Мактабларда ўқитувчи ва ўқувчи жанжали яна ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди. Қайсидир мактабда ўқувчи ўқитувчини урса, яна бошқа бирида ўқитувчи ўқувчини урган...

Хўш, вазият бу ҳолга келишига ким ёки нима сабабчи? Таълим ва тарбиянинг қаерида хато борки, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги зиддият кун тартибидан тушмай қолди?

Kun.uz шу каби саволларга мактаб ичкарисидан жавоб излаб кўрди. Сўровномада қатнашган устозларнинг дард-у ҳасратлари сизларни ҳам бефарқ қолдирмаса керак. Фикр қолдирганларнинг илтимосларига кўра, шахслари ошкор қилинмайди.

“Баъзи ота-оналар болага оддий этикет қоидаларини ҳам ўргатмаслигидан нега бошқалар азият чекиши керак?”

Н. Тошкент шаҳри:

— 11 йилдан бери мактабда ишлайман. Сизга 2 кун аввал дарсимда бўлган оддий ҳолатни айтиб берай: ҳамма топшириқ бажараётган вақтда бир ўқувчи ниҳоятда хунук сўз билан сўкинди. Буни ҳамма эшитди, қизлар ерга қараб эшитмаганга солди, айрим қитмирроқ болалар кулишди. Мен нима қилишни билмайман – уришай десам шу сўзни эшитганимдан ўзим уяляпман, уришмасам дарсда шунақа сўз айтилсаям устоз индамади дейишлари мумкин. Танбеҳ беришни бошлаганимни биламан, “сиз дарсингизни ўтинг” деган жавобни олдим. Мен бунга қараб туролмайман, ўқувчи билан гаплашиб, керакли тушунтиришни бердим. Лекин нега баъзи ота-оналар болага ҳатто оддий этикет қоидаларини ҳам ўргатмаслигидан бошқалар ҳам азият чекиши керак? Агар мен ҳам шу ўқувчи билан тортишсам, бутун дарсим ҳавога учарди, бошқа болаларнинг вақтини бекорга совурардик.

Уларга нима билан тушунтиришни билмайсан, бирор чора кўролмайсан: чораклик баҳо қўйишга мажбурсан. Ҳатто ўша бола исмини тўғри ёзолмасаям. Синфда қолдиролмайсан, бундан қўрқишмайди. Қолдирилган билан кейинги йил яна кимнингдир бошига бало бўлади, ўзгариб қолмайди. Улардан фақат мактабни битиришганда қутулиш мумкин.

“Қани имкони бўлса, бошқа ишга ўтиб кетсам...”

С. Наманган вилояти:

— Бугун на ота-она, на ўқувчи устозни ҳурмат қилмайди. Ўқувчидан қаттиқроқ туриб талаб қиладиган бўлсангиз, устингиздан ёзади. Болалар ўз уйида ота-онадан тарбия олмаганига яраша, мактабда тарбия қилишга ҳам йўл қўйилмайди. Дарснинг ярмини тарбиясиз ўқувчиларни дарсга жалб қилишга сарфлаймиз. Ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган замондамиз. Кунда-кунора комиссия кутамиз. Комиссия ҳеч қачон услуб ўргатмайди, фақат айб қидириб, жарима солишни ўйлайди.

Янгилик эмаски, Kundalik.сom на ўқувчиларга, на уларнинг ота-оналарига қизиқмас. Лекин ҳар йиғилишда раҳбарлар жойимиздан турғазиб қўйиб, биздан нечта ўқувчимиз, нечта ота-она шу платформага кирган-кирмагани ҳақида сўрашади. Тинимсиз айтиб, сўраб, зўрға киргизамиз ёки улар номидан ўзимиз кирамиз – ярим кун вақт кетказиб. Ота-она кирмаса биз ҳайфсан оламиз, тушунтириш хати ёзамиз, бир кунлик иш ҳақимизни олиб қолишади.