Ўзбекистон | 12:20 / 01.07.2022
14003
12 дақиқада ўқилади

Қорақалпоқ элига иззат, конституция ислоҳоти ва ёшларга янги имкониятлар – президент ёшлар кунига бағишланган тантанада нималар деди?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июн – Ёшлар куни муносабати билан «Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилган тантанада иштирок этиб, нутқ сўзлади. Нутқнинг тўлиқ матни ЎзА расмий сайтида эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Қадрли ёшлар, азиз фарзандларим! Аввало, барча Янги Ўзбекистон ёшларини бугунги қутлуғ байрам – Ёшлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Албатта, сизлар билан учрашиш, кўнглингиздаги эзгу орзу ва режаларингиз билан ўртоқлашиш, таклиф ва ташаббусларингиз ҳақида эшитиш менга доимо қувонч ва ғурур бағишлайди. Сизларнинг шижоат ва интилишингизни кўриб, ёниб турган кўзларингизга боқиб, ўзимга битмас-туганмас куч оламан», деб бошлади нутқини президент.

Шавкат Мирзиёев ҳозир дунё қийин кунларни бошдан ўтказаётганини айтар экан, бундай ҳолатда давлат халқнинг матонатига суянишини таъкидлади. Шундан кейин ёшларга яратилган янги қулайликлар ва энди кучга кирадиган янгиликлар ҳақида гапирди.

Президент маҳаллаларда 9,5 минг ёшлар етакчилари фаолият олиб бораётганини таъкидлаб, “Ёшлар дафтари”га киритилган 700 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга 650 миллиард сўм йўналтирилгани, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш доирасида 174 минг нафар ёшнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 4 триллион 400 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилганини айтди.

«Деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган 560 минг тенгдошингизга жорий йилда 155 минг гектар ер майдони ажратилиб, 800 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, ёшларни ишга олган тадбиркорларга ижтимоий солиқ суммасини қайтариш тартиби жорий этилди ва бу имкониятдан 715 минг нафар ёшлар ишлаётган 7,5 минг корхона фойдаланди», деди президент.

Давлат раҳбари таълимга ҳам алоҳида эътибор берилаётганини айтди: «Таълим сифатини ошириш бўйича ҳам катта-катта қадамлар қўйилмоқда. Бу борада Янги Ўзбекистоннинг янги мактаблари – Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар кўлами кенгайиб, уларда таҳсил олаётган ўқувчилар юқори натижаларга эришмоқда. Ўтган ўқув йилида биргина Президент мактабларини битирган 424 нафар ўғил-қизларнинг барчаси олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Уларнинг 102 нафари ёки 24 фоизи хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида ўқиётгани таҳсинга сазовордир.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги икки йилда 400 нафар ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали чет эллардаги энг нуфузли олийгоҳларда ўқишга юборилди. Мисол учун, тошкентлик Ламия Худоёрова – Оксфорд университетига, бухоролик Расулбек Баҳодиров – Лондон университетига, самарқандлик Нилуфархон Рўзиева – Чикаго университетига ўқишга қабул қилинди. Бундай йигит-қизлар ҳар бир вилоятда кўплаб топилади.

Иқтидорли ёшларимиз кейинги бир йил ичида халқаро фан олимпиадаларида 255 та медални қўлга киритди. Шу билан бирга, жорий йилда 382 нафар спортчи ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда 419 та совринли ўринларни эгаллади. Жумладан, Нодирбек Абдусатторов ва Умида Омонова – тезкор шахмат бўйича; Зуҳриддин Қодиров – қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони бўлгани, 23 ёшгача футболчиларимиз Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритгани, шубҳасиз, бутун халқимизга ғурур бағишлади», деди Шавкат Мирзиёев.

Тил билганлар Британияга боради

Президент сўзларига кўра, эндиликда фуқаролар 14 ёшдан бошлаб «Ёшлар дафтари»даги имкониятлардан фойдаланиши мумкин бўлади: «18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизларимизнинг масалаларини ҳал этиш мақсадида жорий қилинган “Ёшлар дафтари” тизими амалда ижобий натижалар бермоқда. Лекин, шуни ҳам унутмаслик лозимки, ёшларнинг дунёқараши, уларнинг муайян бир касбга бўлган қизиқиши 14 ёшидан, яъни мактаб давриданоқ шаклланади.

