Ўзбекистон | 12:55 / 29.10.2019
12626
2 дақиқада ўқилади

Манзил-колониялардаги маҳкумларга мустақил равишда овқат тайёрлаш ҳуқуқи берилади

Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Тегишли ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

ИИВ озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидалари 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“2. ЖИЭМларга қуйидагилар киради:

жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан даволаш ҳуқуқи асосидаги колониялар;

тарбия колониялари;

турмалар;

маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар.”.

Қуйидаги мазмундаги 6-1- банд билан тўлдирилади:

“6-1. Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар бемор маҳкумларни сақлаш ва уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган.”.

10-банднинг (Манзил-колонияларга қуйидагилар ўтказилмайди) тўртинчи хатбошиси (юқумли касалликларга чалинган беморлар) қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“ёпиқ турдаги тиббиёт муассасаларида махсус даволаниш талаб этиладиган юқумли касалликларга чалинган беморлар;”.

12-банд (Манзил-колонияларда маҳкумлар) қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилади:

“ўз шахсий маблағлари ҳисобига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ва йўқловлардаги маҳсулотлардан мустақил равишда овқат тайёрлашни амалга оширади.”.

12-банднинг амалдаги таҳририга кўра, манзил-колонияларда маҳкумлар:

соқчисиз, аммо назорат остида сақланадилар;

эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар;

агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин;

фуқаролар киядиган кийимда юрадилар;

ёнларида пул ва қимматли буюмлар сақлашлари, пулдан чекланмаган ҳолда фойдаланишлари мумкин;

чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид