Ўзбекистон | 01:04 / 08.08.2021
82524
9 дақиқада ўқилади

Qalampir.uz сайти журналистига туҳмат қилинди. Бу давлат органлари ва журналистларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди

Qalampir.uz сайти журналистини таҳқирловчи видеомонтаж қилинган лавҳа ижтимоий тармоқда журналистларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

7 август куни Интернетда тарқатилган тасвирда Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйнинг айвонидаги шахси аниқлаб бўлмас даражада узоқликдан тасвирга олинган номаълум эркак ва аёл ишқий муносабати акс этган.

Ушбу ахлоқсиз видео айрим шахслар томонидан монтаж қилиниб, ундаги номаълум аёл худдики Qalampir.uz таҳририяти журналисти Феруза Нажмиддинова сифатида талқин қилинган.

Бунга журналист аёл томонидан бир кун аввал — 6 август куни Tashkent City’даги ресторан ва қаҳвахоналар Махсус комиссия томонидан жорий этилган карантин қоидаларига риоя қилмасдан, соат 20:00 дан кейин ҳам ишлаётгани, ҳаттоки соат 22:00 да ҳам буюртмалар қабул қилаётгани, емакхоналар хўрандалар билан тўла эканлиги борасида тайёрлаган репортажи сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Qalampir.uz онлайн нашри ушбу воқеа юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

«Бугун биз исталган одамни «шес секунд»да шарманда қилиш, унинг устидан исталган вақтда мағзава ағдариб, томоша қилиб туриш, обрўсизлантириш ва шу йўсинда алам олиш осон бўлган даврда яшаяпмиз. Феруза Нажмиддинова экан деб туҳмат қилинаётган видеода аёлнинг юзидан унинг кимлигини таниб олиш мумкин эмас. Ва ушбу видеога исталган аёлнинг, айтайлик, амалдор аёлларнинг ёки амалдорларнинг қизи, жияни, аёли суратини ҳам қўйиб, «шунақа иш бўлибди», деб тарқатиш мумкин ва бу ҳақиқат бўлолмайди.

Аммо айрим қабиҳ ниятдаги кимсалар бир оиланинг бекаси, жамиятда ва ишида ўз обрў-эътиборига эга бўлган аёлга туҳмат қилиш орқали, «лойни шундай отгинки, ўзи кетса ҳам, изи қолади» қабилида иш тутмоқчи бўлишди. Лекин улар мақсадларига ета олмадилар. Халқ ўз қаҳрамонларини яхши танийди ва уларни «шес секунд»да шарманда қилиш мумкин эмас.

Мазкур ҳолат жинсидан қатъи назар, исталган журналист билан рўй бериши, уларнинг шаъни ҳам ана шундай топталиши мумкинлигини инобатга олсак, Ўзбекистонда журналистларнинг дахлсизлиги масаласи янада долзарб бўлиб бораётганини фаҳмлаймиз ва QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова билан боғлиқ вазият бунинг яққол исботидир», — дейилади таҳририят баёнотида.

Qalampir.uz журналисти ўзининг шаънига ва обрўсига қилинган бўҳтон юзасидан қонуний чора кўришни сўраб, Ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, айни пайтда мурожаат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Унинг натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Шоҳрух Ғиёсов Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ишлари вазирлик назоратига олинишини ўз Телеграм каналида эълон қилди.

«Қонунчиликда ёлғон ахборот тарқатганлик, туҳмат, порнографик мазмундаги маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни ОАВ ва интернет тармоқларида тарқатиш учун жавобгарлик мавжуд эканлигини эслатиб ўтамиз.

Биз журналистларни холислик, очиқлик, шаффофлик доирасидаги фаолиятини қадрлаймиз ва уларни ҳимоясига доимо тайёрмиз», — деган Ғиёсов ўз муносабатида.

Ушбу воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳам расмий муносабат билдирди.

«Ушбу ҳолат оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятига, шу билан бирга жамиятда фаол, ахборот маконида ўз ўрнига эга журналист бўлган хотин-қизларимизнинг шаъни, қадр-қимматига салбий таъсир этувчи ҳаракат ва улар фаолиятига таҳдид сифатида баҳоланиб, ҳолат адолатли ўрганилиши Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан назоратга олинди.

Ўрганиш натижалари юзасидан батафсил ахборот берилади», — дейилади Сенат Ахборот хизмати томонидан берилган хабарда.

Журналистга уюштирилган туҳмат ва унинг шаънини топташга қаратилган ҳаракат юзасидан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳам расмий баёнот берди.

Ҳаракат жамоаси журналистнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, унинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилмоқчи бўлган шахсларнинг ҳаракатларини қоралаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўришга чақирган.

«Провокацион ва туҳмат характерга эга видеонинг қасддан тарқатилиши ҳуқуқ ва ахлоқ нормаларига, давлат раҳбарининг сўз эркинлигини таъминлашга ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсатига зид.

ОАВ вакиллари ислоҳотлар мазмун-моҳиятини, жамиятда мавжуд муаммолар ва камчиликларни ёритишга, ахборотларни воқеа жойидан холис узатишга, ўз журналистик текширувларини ўтказишга ва самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишга интилиб келмоқда. Албатта, бу очиқлик ва ошкоралик сиёсати ҳаммага ҳам ёқмайди. Айримлар ОАВга турли «усуллар» билан босим ўтказишга, таҳдид қилишга, баъзан бўҳтон, ёлғонлардан фойдаланишга ҳаракат қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ОАВ соҳасида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Журналистлар ва блогерлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ҳақида бир неча бор юқори минбардан таъкидланди. Сўз эркинлиги ва очиқлик ислоҳотлар кун тартибининг устувор йўналишларидан бири сифатида эълон қилинган Ўзбекистонда, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш, журналист, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш мумкин эмас!» — дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати муносабатида.

Расмий баёнот

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам бўлиб ўтган воқеа юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

«Агентлик ушбу журналистнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясидан яқиндан хабари бор ташкилот сифатида бу баёнотни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Агентлик ОАВ вакиллари шахсини обрўсизлантириш, журналистлар фаолиятига қинғир ва ноқонуний йўллар билан дахл қилишга бўлган уринишларни кескин қоралайди.

АОКА Qalampir.uz интернет-нашри журналистининг юксак фуқаролик бурчи ва аҳоли орасидаги долзарб муаммоларни ёритишдаги фаоллигини қўллаб-қувватлайди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур воқеликка тегишли ҳуқуқий баҳо берилишига, айбдорларга қонуний чора кўрилишига ишонади», — дейилади АОКА баёнотида.

Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров бу туҳмат янгиланаётган жамиятимиз учун жуда ёмон «сигнал» бўлганини таъкидлаган.

«Президентимиз томонидан инсон қадр-қиммати, шаъни, хусусан, аёл обрў-эътибори борасида мислсиз ишлар амалга оширилди. Бу қилмиш эса ана шу ислоҳотларга соя солмоқчи бўлди. Қолаверса, қабиҳликка асосланган бундай видеолавҳаларнинг тарқатилиши ҳар бир аёлни, хусусан, ўз касбини бажараётган ҳар бир соҳа вакилини таҳликага солиши, шубҳасиз.

Биринчидан, тарқатилган бўҳтономуз видеолавҳа Интернет тармоғи орқали миллионлаб инсонларга етиб борди. Иккинчидан, гап аёл, суюкли рафиқа, келин ҳақида боряпти. Назаримизда, видеолавҳани тарқатганлар масаланинг ана шу жиҳатини унутган кўринишади. Шу боис бу хатти-ҳаракатни барча журналист касбини эгаллаган аёлларга ҳам таҳдид деб биламиз. Бу қилмиш, албатта, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан текширилади. Бундай вазиятда биз қалам аҳли - журналистлар, блогерлар адолат тантанаси йўлида бирлашмоғимиз лозим.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси жамият манфаатлари йўлида фаолият олиб бораётган журналистларга, биринчи навбатда, уюшма аъзоларига нисбатан ҳар қандай тазйиқ, таҳдид ва бу каби тубанликларни кескин қоралайди..

Биз барча касбдошларимизни журналистларга нисбатан ҳар қандай таъқиб ва таҳдидлар, тубанликларга қарши бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб курашишга чақирамиз. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан мазкур масалани ўз назоратига олишини сўраймиз»,  — дейилади Олимжон Ўсаровнинг баёнотида.

Мавзуга оид