Шу боис бундан буён 14-17 ёш оралиғидаги 3 миллион нафарга яқин ўғил-қизларимизга ҳам “Ёшлар дафтари”да кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиш имконияти яратилади. Хусусан, унда назарда тутилган имтиёзлар амалдаги 11 тадан 25 тага кўпайтирилади. Жумладан, ушбу дафтарга киритилган фарзандларимизга замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳар ойда 1 миллион 200 минг сўмдан субсидия берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, ёшларга илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги тўгараклар учун 6 ой давомида 300 минг сўмдан пул тўланади. Уларга ушбу йўналишлар бўйича маҳаллий олимпиадаларда қатнашиш харажатлари учун – 1 миллион 200 минг сўмдан, нуфузли халқаро олимпиадалар учун – 12 миллион сўмдан маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, энди техникумларга қабул йилда 2 марта ташкил этилиб, талабалар учун давлат гранти сони 2 баробар оширилади. Шунингдек, техникумлар учун таълим кредити жорий қилинади ва 80 мингдан зиёд ёшларга кредит бериш учун молиявий ресурс ажратилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда 1 нафар IT мутахассисини тайёрлаш учун камида 1 йил вақт ва 20 миллион сўмгача маблағ талаб этилади. Ваҳоланки, яхши мутахассис 2-3 ойда битта дастур яратиб, ушбу харажатни бемалол қоплаши мумкин. Бундан буён хусусий таълим муассасаларида IT технологиялари бўйича ўқиш (дастурлаш, веб-дизайн, анимация) истагини билдирган ёшларга ҳам 20 миллион сўмгача миқдорда 4 йиллик имтиёзли кредит тақдим этилади».

Президент хорижий тилларни ўрганаётган ёшлар учун алоҳида имкониятлар яратилишини айтди: «Сўнгги вақтларда олис ҳудудлардаги мактаблар ўқувчилари ҳам хорижий тиллар бўйича билим беллашувларида яхши натижа кўрсатмоқда. Бундай ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, уларни рағбатлантириб борсак арзийди. Республика беллашувларида юқори натижаларга эришган ана шундай 70 нафар ўқувчимиз ва уларнинг 14 нафар устози давлат ҳисобидан Буюк Британияга сафарга юборилади».

Фото: Президент матбуот хизмати

Спорт мусобақалари энди маҳалладан бошланади

Шавкат Мирзиёев ёшларни иш билан таъминлаш ҳақида ҳам алоҳида гапирди: «Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича жорий қилинган янги тизим асосида 8 миллиондан зиёд йигит-қизларимизни қамраб олган “Ёшлар баланси” шакллантирилди. Унга кўра, айни пайтда республикамизда ишсиз йигит-қизлар 1 миллион 200 минг нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 850 минг нафари ишлаш истагида бўлган ёшлар ҳисобланади.

Энг муҳими, ёшларнинг қизиқишлари, касб-ҳунарга мойиллиги, маълумоти, ижтимоий аҳволи ва муаммоларидан тўлароқ хабардор бўлиш имконини берадиган тизим яратилди. Жорий йилда 404 минг йигит-қиз ўрта таълимни, 151 минг нафари профессионал таълим муассасасини битириб, меҳнат бозорига кириб келади. Уларнинг бандлигини таъминлаш энг долзарб вазифа ҳисобланади. Жумладан, бир йил давомида тадбиркорлик дастурларига 4 триллион сўм йўналтириш орқали 220 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади. 130 минг нафар ёшларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқиши учун 160 миллиард сўм субсидия ажратилади. 110 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз эса, давлат корхоналари ва хусусий сектордаги бўш иш ўринларига жойлаштирилади.

Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 250 миллиард сўм субсидия ва компенсациялар берилади. Айни пайтда уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фаолиятини ҳам тизимли равишда рағбатлантириб борамиз. Масалан, Олтиариқ узумчилик кластери намунаси асосида республикамиздаги 70 та туманда “Ёшлар агрокластери”ни ташкил этиб, 400 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаймиз».

Президентнинг айтишича, эндиликда спорт мусобақалари маҳалла кесимида ҳам ўтказилади: «Жорий йилдан бошлаб 36 та спорт федерацияси, 274 та спорт мактаби ўз ҳудудидаги маҳаллалар, ўрта мактаблар, коллеж ва техникумлар билан ҳамкорликда ишлайди. Ҳар бир кўча, маҳалла, мактаб, коллеж ва техникумда футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат-шашка ва бошқа спорт турлари бўйича жамоалар тузилади. Бундан буён барча спорт мусобақалари “маҳалла – туман – вилоят – республика” занжири асосида ташкил этилади».

Ғафур Ғуломдан иқтибос ва янги конституция ҳақида

Президент нутқи давомида янгиланаётган конституция ҳақида ҳам гапирди: «Шу кунларда Конституциямизни умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиб, уни такомиллаштириш бўйича жуда муҳим сиёсий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада келиб тушган таклиф ва ташаббусларнинг 70 фоиздан ортиғи айнан ёшларимиз томонидан билдирилгани мени жуда қувонтирди. Албатта, янгиланаётган Конституция, бу – сизларнинг Конституциянгиз».

Шавкат Мирзиёев ёшларга мурожаат қилар экан Ғафур Ғуломнинг икки мисра шеърини ҳам ўқиб берди: «Бугун сизларнинг ёниб турган кўзларингиз, шодликка тўла гўзал чеҳрангизга қараб, академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг

Сиз ахир осмонни олмоқ бўлсангиз,

Не учун елкамни тутиб бермайин?

– деган оташин сатрлари ёдимга тушмоқда.

Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан, кўнглингиздаги эзгу мақсадлар сари ҳаракат қилишдан ҳеч қачон тўхтаманг! Қорақалпоғистондан Андижонгача, Сурхондарёдан Тошкентгача – барча ҳудудлардаги ёшларимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсадимиз йўлида бир тан-у бир жон бўлиб, дадил олға интилишлари керак. Мен сизларнинг бу йўлда маррани баланд олиб, ягона куч бўлиб ҳаракат қилишингизга ишонаман. Мен сизларга ишонаман ва сизлар билан фахрланаман, азиз болаларим!», деб нутқини якунлади президент.

«Мен қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман»

Президент ёшларга мурожаатида Қорақалпоғистон ҳақида гапирар экан ўзини қорақалпоқ миллатининг ҳам фарзанди деб ҳисоблашини айтди: «Икки эл бир бўлганмиз, меҳримиз меҳримизга қўшилган, қон-у қариндошмиз. Орол денгизи муаммоси бўйича БМТнинг иккита резолюцияси қабул қилинди. Аввал вилоятлар Қорақалпоғистоннинг кўчаларини ҳам, Нукусни ҳам билмасди, ҳозир бир халқ бўлиб ҳаракат қиляпмиз, Қорақалпоғистон ёшлари катта натижаларга эришмоқда. Қорақалпоғистонни ривожлантириш стратегиясини қабул қилганмиз, ҳар бир овулини ривожлантириш учун алоҳида маблағ ажратганмиз.

5 йил олдин Мўйноқ ва Бўзатов қанақа эди? Ҳозир Бўзатов ёшлари билан учрашдим, қўшиқ айтдим. Бўзатов Ўзбекистоннинг маданий ўчоғи, маданий маркази бўлди. Танти қорақалпоқ халқини юрагимдан эъзозлайман. Ғурур билан айтаманки, мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман, деб яна бир марта такрорламоқчиман», деди президент.

Осиё чемпионати қаҳрамонлари тақдирланди

Нутқ сўзлаб бўлгач, президент бир гуруҳ ёшларни «Мард ўғлон» ва «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирлади. Улар орасида яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати-U23 финалчилари Ҳожимат Эркинов, Жасурбек Жалолиддинов ва Ҳусайн Норчаев ҳам бор эди. Улар президент қўлидан совринларни қабул қилиб олишди.

Ҳоким ёшларни қарсак чалишдан тўхтата олмади

Президент нутқи давомида тадбирда онлайн иштирок этган Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга ҳам сўз берди. Андижондаги байрам тадбири катта экранга уланганда ҳам андижонлик ёшлар қарсак чалишдан тўхтамаётганди. Бу ҳолатни ҳоким шундай изоҳлади: «Ҳурматли президент, ёшларга шундай имтиёзлар берилишини айтдингизки, уларни тўхтатиб бўлмаяпти».

Тайёрлаган:  Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид