Жаҳон | 09:12 / 09.09.2022
11571
3 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея ядро қуролидан огоҳлантириш мақсадида фойдаланиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Шимолий Корея ядро қуроли тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, «душман кучлар» томонидан ҳужум таҳдиди юзага келганда улардан огоҳлантириш мақсадида фойдаланишга рухсат берди. Ким Чен Иннинг айтишича, КХДРнинг ядровий мақоми энди «ортга қайтарилмайди». 

Фото: Rodong Sinmun

КХДР Олий халқ ассамблеяси (бир палатали парламент) ядро қуроли тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, ундан ташқи ҳужумдан ҳимоя қилиш учун огоҳлантириш мақсадида фойдаланишга рухсат берди, деб хабар қилмоқда КМТА Корея давлат ахборот агентлиги. «Агар миллий ядровий кучларни бошқариш ва назорат тизими душман кучлар томонидан ҳужум таҳдиди остида бўлса, ядровий зарба автоматик равишда дарҳол берилади», — дея қонун матнидан иқтибос келтирган AFP агентлиги. 

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Шимолий Корея парламенти сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатнинг ядровий мақоми энди «ортга қайтариб бўлмайдиган» эканлигини ва мамлакатни ядровий қуролсизлантириш бўйича муҳокамалар энди мантиқий эмаслигини айтди. Шимолий Корея ҳеч қачон ядро қуролидан воз кечмайди, деди Ким. Унга кўра, ядро қуроли Шимолий Кореяга мамлакат мудофаасини бузиш ва охир-оқибат ҳукуматини ағдариш учун «босим ўтказаётган» АҚШга қарши туриш мақсадида керак. 

Ким Чен Ин, шунингдек, Жанубий Кореяни ҳарбий салоҳиятини кенгайтириш ва шимолдан кучайиб бораётган таҳдидга қарши туриш учун АҚШ билан биргаликда кенг кўламли ҳарбий машғулотларни қайта тиклаш режалари борасида танқид қилди. КХДР раҳбари бундай режаларни «хавфли» ва «кескинлик туғдирувчи» деб атади.

БМТ ва АЭХА Шимолий Корея 2017 йилдан бери илк бор ядро синовини ўтказишга тайёрланаётганидан хавотирда. Буни сўнгги ойларда мамлакат шимолидаги «Пунгери» ерости полигонида қайд этилган фаоллик кўрсатмоқда. Сунъий йўлдошдан олинган суратларда 2018 йилда АҚШ билан ядросизланиш бўйича музокаралар чоғида бузиб ташланган туннеллар таъмирланаётгани ва иншоотлар қайта тикланаётганини кўриш мумкин. 2006—2017 йилларда КХДР «Пунгери» полигонида олтита ядровий синов ўтказди.

АҚШ президенти Жо Байден май ойида Вашингтон Шимолий Корея томонидан ҳарбий техниканинг ҳар қандай янги синовларига тайёр эканини айтди. Шу билан бирга, у Ким Чен Ин билан шахсан учрашиш имкониятини истисно этмади.

Мавзуга оид