Фан-техника | 21:43 / 24.05.2024
45528
10 дақиқада ўқилади

“Нарх уруши”. Нима учун Хитой электромобиллари жуда арзон?

Қандай қилиб Хитой компаниялари жаҳон автомобил бозорининг анъанавий етакчилари – немислар, японлар ва америкаликларни ортда қолдиряпти?

Апрел ойи охирида, тўрт йиллик танаффусдан кейин, Пекин автосалони кўргазмаси ўтказилди. Унда хитойлик ишлаб чиқарувчилар 2 сонияда 100 км/соат тезликка эришадиган электромобилларни, 1 секундда 1 километр масофа юришга етгулик қувват оладиган мўъжизавий аккумуляторларни намойиш қилди ва ҳаттоки келгуси йилдан бошлаб учар машиналар учун буюртмалар қабул қилишга ҳам ваъда берди.

Хитойликлар моделлар сони бўйича ҳам, ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш тезлиги бўйича ҳам ғарблик рақобатчиларидан устун.

Хитой автомобиллари ижтимоий тармоқлар билан интеграциялашувдан тортиб, автоном бошқарувгача бўлган имкониятларга эга.

Рақобат ва хилма-хиллик тобора ортиб бормоқда. Масалан, ўтган йили смартфон бозори етакчилари Huawei вa Xiaomi ҳам электромобиллар ишлаб чиқаришни бошлади. Айнан шу вақтда Apple ўзининг автомобил ишлаб чиқариш лойиҳасини музлатиб қўйди.

Хўш, қандай қилиб Хитой компаниялари жаҳон бозорининг анъанавий етакчилари – немислар, японлар ва америкаликларни ортда қолдирмоқда?

Дастлаб Германия, кейин Япония қувиб ўтилди

Хитой катта тезликда жаҳон бозорини забт этишда давом этяпти. Ўтган йили 1,2 млн дона электрда ҳаракатланувчи транспорт воситаларини экспорт қилди, бу 2022 йилга нисбатан 1,8 баробарга кўп. Умуман олганда, 2023 йилда экспорт кескин ўсиб, 5,26 миллион донага етган. Бу эса Хитойга Японияни дунёдаги энг кўп автомобил экспорт қилувчи давлат мақомидан маҳрум қилиш имконини берди. 2022 йилда Германия ҳам ортда қолдирилганди.

Албатта, ўсишнинг асосий омили Россиядаги талаб бўлди, хитойлик автомобил ишлаб чиқарувчилари бу мамлакатга экспортни 2022 йилга нисбатан камида 5 баравар ошириб, 800 минг донага етказди. Улар санкциялар ва геосиёсий кескинликлар ортидан Ғарб рақобатчиларидан бўшаган жойни осонлик билан тўлдиришди.

2011 йилда Blomberg телеканалида журналист Илон Маскка BYD компанияси Tesla учун потенциал рақиб бўлиши мумкинми деган мазмундаги савол беради. Маск эса кулиб юборади ва: “Сиз уларнинг машиналарини кўрдингизми? Уларни умуман рақиб сифатида кўрмайсиз. Уларда яхши маҳсулот бор деб ўйламайман”, дея жавоб беради. Жорий йил январ ойида таҳлилчилар билан суҳбатда эса у Хитой автомобил компанияларининг дунёдаги энг рақобатбардош эканини тан олди.

Ҳа, ўтган давр мобайнида Хитой автомобилсозлик саноати жуда тез ривожланди. Ғарб бозорларидаги энг машҳур электрокар ишлаб чиқарувчи Tesla'нинг сотуви 2024 йилнинг биринчи чорагида 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга камайди. Хитой автомобилларининг улуши эса ортиб боряпти.

TrendForce тадқиқот компаниясининг 2024 йил феврал ойидаги ҳисоботига кўра, хитойлик ишлаб чиқарувчилар жаҳон бозорида электромобиллар сотуви бўйича энг яхши бешта ўриндан учтасини эгаллаб турибди: BYD – 17 фоиз, GAC Aion – 5,2 фоиз ва SAIC-GM-Wuling – 4,9 фоиз. Tesla 19,9 фоиз бозор улуши билан биринчи ўринни банд қилган бўлса, Volkswagen 4,6 фоизлик улуш билан бешинчи ўринда қайд этилган. Таққослаш учун, хитойлик ишлаб чиқарувчиларга 2012 йилда глобал электрокарлар сотувининг атиги 0,1 фоизига тўғри келган.

Хитой компаниялари биргина жорий йилнинг ўзида 70 дан ортиқ янги моделларни сотувга чиқарган. Бу ердаги энг муҳим омиллардан бири шундаки, хитойлик автомобил ишлаб чиқарувчилари ўз каталогини “эски ишлаб чиқарувчилар”га қараганда анча тезроқ янгилаяпти.

Бундан ташқари, Хитой – дунёдаги энг катта автомобил бозори. Ўтган йилда мамлакатда умумий сотилган автомобилларга нисбатан хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг улуши биринчи марта 50 фоиздан пастга тушди. Бу тенденция давом этмоқда. Айни пайтда 48 фоизга етган. Икки йил олдин бу кўрсаткич 57 фоиз бўлган.

Халқаро энергетика агентлиги (IEA) прогнозларига кўра, 2024 йил охирига келиб, электромобилларнинг улуши Хитойда 45 фоизни, Европада 25 фоизни, АҚШда эса атиги 11 фоизни ташкил этади.

Ғарбдаги ҳукуматлар ўз бозорларини ёпишни бошлади

Глобал рақобатнинг ошиб бориши фонида Ғарб давлатлари Хитойдан автомобиллар импортини чеклашга урғу бера бошлади.

2018 йилда Трамп маъмурияти чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллари учун амалда бўлган 2,5 фоизлик солиқдан ташқари, Хитойда ишлаб чиқарилган автомашиналарга 25 фоизлик махсус бож жорий қилганди. Байден маъмурияти бу сиёсатни янада кучайтирди ва Хитойдан импорт қилинадиган электромобиллар учун божларни 25 фоиздан 100 фоизга оширди. Бу қарор “миллий хавфсизликка таҳдид” билан боғлиқ экани таъкидланган бўлса-да, аксарият мутахассислар томонидан ички бозордаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни сунъий равишда сақлаб қолиш дея баҳоланяпти.

Хитой таклиф этаётган электромобилларнинг нарх устунлиги шу даражада каттаки, ҳаттоки 25 фоизлик импорт солиғи ҳам BYD каби компанияларнинг АҚШ бозорига киришини тўхтатиб қўйиш учун етарли бўлмаган бўлиши мумкин. Масалан, бир зарядлашда 400 кмдан ортиқ масофани босиб ўта олишига кафолат берилаётган BYD Seagull каби электромобиллар Хитой бозорида тахминан 10 700 доллар атрофида сотиляпти. Бу АҚШда сотиб олиш мумкин бўлган энг арзон электрокар нархининг учдан бир қисмини ташкил қилади.

Хитой компанияларининг Мексикада заводлар қуришни режалаштираётгани ҳақидаги миш-мишлар ҳам АҚШ ҳукуматини ўз бозорига “орқа эшик” пайдо бўлишидан қўрқитган бўлиши мумкин.

Европа Иттифоқи импорт қилинадиган автомобилларга 10 фоизлик бож ундиради. Бу, албатта, жуда катта тўсиқ эмас, аммо улар ҳам Хитой электромобилларига нисбатан қаттиқлашган тартиб жорий қилиши мумкин.

Ўтган йилнинг кузида Европа Комиссияси Хитой электромобиллари учун субсидиялар бўйича текширув бошланганини эълон қилганди.

“Жаҳон бозори арзон электромобиллар билан тўлиб кетди. Уларнинг нархи катта давлат субсидиялари туфайли сунъий равишда пасайиб бормоқда. Мен Европа Комиссияси томонидан Хитойда электр транспорт воситалари учун субсидиялар ажратиш бўйича тергов бошлаганини эълон қилмоқчиман. Европа пойга учун эмас, рақобат учун очиқ”, деганди Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен.

Хитой компанияларининг Европа электромобиллари бозоридаги сотув улуши 2019 йилда 0,5 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич ўтган йили 9 фоиздан ошган.

Нега Хитой электромобиллари арзон?

Хитой электромобилларининг глобал миқёсида тез оммавийлашиб кетаётганининг асосий сабаби бу – уларнинг анча арзонлигида. Ғарбда электромобилларга ҳали ҳам оддий транспорт воситаси эмас, балки ҳашамат сифатида қарашади. Чунки уларнинг баҳоси ички ёнув двигателлари билан ҳаракатланувчи анъанавий автомобилларга қараганда анча қиммат. Хитойликлар эса бундан фойдаланишяпти.

Қуйидаги бир қанча омиллар Хитой компанияларига ўз транспорт воситалари нархини арзонлаштиришга ва рақибларига “нарх уруши” эълон қилишига имконият бераётган бўлиши мумкин.

Биринчидан, Хитой ҳукумати ўзининг электромобил секторини катта миқдорда субсидиялайди, шу жумладан истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар учун катта солиқ имтиёзлари тақдим этади. Масалан, ўтган йилнинг июн ойида 520 миллиард юан (қарийб 72 миллиард доллар) миқдоридаги савдо ва солиқ имтиёзлари пакети эълон қилинди. Бу тўрт йил давомида амал қилади ва ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ҳамда электр транспорт воситаларини истеъмолчилар учун арзонроқ қилиш имконини беради.

Иккинчидан, электр транспорт воситасининг асосий харажат компоненти батареялар тўплами бўлиб, умумий нархнинг 30 фоизидан 40 фоизгача бўлган қисмини ташкил этади. Бу ерда аккумуляторлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ жараён тўлиқ Хитой компанияларининг ўзи томонидан амалга оширилади. Энг йирик кобалт кони Конгода жойлашган. Хитой компаниялари кобалтни ўша конларда қайта ишлайди.

Бундан ташқари, Хитойнинг Сичуан провинциясида дунёдаги учинчи энг йирик литий кони бор. Литий ҳам, кобалт ҳам электромобилларни қувватлайдиган аккумуляторларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган энг муҳим хомашёлар ҳисобланади. Шунингдек, Хитой ҳукумати санкциялар остидаги Россиядан арзон нархларда никел импрот қиляпти.

Бундан ташқари, бозорда катта талабга эга бўлган электромобил аккумуляторлари секторида энг яхши ўнта ишлаб чиқарувчилардан олтитаси (CATL, BYD, CALB, Gotion High-Tech, EVE Energy вa Sunwoda) Хитой компанияларидир. Уларнинг бозордаги умумий улуши ҳам йилдан йилга ошиб боряпти.

Шунингдек, Хитой компаниялари инновацион жиҳатдан ҳам анча илгарилаб кетди. Масалан, яқинда дунёдаги энг йирик EV аккумуляторлари ишлаб чиқарувчи CATL 10 дақиқалик заряд билан 600 кмгача ҳаракатланиш имконини берувчи янги маҳсулотини тақдим этди.

Учинчидан, ишлаб чиқариш кўламининг катталиги ва арзон ишчи кучи. Хитой дунёдаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи давлат бўлиб, автомобилсозлик саноатида кучли ва йирик инфратузилмага эга. Ишлаб чиқариш ҳажмининг катталиги эса харажатларни камайтириш ва хомашёни тежаш имконини беради. Хитойда ишчи кучи ҳам АҚШ ва Европадагидан анча арзон. Бу ҳам электромобиллар таннархига сезиларли даражада таъсир ўтказади.

Тўртинчидан, ички рақобат. Хитой ички бозорида электромобил ишлаб чиқарувчилар ўртасида кучли рақобат мавжуд. Бу эса кўпроқ харидорларни жалб қилиш учун инновациялар қилиш ва нархларни пасайтиришни рағбатлантиради.

Юқоридаги омиллар комбинацияси Хитойнинг электромобил ишлаб чиқарувчи компанияларига ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва истеъмолчиларга янада арзон нархларни таклиф қилиш имконини беряпти.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид