17:18 / 23.07.2021
20015

Ота-она ҳамфикрлиги ва болага тўғри муносабат — тарбиядаги айрим жиҳатлар ҳақида

Ота-оналик олий бахт ва шу билан бирга улкан масъулият ҳамдир. Фарзандни азиз неъмат сифатида қабул қилиб, унга чиройли тарбия бериш ўзига яраша билим ва қунт талаб қилади.

Инглиз тили ўқитувчилари – Абдулҳай Жўраев ва Наргиза Жўраева оиласи Тошкент шаҳрида яшайди. Уларнинг икки фарзанди Президент мактабида ўқимоқда.

Наргиза Жўраева фарзанд тарбиясига оид тажрибалари ҳақида Facebook'да эълон қилган мақоласи Халқ таълими вазирлиги танловида 1-ўринга лойиқ деб топилди. Онанинг айтишича, шундан сўнг уларга фарзанд тарбиясига оид китоб ёзиш ҳақида 3 минг долларлик таклиф келиб тушган.

Оила айни пайтда китоб ёзишни бошлаб юборган. Биз улардан китобга киритаётган айрим фикрларини сўзлаб беришларини сўрадик.

“Фарзанд тарбиясида ота-онанинг фикри бир жойдан чиқиши керак”

Наргиза Жўраева:

— Оталар оналарни ёки оналар оталарни эшита олишсин, бир-бирини керакли пайтда қўллаб-қувватлай олишсин, фарзандга эшиттирмасдан бола тарбияси ҳақида алоҳида маслаҳат қилиб, баҳс-мунозара қилишсин. Болада тарафкашликни уйғотмаслик учун иккиси бир тўхтамга кела олиши керак. Чунки бола бирор ишни қилаётганда агар бу ишни қилсам, дадам қарши турсаям, онам тарафимни олади, деган тушунча билан улғаяди ёки тескариси бўлиши ҳам мумкин. Шу сабабли ота-онанинг фикри бир нуқтага келиб, ҳамфикр бўла олиши керак.

Ота-онанинг ҳамфикрлиги – жуда катта ютуқ. Баъзида яқин дугоналаримга фарзанд тарбиясида маълум усулни қўллаб кўришни, фойдали тўгаракларга қўйишни тавсия қиламан. Шунда: “Йўқ, бунга турмуш ўртоғим рухсат бермайди”, деган жавоб оламан. Бўлди, шу билан олдинга йўл йўқ.

Гап рухсат бериш ёки тақиқда эмас, муҳими – маълум фикрни ўзаро ҳамжиҳат бўлиб бир-бирига уқтира олишда, деб ўйлайман. Агар она отага бўйсунмаса ёки ота керак пайтда онани қўллаб-қувватламаса, у ерда ҳеч қандай тарбия усули фойда бермайди.

Ота-онанинг ҳамжиҳатлиги дунёқарашнинг яқинроқ бўлишидир, аслида. Ҳаётга муносабати яқинроқ бўлган инсонлар битта фикрга келиши осонроқ бўлади.

Буви-бувалар билан бирга яшайдиган катта оилаларда одатда бола ким унинг тарафини олса, ўшандан паноҳ излайди ва айтганини қилдиришга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам бир уйда яшовчи буви-бувалар, ота-она фарзанд тарбиясида якдил фикрга кела олишлари керак. Ана шунда тарбиянинг илдизи мустаҳкам бўлади.

Абдулҳай Жўраев:

— Ота-она бир-бирини тушунмаса, буни фарзандларига етказиши қийин бўлади. Ота бир фикрни айтса-ю, она уни маъқулламаса ёки онанинг гапини ота қўллаб-қувватламаса, бу, албатта, фарзанд тарбиясига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Айтайлик, ота фарзанднинг тадбиркор бўлишини хоҳлайди, она эса қарши бунга. Фарзанд кимга ён босишини билмай иккиланади, яъни тарафкашлик пайдо бўлиши мумкин.

Фарзанд ўйлайди: отам тарафимни оляпти, шунинг учун тадбиркор бўламан. Балки онаси тўғрироқ йўлни айтаётган бўлиши мумкин, лекин фикрлар қарама-қаршилиги болада иккиланишни келтириб чиқариши ва охир-оқибат нотўғри йўлни танланишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар бир оилада паст-баландликлар бўлади. Уларни енгиб ўтишда бир-бирини тушуниш жуда муҳим. Фарзанд тарбиясида ҳам ўзаро тушуниш, фикрини ҳурмат қилиш аҳамияти катта. Кўп оилаларда ота оилани боқиш учун асосий вақтини кўчада ўтказади, шу сабабли кўп вақт ажратолмайди. Шундай бўлса ҳам ота рафиқасини керак пайтда қўллаб-қувватлай олиши, ёрдам бериши керак.

Фарзанд тарбиясида ҳаммасини онага юклаб қўйиш тўғримас. Чунки фарзандлар онадан, отадан тарбияни турлича қабул қилишади. Ота-онанинг тарбияда алоҳида ўрни бор.

Мукаммаллик талаб қилиш – хато

Наргиза Жўраева:

— Тасаввур қилинг, 4 ёшли бола олдига мозаикани қўйиб, иштиёқ билан ясаяпти. Ҳали жуда кичкина бўлгани учун бу ишни қилолмаяпти, табиийки. Сиз четдан кузатиб турдингиз ва унга аралашиб ўргатмоқчи бўлдингиз. Олдига келиб, қизиқишдан унинг ўрнига ўзингиз киришиб кетдингиз. Бола қолиб кетди, сиз тайёрлаб бердингиз. Боланинг иштиёқини қайтардингиз. Ҳалиги жойда боланинг иштиёқини ўлдирдик. Янги билимларни ўзлаштираётган пайтидаги хоҳиши ўлди.

Иккинчи ҳолат. 7-8 яшар қиз опасига қараб идиш ювгиси келиб қолди. Ўзига янги кўникма олиш учун буниям синаб кўргиси келади. Она бу пайтда идишини аяб: "Синдириб қўйсанг, ювма. Қўй, сабр қилиб тур, катта бўлсанг ювасан”, деб яна шаштини қайтаради. Шу орқали янги нарсани ўрганишга бўлган иштиёқ ўляпти.

Учинчи ҳолат. Бола янги асбоб, масалан, пианино чалишни 2-3 ойда ўрганишга борди. У билан меҳмонга бордингиз. Ўша ерда пианино бор. Янги ўрганувчи бўлгани учун хатолар, тўхталишлар билан чаляпти. Уйга келгач, аввал ўрганиб, кейин чалсанг бўлмайдими, одамни шарманда қилдинг-ку, деб ота-она койиб қўйиши мумкин.

Биз мана шу 3 та ҳолатда боланинг янги нарсани ўрганмоқчи бўлган бошланғич босқичиданоқ ундан мукаммалликни талаб қиламиз. Чунки биз ота-она, шахс сифатида шаклланиб бўлдик. Бизга оддий кўринган нарса болага қийин эканлигини ҳис қилмаймиз. Шуни ичимиздан ўтказмаймиз. Ва бу ҳолатда бола биздан хафа бўлишга тўлиқ ҳақли. Бола ўзига бўлган ишончи камайиб кетиши, хафа бўлиш ҳолатлари бўлади.

Болага нисбатан бошида катта мақсадни қўймайлик. Тўғри, максимализм керак, болани унга интилтириш зарур. Лекин буни бошидан қилиш керакмас. Буни секинлик билан, босқичма-босқич ўтказиш лозим.

Болангизнинг келажагини ўйласангиз, уни урманг

— Ҳаётга тайёрламоқчи бўлиб, ота-оналар жисмоний куч ишлатиб, қаттиққўллик қилиб қўйишади. Тарбия бўйича китобларни ўқиб чиққанимда, ҳеч қайси манбада болани уриб тарбиялаш оқланмаган. Кўпчилик ота-оналар болани уриб тарбиялашади, чунки бу йўл орқали болани бўйсундириш осон. Боланинг ожизлигидан фойдаланишади. Бола сизга қарши сўз билан жавоб қайтаролмайди, қарши курашолмайди.

Уриб жазолаш болани синдиради. Ўсаётган дарахтни тўғрилайман деб, синдириб қўя қолишади. Болани битта уради, йиғлайди, лекин ота-она айтганини қилади. Ваҳоланки, унинг келажагини ўйлашмайди, унинг ички кечинмаларини ҳис қилиб кўришмайди. Бола ҳам хато қилади, хато қилиш инсонга хос.

Болани уриш у ёқда турсин, қўпол гап билан тарбиялашнинг ўзини қоралайман. Боланинг хатосини айтиш керак, фақат унинг маълум усуллари бор. Бунинг учун катта сабр керак.

Ўрганиш орқали эришиладиган 4 натижа

— Яқинда китобдан билдимки, ўрганиш жараёнида 4 хил натижага эришарканмиз. Биринчиси, машғулотдан оладиган билим ва кўникмалар. Иккинчи натижа боланинг мустақил билим олиш қобилияти кучайишидир. Буни бола улғайиб боравергач, миқдорини кўпайтириб боравериш керак. 

Учинчи натижа боланинг ўрганиш жараёнида оладиган руҳий ҳолати, яъни ҳиссиётидир. Аниқроқ қилиб айтганда, боланинг ўша пайтдан оладиган қониқиш ҳисси, бирор ишни амалга оширганда ишончининг ортиши ёки аксинча, ҳафсаласи пир бўлиши. Бу ҳам бир натижа. Ҳар доим ҳам ижобий натижа бўлмайди.

Тўртинчи натижа – ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат. Биз ҳар доим ҳам фарзандимиз билан гаплашишга вақт тополмаслигимиз мумкин. Лекин биргаликда маълум бир машғулотни қилиш орқали ўртадаги муносабатни ўрнатамиз.

Ота-оналар фақат биринчи натижага эътибор беришаркан. Қолган учта натижа борлигиниям билмас эканмиз. Айнан охирги тўртинчи натижа ота-она билан фарзанд ўртасидаги кўприк вазифасини ўтаркан.

Бола фақатгина биринчи натижа, яъни билимларни ўзлаштириб бораверса, каттароқ натижаларга эришолмас экан. Олаётган билими, кўникмаси ўсиб бормас экан.

Муваффақиятга эришишда 3 тамойил 

Фарзандларимда бу тажрибамни қўллаганим учун уларнинг мисолида айтаман. Энг биринчиси, инсон китоб ўқий олиши керак. Ҳар қандай китоб эмас, ёшига, мавзуга доир, долзарб бўлиб турган китобни танлай олиш муҳим. Бунда, албатта, мағзини чақа олиш керак. Нима учун бу китобни ўқидим, деган саволни бериши керак. Ўша китобдаги қизиқ, керакли, деб берилган фикрларни дафтарга ёзиб бориши керак.

Икки катта фарзандимга дафтар туттирганман, ўқиган китоблари ҳақида ёзиб боришади. Вақт ўтгач, дафтарни варақлаб, қайси китобдан қандай хулоса олганини билиб олса бўлади. Бу ўша пайтда бўлмаса, кейинчалик ёрдам бериши мумкин.

Иккинчи тамойил, инсон ҳаётда ёза билиши керак. Бу нима дегани? Ҳуснихат, чиройли ёза билиш деганимас. Ёза билиш – имловий ва услубий хатоларсиз ёзишдир. Оддий мисол: ишга кираётганда ариза ёзамиз, бизни танимаган одам ҳам ана шу аризамиздан бизга баҳо бериши мумкин.

Инсон фикрини жамлаб, чиройли ёза билиши зарур. Албатта, бунинг учун журналист, ёзувчи бўлиш шартмас. Ҳар қандай касбдаги инсон ёза олиши керак. Бу жамиятдаги мавқейингизни бир поғона юқорига кўтариб беради.

Охирги тамойил – ўз фикрини оғзаки нутқда равон айта олиш. Бу ҳам жуда муҳим. Нимага? Масалан, жуда кўп лавозимларга қабул суҳбат орқали бўлиб ўтади. Сиз номзод бўлиб турган ишга сиздан ташқари бошқа талабгорлар ҳам бор. Сиз қандай қилиб улардан ўтиб кетишингиз мумкин? Барча кўрсаткичлар бир-бирига тенг келиб турибди. Суҳбатда фикрингизни чиройли етказиб беришингиз билан эътиборни тортишингиз мумкин.

Суҳбатда билими бор бўлган инсон эмас, билимини кўрсатолган ютиб чиқади.

Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Top