Ўзбекистон | 10:54 / 27.03.2021
2243
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Лойиҳалар фабрикаси» маркази ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришда инвестицион лойиҳаларни амалга оширувчи гуруҳ – “Лойиҳалар фабрикаси” марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” АЖ, “Aсака” AТБ, “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБнинг ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида – “Лойиҳалар фабрикаси” марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

“Лойиҳалар фабрикаси”нинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • минтақалараро ишлаб чиқариш занжирларини яратишни ҳисобга олган ҳолда, маълум бир минтақа ижтимоий-иқтисодий, табиий, инфратузилма ва инсон салоҳиятидан келиб чиқадиган лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш;
  • бизнес ўзига хос хусусиятларини, ташаббускор молиявий тўлов қобилиятини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа ташаббускорлари билан ҳамкорликдаги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш;
  • дастлабки ва якуний қарорлар, рухсатномалар ва лицензияларни олишда инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига ҳамроҳлик қилиш ва кўмаклашиш;
  • Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида жойлаштириш учун ёшлар тадбиркорлик субъектлари лойиҳа-таклифлари асосида лойиҳа бизнес-режасини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатиш;
  • потенциал лойиҳаларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва қайтаришлик, тўловлилик, тезкорлик тамойиллари асосида, шунингдек тегишли бозорлардаги маркетинг батафсил таҳлил қилинганидан сўнг ёзма ҳисоботни таклиф қилинган бизнес-ғояларни қарши ёки қўллаб-қувватловчи аргументлар билан тақдим этиш;
  • бизнес ғояси маъқулланган тақдирда зарур ҳужжатлар тўпламини шакллантиришда доимий ёрдам ва маслаҳат бериш;
  • банклар, индивидуал ва институционал маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларни ўз ичига олган потенциал молиялаштириш манбаларини ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • “Лойиҳалар фабрикаси” барча филиаллари ўртасида потенциал лойиҳалар ва инвесторлар ягона маълумотлар базасини яратиш;
  • ташкилот харажатлари тўғрисида ойлик ҳисоботларни шакллантириш ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этиш.

Белгиланишича:

“Лойиҳалар фабрикаси” нодавлат нотижорат ташкилоти шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;

“Лойиҳалар фабрикаси” ўз фаолиятини минтақавий филиалларида яъни, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кесимида олиб боради;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази “Лойиҳалар фабрикаси” билан инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишда яқин ҳамкорлик қилади;

“Лойиҳалар фабрикаси” ёшлар бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорлик қилади.

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид