Туркияда яна бир теракт. Истанбул аэропортида нималар рўй берди?
29 июнга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 00:00да Истанбул шаҳридаги Отатурк номли халқаро аэропортга террорчилар ҳужум уюштирди.
Аэропортга кириш, чиқиш ва автомобиллар тўхташ жойида содир этилган учта портлаш ва отишмалар оқибатида 36 киши қурбон бўлди, 147 киши яраланди.
Баъзи нашрларда қурбонлар сони 50 нафар атрофида экани айтилган.
Reuters хабарига кўра, қурбонлар орасида хорижликлар ҳам бор.
Гувоҳлар аэропортга уч нафар камикадзе-террорчи бостириб кириб, автоматдан чор атрофга ўқ сочганини айтишди.
"Биз… бир йигит атрофга тартибсиз равишда ўқ узаётгани гувоҳи бўлдик. У ўз олдидан чиққан дуч келган кишини ўққа тутар эди. У қоп-қора кийимда эди. Ниқобсиз", — деб ҳикоя қилди фожиага гувоҳ бўлган сайёҳлардан бири.
Яна бир гувоб бу шахснинг қуролидан 50дан ортиқ ўқ чиққанини санаган.
Аэропорт ходимларининг айтишича, одамлар портлашлардан кўра, синиб устига тушган ойналардан кўпроқ жабрланган.
Интернетга воқеа жойидаги ҳолатни тасвирловчи видеолар жойлаштирилди.
Аввалига бу теракт ташкилотчилигида гумон қилиниб, ИШИД ва Курдистон ишчилар партияси тилга олинди. Кейинроқ КИП вакили "ташкилот тинч аҳоли вакилларига ҳужум уюштирмаслиги, қолаверса аэропортдагиларнинг аксари туркияликлар бўлмагани" ҳақида баёнот бериб, бу гумонларни инкор қилди.
Аэропортга ташриф буюрган Туркия бош вазири Биноли Йилдирим бу ҳужум ортида ИШИД тургани ҳақида айтди.
Бу теракт ИШИД ташкил топганига 2 йил тўлган кунда амалга оширилди. ИШИД 2014 йилнинг 29 июнида халифалик сифатида эълон қилинганди.
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Франция прзиденти Франсуа Олланд, Германия канцлери Ангела Меркель, БМТ бош котиби Пан Ги Мунва бошқалар ушбу фожиага алоқадор кучларни қаттиқ қоралаб чиқди.
АҚШ Истанбулга барча рейсларни бекор қилди.
Оқ уй матбуот хизмати вакили Жош Эрнест қўшма штатлар Туркиянинг терроризмга қарши курашини қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди. АҚШ бош прокурори Лоретта Линч расмий Вашингтон Анқарага ҳодиса тафсилотларини текширишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Қизил Хоч халқаро қўмитаси жабрланганлар учун қон йиғишга киришди.