Ўзбекистон | 11:28 / 27.03.2021
7980
2 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг 10та кўчасида пулли тўхташ жойлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда

Давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент шаҳрининг 10та марказий кўчасида эксперимент тариқасида пулли автомобиль тўхташ жойлари пайдо бўлади. Ушбу лойиҳа президентнинг оғзаки кўрсатмаларидан бирига асослангани айтилмоқда.

«Тошкент шаҳри марказий кўчаларида пулли автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш бўйича экспериментни амалга ошириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада қайд этилишича, давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент шаҳрининг 10та марказий кўчасида эксперимент тариқасида пулли автомобиль тўхташ жойлари (паркоматлар) ташкил этилади.

Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан икки ҳафта ичида 10та марказий кўча рўйхатини шакллантириш белгиланган.

Агар экспериментлар ўзини оқласа, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2023 йил 1 январга қадар ушбу соҳани янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши кўзда тутилган.

Пилот лойиҳасини амалга оширишда давлат шериги сифатида Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси иштирок этади.

Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилиши режалаштирилган паркоматларда аниқланган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши учун жарималар суммасининг 20 фоизи Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига, 80 фоизи хусусий шерикнинг ҳисобрақамига ўтказилиши белгиланган.

Фойдаланувчилар паркомат ўрнатилган жойдан 10 дақиқа мобайнида бепул фойдаланиши мумкин.

Мавзуга оид