Жамият | 12:30 / 03.07.2020
38146
17 дақиқада ўқилади

Олий таълим муассасаларидаги бўш иш ўринлар нега оммага эълон қилинмайди? Муаммо, таҳлил, таклифлар

Олий таълим сифати кўп жиҳатдан таълим жараёнининг асосий иштирокчилари бўлган педагог ходимларнинг билими, илмий салоҳияти, касбий маҳоратига боғлиқ. Бу эса кўп жиҳатдан олий таълим муассасаларидаги педагог ходимлар бўш иш ўринлари оммага очиқ эълон қилинганига, ишга олиш жараёни қай даражада очиқ, шаффоф, холис ва соғлом рақобат асосида ташкил этилганига боғлиқ.

Шу ўринда саволлар туғилади: ҳозирда мамлакатимизда олий таълим соҳасида бўш иш ўринларига педагог ходимларни жалб қилиш амалиёти қай кўринишда? Бу борада қандай муаммолар мавжуд? Бу масалаларда илғор давлатлар тажрибаси қандай? Улардан нималарни ўрганишимиз мумкин? Ушбу қисқача таҳлил орқали олий таълим муассасаларидаги (ОТМ) бўш иш ўринларига педагог ходимларни жалб қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича фикр ва таклифлар билдирмоқчимиз. Аммо, аввало...

Муаммолар

Ҳозирда мамлакатимизда 110дан ортиқ олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Шундан 90дан ортиғи маҳаллий олий таълим муассасалари бўлиб, бу кўрсаткич кундан кунга ўсмоқда. Баъзи маҳаллий олий таълим муассасаларидаги педагог ходимлар сони 100 нафардан камроқ бўлса, баъзи йирик олий таълим муассасаларида бу кўрсаткич 1000-1200 нафардан ошиқ. Ушбу олий таълим муассасаларининг ҳар бирида йил давомида тахминан 20дан – 200тагача бўш ўқитувчилик иш ўринлари очилади. Бу рақамлар оралиғидаги фарқ кўлами олий таълим муассасасининг иқтисодий ҳолати, ундаги талабалар сони ва унинг географик жойлашувига боғлиқ. Мамлакатдаги барча маҳаллий олий таълим муассасалари кўламида олганда бу ушбу таълим муассасалари томонидан ҳар йили тахминан 1800–5000 нафар педагог ходимлар ишга олинаётганини англатади.

Ушбу педагог ходимлар қай йўсинда ишга олиняпти? Номзодлар олий таълим муассасасида иш ўринлари очилгани тўғрисидаги маълумотни қаердан олишяпти? Олий таълим муассасасида иш ўрни очилгани тўғрисидаги маълумот керакли гуруҳга етиб боряптими?

Афсуски, ҳозирча бу саволлар очиқлигича қолмоқда. Эҳтимолий жавоблар эса одамни бироз хавотирга солади.

Ҳозирда педагог ходимларни ишга олиш Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сонли қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида амалга оширилиши лозим. Лекин кузатишларимиз кўп олий таълим муассасаларида ушбу низом талабларига етарлича амал қилинмаётганини кўрсатмоқда.   

Биргина мисол: ушбу низомда олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга олиниши таъкидланган. Унда танлов ҳақидаги маълумотлар «вақтли матбуотда ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан олий таълим муассасасининг кўп нашрли газетасида эълон қилиниши» таъкидланади. Лекин ҳозирда қанча университетларнинг ички газетаси мавжуд?

Газета ва нашрлар мавжуд бўлганда ҳам, улар университет аъзоларидан ташқари яна кимларга етиб боради? Ёки олий таълим муассасасидаги бўш иш ўрнига даъвогар бўлиши мумкин бўлган номзодлар бошқа вилоятда ёки хорижда истиқомат қилса-чи? Афсуски низомдаги ушбу меъёр замон талабларига жавоб бермайди. Ушбу меъёр 2006 йил учун тўғри бўлган бўлиши мумкин, бироқ орадан 14 йил вақт ўтди, замон ўзгарди. Ҳозирда одамлар бу каби янгилик ва маълумотларни асосан интернет саҳифаларидан, ижтимоий тармоқлардан кутишади.

Аммо мамлакатимиз ОТМларидаги мавжуд ва янги очилган бўш иш ўринлари жуда кам ҳолатларда интернет орқали оммавий тарзда эълон қилинмоқда.

2020 йил июнь ойида ОТМларнинг интернет саҳифаларини норасмий таҳлил қилганимизда фақатгина Қорақалпоғистон, Урганч ва Бухоро давлат университетлари, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент кимё-технология университети, Тошкент ахборот технологиялар университети Фарғона филиали, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент молия институти интернет саҳифаларидагина «бўш иш ўринлари» рукни очилганини кўрдик.  

Аммо ҳатто ушбу очилган саҳифаларда ҳам «бўш иш ўринлари», «иш ўрни» ёки «вакансия» сўзлардан бошқа ҳеч гап йўқ ёки эълонлар педагог xодимларни эмас, балки техник ходимларни ишга олишга оид. Қолган ОТМлар интернет саҳифаларида муассасасидаги бўш иш ўринлари бўйича рукн ҳам топа олмадик. Бунга қандай изоҳ берамиз?

Муносиб педагог кадрларга бўлган талаб ортиб бораётган бир пайтда маҳаллий олий таълим муассасаларига бундай кадрлар керак эмасми? Ёхуд мавжуд бўш иш ўринларини оммага маълум қилишдан уларни нима тўсмоқда?

Иш ўринлари ҳақидаги хабарларни ўзларининг Facebook саҳифалари орқали эълон қилаётган олий таълим муассасалари ҳам борлиги, лекин бундай ОТМлар жуда камлигини кузатдик. Қолаверса, бу маълумотлар таълим муассасасининг расмий саҳифаларида эълон қилиниб, кейин ижтимоий тармоқлар ва бошқа интернет платформалари орқали кенг оммага етказилиши лозим. Хуллас, мамлакатимизда ОТМлари педагог ходимлар иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар кенг оммага етарлича очиқланмаяпти ҳамда ишга олиш жараёни ҳали ҳам шаффоф эмас.

Мамлакатдаги хорижий университетларда эса бу масалада вазият маҳаллий университетларга қараганда анча яхши эканлигига гувоҳ бўлдик. 2020 йил июнь ойи давомида ўтказилган норасмий ўрганишимиз натижалари шуни кўрсатдики, ИНҲА, Вестминстер университетлари, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти интернет саҳифаларида бўш иш ўринларига оид батафсил маълумот олиш мумкин.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган йирик хорижий университетлар орасида Тошкентдаги Турин политехника университети интернет саҳифасида бўш иш ўринлари рукни мавжуд эмаслигини кўрдик, аммо, умуман олганда хорижий ОТМлар педагог ходимларни ишга олиш нисбатан шаффоф эканлигини айтиш мумкин.

Оқибатлар

ОТМларда очилган педагог ходимлар иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар оммага эълон қилинмаслиги ёки етарлича эълон қилинмаслигининг бир қанча салбий оқибатлари мавжуд. Жумладан:

  1. Очилган бўш иш ўринларига муносиб педагог ходимларни жалб қилиш жараёни қийинлашади. Зеро, танловда қанча кўп номзодлар қатнашса, шунча яхши – бу бўш иш ўрнига муносиб мутахассисни танлаб олиш имкониятини беради.
  2. ОТМларда очилган иш ўринлари асосан таниш-билишчилик, коррупция йўллари орқали тўлдирилишига олиб келади. Таниш-билишчилик ва коррупция аралашган жойда холислик, соғлом рақобат бўлмайди. Педагогик коллективини xолислик ва соғлом рақобат асосида шакллантирмаган ОТМлардан сифатли таълим, илм-фан ривожини кутиб бўлмайди.  

Пировард натижада мамлакатнинг кўплаб соҳалари, хусусан иқтисодиёт зарар кўради.

Хорижий тажриба
Ривожланган давлатларда олий таълим муассасаларидаги профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчи ходимлар бўш иш ўринлари қандай қилиб оммага маълум қилинади?

Деярли барча университетларнинг ички қоидаларида ўзларида очилган бўш иш ўринларини очиқ ва шаффоф усулда кенг оммага эълон қилиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Бу қоидага кўра, улар ўзларида очилган бўш иш ўринларини кенг оммага эълон қилмасдан тўлдиришларига йўл қўйилмайди. Шу жойи биз учун муҳим...

Бу талабга ҳатто университет ичида етарли номзодлар мавжуд бўлган тақдирда ҳам амал қилинади. Чунки университет ташқарисида улардан-да муносиб номзодлар бўлиши мумкин. Буни эса фақат очиқ ва шаффоф танлов орқалигина аниқлаш мумкин. Xуллас, очилган бўш иш ўрни учун ҳар доим ички ва ташқи номзодлар тенг ҳуқуқлилик асосида рақобатлашади.

Бундан ташқари, бўш иш ўрни тўғрисидаги эълон маълум талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, унда ишга олувчи тўғрисида қисқача маълумот, номзодларга қўйиладиган билим ва малака талаблари, педагог ходимдан айнан қандай вазифаларни бажариш кутилаётгани, иш шароитлари ҳақида маълумот, профессионал ўсиш истиқболлари ва афзалликлари аниқ кўрсатиб ўтилиши зарур.

Бундан ташқари, эълонда у мазкур порталга қачон жойлаштирилгани, ҳужжатларни қабул қилиниши қачонгача давом этиши, иш қачондан бошланиши кўзда тутилаётгани, иш ҳақининг таxминий миқдори, номзоддан талаб қилинадиган маълумот ва ҳужжатларнинг аниқ рўйxати, ишга олувчи олий таълим муассасаси манзили, у билан алоқа ўрнатиш маълумотлари белгилаб қўйилади. Номзоддан талаб этиладиган маълумотлар рўйхати қисқа ва объектив бўлиши зарур.

Қуйида бу масалада Япония, Канада, Франция ва Буюк Британия давлатларининг ҳозирдаги мавжуд тажрибаларини келтириб ўтамиз.

Япония тажрибаси
Япониядаги деярли барча очилган академик иш ўринларига оид эълонлар Япония фан-техника Агентлиги JREC-IN Portal интернет саҳифасидаги алоҳида порталда чоп этиб борилади. Порталда университет номи, иш соҳаси, ишнинг тури каби устунлар бўлиб, у ерда ҳар бир соҳа бўйича профессор, доцент ёки ёрдамчи профессор мақомига доимий ёки вақтинчалик ишларнинг рўйхати келтирилган. Масалан, порталда 2020 йил июнь ойи ҳолатига 3692та бўш иш ўринлари мавжудлигини кўриш мумкин. Порталда эълонлар асосан япон тилида берилади. Аммо, инглиз тилидаги ишчиларга эҳтиёж бўлганда ишлар инглиз тилида ҳам эълон қилинади.

Портал интернет саҳифаси:

Иш берувчи институт ёки университет портал томонидан белгиланган шаблонга риоя қилган ҳолда, талабгорлардан талаб этиладиган барча шартларни баён этиши лозим. Бунда авваламбор иш берувчига оид муҳим маълумотлар қисқача баён этилгач, ундан кейин номзодларга қўйиладиган талаблар, маош миқдори, топшириш муддати, топширилиши лозим бўлган ҳужжатлар, топширилиши зарур бўлган манзил кўрсатилади.

Белгиланган муддатда университет топширилган ҳужжатлар бўйича дастлабки саралашни ўтказади ва номзодлар билан хат орқали богланиб, саралашнинг кейинги босқичига таклиф этади. Муносиб кўрилмаган номзодларни эса дастлабки саралашдан кейин хабардор этади.

Канада тажрибаси
Канадада барча академик иш ўринлари бўйича эълонлар асосан University Affairs интернет порталининг Search Jobs саҳифасига жойлаштирилади. Ҳар бир университет ички қоидаларида очилган иш ўринларини тўлдириш бўйича эълонлар ушбу интернет саҳифаси порталига жойлаштирилишини талаб қилувчи меъёрлар мавжуд. Япониядаги каби ушбу порталда ҳам иш қидирувчи академик соҳанинг ҳар қандай йўналишлари бўйича мавжуд эълонларни кўриб чиқиш имкониятига эга. Унда ишни иш турига кўра, соҳалар бўйича, вакансиянинг географик жойлашуви ва калит сўзлар бўйича излаш мумкин.

Ҳозирда порталда 2020 йил июнь ойи ҳолатига кўра жами 200дан ортиқ академик иш ўринлари бўйича эълонлар турибди. Эълонларда барча керакли маълумотлар билан бирга эълон порталга қачон жойлаштирилгани, ҳужжатлар қабул қилиниши қачонгача давом этиши, иш қачондан бошланиши ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатилган. Иш қидираётганлар мунтазам ушбу портал эълонларини кузатиб боришади. Ушбу портал ҳозирда Канада Университетлари (Universities Canada) деб номланувчи ташкилот томонидан бошқарилади, ташкилот олий таълим муассасаларининг аъзолик бадаллари асосида фаолият юритади.

Портал интернет саҳифаси:

Франция тажрибаси

Профессор-тадқиқотчилар ишга кириш танловларида қатнашиш ва илмий фаолиятни амалга ошириш учун керак бўлган барча маълумотларни олиш ва ишга кириш жараёнлари Олий таълим, тадқиқот ва инновация Вазирлиги томонидан ишга туширилган GALAXIE интернет саҳифаси орқали амалга оширилади. GALAXIE’да ҳозирги кунда актив бўлган иш ўринлари бўйича эълонлар қўйилган. Номзодлар бу манба орқали Университетлар миллий кенгашига (Conseil national des universités) мурожаат қилишади. Кенгаш илмий ходимларга квалификация бериш, профессорлик ва доцентлик иш жойларига танловларни ўтказади ва бу танловлар натижалари бўйича қарор қабул қилади. Мурожаатлар сентябрь-октябрь ойларида қабул қилинади ва танлов натижалари келгуси йилнинг январь ойида эълон қилинади.

GALAXIE’да яна Франция олий таълим тизимида доцент ва профессорлик квалификациясини олиш учун керак бўлган умумий қоидалар ва соҳасига қараб хусусий талаблар бўйича барча маълумотлар берилган. Эълонлар саҳифасини кузатганимизда ҳозирги кунда очиқ бўлган танловлар билан бир қаторда жорий йил бўйича якунланган танловлар ҳақидаги маълумотларни ҳам кўрамиз. Масалан 2020 йил 23 июнь ҳолатига эълон қилинган иш ўринлари сони 1800тани ташкил этади.

Мурожаат учун талаб қилинган ҳужжатлар рўйхати қуйидагича: 1) PhD дипломининг нусхаси (ёки хорижий тилда берилган дипломнинг таржимаси; 2) батафсил CV: 3) учта энг яхши мақола/нашрлар; 4) PhD ҳимояси протоколи: 5) мурожаат нусхаси; 6) PhD диссертацияси матни.

Портал интернет саҳифаси:

Буюк Британия тажрибаси

1998 йилдан бошлаб Буюк Британиянинг Варвик (Warwick) университети томонидан академик ва тадқиқот ишлари бўйича халқаро jobs.ac.uk интернет портал ишга туширилган. Бу порталда олий таълим йўналишининг барча соҳалари бўйича нафақат Буюк Британия, балки дунёнинг кўпгина мамлакатларидаги нуфузли олий ўқув даргоҳлари ва тадқиқот институтлари томонидан берилган эълонларни топиш мумкин. Ушбу портал ўзининг жуда ҳам осон ва қулай тарзда ташкил қилинганлиги, халқаролашганлиги ва кенг қамровлилиги билан ажралиб туради. 

Энг муҳими, бошқа давлат порталларидан фарқли jobs.ac.uk портали университетни бошқариш, техник масалалар, кутубхона ва маркетинг масалаларига оид алоҳида бўлимлари мавжуд бўлиб, бундан академик соҳа ва университетнинг техник таъминоти ва бошқаруви соҳасидаги бўш иш ўринлари хам кўрсатилган.

Тавсиялар

Кўп тилга олинадиган яxши нақл бор: бирор бир муаммони ҳал этишда «велосипедни қайтадан кашф этиш» шарт эмас.

Яъни айрим муаммоларнинг ечими чуқур тадқиқотларни талаб этмайди. Мавжуд, кўп йиллар давомида ўзини исботлаган тизимларни ўрганиб, жорий этиш кифоя. Бунинг учун энг аввало муаммо мавжудлигини тан олиш ва муаммонинг ечимини чин дилдан исташ керак.

Муаммо аниқ: маҳаллий ОТМларга педагог ходимларни жалб қилиш тизими етарлича шаффоф эмас.

Cўнгги пайтларда ҳукумат томонидан олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар бу каби муаммоларни ечишга сиёсий ирода борлигига ишора қилмоқда. Юқоридагиларни ҳисобга олиб ва ўзимизнинг бу борадаги тажрибаларимизга асосланиб, қуйидагиларни тавсия этамиз:

  1. Мамлакатдаги барча ОТМларда йил давомида очиладиган профессорлик, доцентлик, катта педагог ходимлар, педагог ходимлар, ва педагог стажер иш ўринлари тўғрисидаги эълонларни жойлаштириш ва ушбу иш ўринлари ҳақидаги маълумотни кенг оммага қулай ва янада шаффоф тарзда етказиш мақсадида Буюк Британия, Япония, Канада, Франция ва бошқа илғор мамлакатлардагидек ягона «Олий таълим муассасаларида иш ўринлари» интернет порталини ташкил этиш керак. Ягона интернет порталида эълонлар мамлакат миқёсида барча олий таълим муассасаларида очилган педагогик ходимлар бўш иш ўринларини ўзида қамраб олишини таъминлаш.
  2. Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи ҳар бир ОТМ ўзининг интернет саҳифасининг асосий қисмида алоҳида «иш ўринлари» саҳифасига эга бўлиши керак. Олий таълим муассасасида очилган ҳар бир профессорлик, доцентлик, катта педагог ходимлар, педагог ходимлар ва педагог стажер иш ўринлари тўғрисидаги эълонларни мазкур интернет саҳифасида мунтазам равишда жойлаштириб бориши керак. Амалиётчи маърузачи иш ўринлари ёки ташриф буюрувчи педагог (visiting academic) лавозимлари бундан мустасно.
  3. Ҳар бир ОТМ ўзининг ички низом ва қоидаларида педагог ходимлар (профессорлик, доцентлик, катта педагог ходимлар, педагог ходимлар ва педагог стажер) бўш иш ўринларини ОТМ «иш ўринлари» саҳифасида ва ягона интернет порталида олдиндан бериладиган эълонларсиз тўлдирилишига йўл қўймасликни талаб этувчи қоидани ишлаб чиқиш керак. Амалиётчи маърузачи иш ўринлари ёки ташриф буюрувчи педагог (visiting academic) лавозимлари бундан мустасно.
  4. Ягона интернет портали ва ОТМнинг интернет саҳифасида жойлаштириладиган иш ўринлари тўғрисидаги эълонда кўрсатилиши талаб этиладиган минимал маълумотлар рўйхатини белгилаш. Бунда энг асосий маълумотлар сифатида 1) ишга берувчи ОТМ тўғрисида қисқача маълумот; 2) ишга олинувчига қўйиладиган билим ва малака талаблари; 3) педагог ходимдан кутилаётган вазифалар; 4) эълон порталга қачон жойлаштирилгани; 4) ҳужжатларнинг қабул қилиниши қачонгача давом этиши; 5) иш қачондан бошланиши; 6) таxминий иш ҳақи миқдори ва бошқа иқтисодий-ижтимоий имтиёзлар тўғрисидаги маълумот; 7) ишга олинувчи тақдим этиши керак бўлган маълумот ва ҳужжатларнинг аниқ рўйxати; 8) иш берувчи ОТМ манзили, ундаги масъул бўлим ва шахснинг контакт маълумотлари кўрсатилиши.

Алишер Умирдинов (PhD), Вохиджон Ўринов (PhD), Иқболжон Қорабоев (PhD)

«Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳузуридаги Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари мазкур тадқиқотни ўтказишда ва мақолани тайёрлашда иштирок этишди.

Мавзуга оид