Жаҳон | 09:53 / 22.07.2024
8254
2 дақиқада ўқилади

Киев қўшниларидан электр энергияси сўради

Украина Энергетика вазирлиги ишлаб чиқариш қувватининг ярми йўқотилганини эълон қилди. Руминия, Словакия, Полша ва Венгриядан фавқулодда электр энергияси импорти сўралган.

Фото: AFP

Украина энергетика тизими ишлаб чиқариш қувватларининг сезиларли тақчиллигига дуч келмоқда, шу сабабли Руминия, Словакия, Полша ва Венгриядан фавқулодда ёрдам сўралди. Бу ҳақда Украина Энергетика вазирлиги 21 июл, якшанба куни ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. Ушбу мамлакатлардан кунига 25 682 МВт/соат электр энергияси импорт қилиниши режалаштирилган. Вазирлик Днипропетровск ва Черниҳив вилоятларида истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашда жиддий қийинчиликлар кузатилаётганини маълум қилди. Электр таъминотидаги чекловлар асосий сабаби - Россиянинг энергия инфратузилмасига ҳужумлари. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, жами 9 ГВт (18 ГВтдан) ишлаб чиқариш қуввати йўқотилган.

Украинада кўплаб ГЭС ва ИЭС вайрон бўлди 

2024 йилда Россиянинг оммавий ҳаво ҳужумлари натижасида Днипро ГЭС, Киев вилоятидаги Трипилска ИЭС, Харкив вилоятидаги Змиевская ИЭС, Винница вилоятидаги Ладижинская ИЭС ва бошқалар зарар кўрди. Украина президенти Володимир Зеленский июн ойи ўрталарида мамлакатда иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришнинг 80 фоизи ва гидрогенерация учдан бир қисми йўқ қилинганини билдирди.

Россиянинг ўққа тутиши туфайли, DiXi Group таҳлилий маркази маълумотларига кўра, Россия Украинага ҳужуми бошланганидан бери иссиқлик ишлаб чиқариш (ИЭС ва ИЭМ)да йўқотишлар 85 фоизга етиши мумкин. 

«Укрэнерго» раҳбари Владимир Кудрицкий июн ойида Украина ҳеч бўлмаганда қиш бошига қадар электр энергиясини импорт қилишга мажбур бўлишини таъкидлади. 

20 майдан бошлаб Украинада саноат ва маиший истеъмолчилар учун электр энергиясини соатлаб узиш жадвали жорий этилди. Ҳукумат биноларида кондиционерлардан фойдаланиш тақиқланади. Аммо муҳим инфратузилма объектларини электр энергияси билан таъминлаш чекланмаган.

Мавзуга оид