Ўзбекистон | 17:43 / 01.05.2018
6355
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Ленинград қамали чоғида ишлаганларга ҳам ижтимоий кўмак кўрсатилади — ВМ қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 27 апрелдаги «1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари, шунингдек фашистлар концлагерининг вояга етмаган собиқ асирлари ва Ленинград қамали чоғида ишлаган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги №317-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, концлагерларнинг вояга етмаган асирлари, Ленинград қамали пайтида ишлаган фуқароларга ойлик бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак, шахсий гигиена воситалари берилади.

Унга кўра, 2018 йил 1 майдан эътиборан ҳар ойнинг 15-санасига қадар бир кишига 3 кг ун, 1 кг гуруч, 500 г гречка ёрмаси, 500 г макарон, 1 кг лаҳм гўшт, 1 кг парранда гўшти, 200 г сариёғ, 15 дона тухум, 1 кг шакар, 1 литр ёғ, 200 г чой, 100 г атир совун, 200 г хўжалик совуни, 150 г кир ювиш кукуни, 8 дона таглик берилади.

Шунингдек, эркакларга костюм, куртка, бош кийими, қишки оёқ кийим, енгил оёқ кийим, иссиқ ички кийим, свитер — бир донадан, сорочка, ички кийимлик — икки донадан, пайпоқ —тўрт донадан; аёлларга — иссиқ кўйлак, пальто, қишки ва ёзги рўмол, қишки оёқ кийим, енгил оёқ кийим, енгил кўйлак, иссиқ ички кийим, свитер — бир донадан, ички кийим — 2 донадан, чулки — 4 донадан берилади. Бу нарсалар йилнинг 1 октябридан кечиктирилмай тарқатилади. Юқорида санаб ўтилган маҳсулотларнинг барчаси ҳар йили берилади, фақат куртка, бош кийими, пальто ва рўмоллар ҳар икки йилда бир марта берилади. Бу буюмларнинг барчаси текин, ҳаммаси ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар.

Бу ишлар билан “Нуроний” жамғармаси шуғулланади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид