Ўзбекистон | 16:04 / 19.10.2021
18066
3 дақиқада ўқилади

Ходимлар розилигисиз ойликдан ушлаб қолишлар давом этяпти. Уларни ким ҳимоя қилиши керак?

Ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда, шу соҳага масъул Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ёки Касаба уюшмалари федерацияси эмас, балки адлия органлари фаоллик кўрсатаётгани қонунлардаги механизмлар етарли даражада ишламаётганига ишора қилмоқда.

Фото: zarnews.uz

Адлия органларининг аралашуви билан Андижон давлат тиббиёт институтида 743 нафар ходимнинг иш ҳақидан ҳашар учун деб ушлаб қолинган пуллар қайтарилди.

Бу – Ўзбекистонда ҳамон ходимларнинг розилигисиз иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳолатлари мавжудлигини исботлади.

Kun.uz'га келаётган бир нечта мурожаатларда ҳам айни шу каби ҳолатлар ҳақида сўз боради.

Жумладан, Хонобод шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси ойлик маошидан 200 минг сўм ушлаб қолинганидан норозилигини билдирди.

Яна бир мурожаатга кўра, Сирдарё вилоятидаги тиббиёт бирлашмаларидан бирида ҳамшира бўлиб ишловчи аёлнинг жами маоши бир ойда 4та навбатчилик учун 800 минг сўмни ташкил этса-да, шанбалик учун ундан бир кунлик иш ҳақи – 200 минг сўм ушлаб қолинган.

Андижон вилоятидаги тиббиёт бирлашмаларида ҳам сентябрдаги иш ҳақларидан шанбалик учун розиликсиз ва огоҳлантиришсиз пул ушлаб қолинган.

Ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкинми?

Меҳнат кодексининг 164-моддасига мувофиқ, ходимнинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга фақат ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади.

Яъни, иш ҳақидан шанбалик учун ушлаб қолиш ходимнинг мутлақ ихтиёрига боғлиқ – хоҳласа, розилик беради, хоҳламаса, йўқ.

Ходимни розилик беришга мажбурлаш ёки унинг розилигисиз иш ҳақидан ушлаб қолиш – ғайриқонуний.

Бундай ҳаракатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ходимлар иш ҳақидан ғайриқонуний тарзда пул ушлаб қолинганда, уларни қайси ташкилотлар ҳимоя қилиши керак?

Меҳнат кодексининг 9-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини текшириш ва назорат қилишни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари ҳамда касаба уюшмалари амалга оширади.

Шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назоратни олиб бориш Ўзбекистон бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.

Адлия органларининг тўғридан тўғри ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган мажбурияти йўқ.

Аммо, сўнгги вақтларда кузатилаётган тенденцияга кўра, аксар ҳолларда меҳнат органлари ва касаба уюшмаларининг ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги фаоллиги сезилмаётгандек.

Балки шунинг учун ҳам бу вазифани адлия органлари таъминлашга мажбур бўлаётган бўлсалар ажаб эмас.

Бу каби муаммолар билан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бевосита масъул ташкилотлар томонидан тизимли равишда курашилмас экан, улар асло барҳам топмайди.

Мавзуга оид