхоналар хусусий ҳам бўлиши мумкин. Ташкилотлар нодавлат ва нотижорат ҳам бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, 3 йил мажбурий ишлаб бериш давлат ташкилотларида бўлиши шарт эмас.

10. Давлат гранти асосида ОТМни битирган талаба иккинчи мутахассислик бўйича ўқишга ҳужжат топшира оладими?

Йўқ, топшира олмайди. “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги таълимни олиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг (13.08.2008) 4-бандида иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот олмоқчи бўлган шахслар таълим муассасасининг қабул комиссиясига олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот тўғрисида давлат намунасидаги дипломнинг асл нусхасини иловаси билан топшириши белгиланган. Демак, 3 йил мажбурий ишлаб бермаган ва ҳали дипломининг асл нусхасини олмаган талабалар иккинчи мутахассисликка ҳужжат топшира олмайди.

Хушнудбек Худайбердиев,

ҳуқуқшунос

Top