Ўзбекистон | 10:00 / 16.09.2019
192034
2 дақиқада ўқилади

1 октябрдан автомобиль сотиб олганлик учун йўл жамғармасига амалга ошириладиган йиғим тўловида ўзгариш юз беради

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан, 2019 йилнинг 1 октябридан эътиборан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган 3 фоиз миқдоридаги йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши белгиланган.

UzAuto Motors хабарига кўра, мазкур ўзгариш, ўз навбатида, харидорлар учун қўшимча қулайлик сифатида хизмат қилади. Эндиликда, харидорлар аввал Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган 3 фоиз тўловни автомобиль харид қилаётган чоғида автомобиль нархи билан бирга амалга ошириши лозим бўлади.

Жорий йилнинг 1 октябрига қадар дилерлик корхонаси билан олди-сотди шартномасини имзолаган, аммо ҳали автомобилини олмаган харидорлар билан қўшимча келишув имзоланади ҳамда харидор томонидан 3 фоиз ту́лов автомобилни қабул қилиб олиш чоғида дилерлик корхонасига тўланиши керак бўлади. Шу билан харидорлардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органларида тўланадиган Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган 3% мажбурий йиғим олинмаслиги маълум қилинган.

UzAuto Motors АЖ 1 октябрдан эътиборан ҚҚС тўловчисига айланади ва компания томонидан мазкур ҳолат харидорларга ортиқча сарф-харажат ва ноқулайлик келтириб чиқармаслиги учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилгани ҳамда автомобиль нархлари Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган мазкур тўловни инобатга олмаганда ўзгаришсиз қолдирилгани айтилади.

“Ҳурматли харидорлар! Сиздан автомобиль хариди чоғида дилерлик корхоналари ходимлари томонидан нархлар ошиши борасида берилаётган бошқа маълумотларга ишонмасликни, барча расмий маълумотлар фақат компаниянинг расмий сайтида эълон қилиниши ҳамда автомобилларингиз шартномада белгиланган муддатларда тақдим этилишини маълум қиламиз”, - дейилади UzAuto Motors хабарида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид