Ўзбекистон | 10:34 / 01.01.2024
17898
2 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамасида «маҳалла еттилиги» фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади 

Президент фармони билан «маҳалла еттилиги» ҳар бир аъзосининг вазифалари белгилаб берилди. Уларнинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳоланади. 

Фото: Kun.uz

Президентнинг 21 декабрдаги фармони билан «маҳалла еттилиги» аъзоларининг вазифалари белгилаб берилди

Фармонга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ижро аппаратида беш штат бирлигидан иборат «маҳалла еттилиги» фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади.

«Еттилик» таркибига маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори киради.

2024 йил 1 январдан бошлаб «маҳалла еттилиги» аъзоларининг иш ҳақини асосий иш жойидан бериш тартиби сақлаб қолинган ҳолда асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, улар моддий рағбатлантириб борилади.

«Маҳалла еттилиги»нинг фаолияти KPI бўйича алоҳида баҳоланади. Бунда кўрсаткичлар мазкур ходимларнинг иш берувчилари томонидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Маҳалла раислари ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари фаолиятини KPI асосида баҳолашда 20 фоиз балл бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Ижтимоий ёрдам ва субсидиялар аҳолининг камбағалликдан чиқишини таъминлаш учун мақсадли ва манзилли йўналтирилиши ҳамда қарорлар қабул қилинишида очиқлик, ҳаққонийлик, ижтимоий адолат ва шаффофлик тамойилларига риоя қилиниши учун «маҳалла еттилиги» масъул ва жавобгар бўлади.

Мавзуга оид