
Оилавий муносабатлар ва шахсият
Австриялик психиатр Алфред Адлер 20-асрнинг бошларида оиладаги туғилиш тартибининг шахсиятга муҳим таъсир кўрсатиши мумкинлигини илгари сурган. Унинг туғилиш тартиби назарияси оиладаги ҳар бир фарзанднинг ўзига хос хусусиятлари ва психологик ривожланишига эътибор қаратади.
Адлер назариясига кўра, биринчи фарзандлар масъулиятни чуқур ҳис қилишга мойил бўлади, ўртанча фарзандлар эса диққат ва эътиборталаб. Энг кичик фарзандлар, аксинча, саргузаштга ва қоидаларни бузишга мойиллиги билан ажралиб туради.
Алфред Адлер, шунингдек, "оила констелляцияси" тушунчасини жорий этган. Бу назария оила аъзолари ўртасидаги динамик муносабатлар ҳар бир аъзонинг шахсий ривожланишига қандай таъсир қилишини ўрганади.
Бош фарзандлар
Биринчи фарзандлар одатда қуйидаги сифатлар билан тасвирланади:
- Лидерлар;
- Юқори натижаларга эришувчи;
- Тартиб-қоидали;
- Масъулиятли;
- Пишиқ.
Адлернинг туғилиш тартиби назариясига кўра, биринчи фарзандларга ота-оналар кўпроқ эътибор ва вақтини бағишлайди. Ўз навбатида янги ота-оналар ҳали болалар тарбияси ҳақида ўрганиш жараёнида бўлганликлари учун улар қоидага қараб иш қилувчи, қаттиққўл, эҳтиёткор ва баъзан ҳатто асабий бўлиши мумкин. Бу эса болага таъсир кўрсатади.
Бош фарзандларга кўпроқ масъулиятли лидер сифати хос.
"Тўнғич фарзандлар жинсидан қатъи назар, ҳаётларининг маълум босқичида ука-сингиллари туғилганда диққат марказидан четда қолишлари сабаб кўпроқ маҳрум бўлиш ёки ҳасад қилиш ҳиссини туяди. Бу эса уларни кўпроқ муваффақиятли бўлишга мойил қилиши мумкин", дейди сан-францисколик терапевт Авигаил Лев.
Биринчи фарзандларга кўрсатилган барча эътибор кичик укалари ёки сингиллари пайдо бўлганда кескин ўзгаради. Ука ёки сингилли бўлганда ота-онанинг диққатини баҳам кўриш керак бўлади. Бундан ташқари, ота-она бош фарзанддан кўпроқ нарса кутади, уларни кейинги фарзандларга ўрнак қилиб кўрсатади. Баъзида ука-сингилларини парваришлашга ҳам ёрдам беришгани сабабли тўнғичлар меҳрибон, масъулиятли бўлади.















