Иқтисодиёт | 19:27 / 18.02.2021
11028
4 дақиқада ўқилади

«Қора олтин» эффекти. У Ўзбекистонда бензин нархи ошишига таъсир қилмоқдами?

Бензиннинг бошланғич нархи жаҳон бозоридаги Brent типидаги нефть қийматига боғлиқ. Республикада маҳсулот нархининг биржа савдоларидаги ўсиши эса 1 фоизга ҳам етмайди.

Фото: ingimage/vostock-photo

Жаҳон бозорида Brent маркали нефть нархининг ўзгариши Ўзбекистон ички бозорида бензин ва керосинга белгиланган нархларнинг ўсиши ёки тушишига таъсир этувчи муҳим омил саналади. Ёнилғи нархининг ошиши табиий равишда транспорт харажатларини кўпайтиради. Натижада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, товар ва хизматлар қимматлашуви юзага келади. Аксарият ривожланган давлатларнинг валюталари нефть билан боғлангани ва ҳаттоки мамлакатлар ўртасидаги сиёсий муносабатларга сезиларли таъсири «қора олтин»нинг қай даражада қимматли манба эканини англатади.

Brent’нинг Ўзбекистонда бензин нархи ошишига таъсири ҳақида

UZEX биржа бош маклери Мансур Тўйчиев жаҳон бозоридаги нефтнинг нархи Ўзбекистонга қай даражада таъсир қилиши, хусусан АИ-80 маркали бензин нархи ошаётгани сабаблари ҳақида маълумот берди. Мутахассисга кўра, бензин нархлари Brent типидаги нефть қийматига бевосита боғлиқ.

«Автомобил бензини ва дизелнинг бошланғич нархи Brent типидаги нефтга боғланган. Бунда сотувчилар ўзининг калькуляцияси ёрдамида айнан Brent нархидан келиб чиқиб бошланғич нархни белгилайди. Яъни нарх савдоларда эмас, бошланғич ҳолатда ошмоқда.

Маҳаллий биржа савдолардаги ўсиш нархи 1 фоизга ҳам етиб бормаяпти. Масалан, нарх 5 минг сўмдан қўйиладиган бўлса, узоғи билан 5 минг 10 сўмга боряпти. Ошиш нархи фақат бошланғич нархи билан боғлиқ. Сотувчи томонидан бренд нархи ошганлиги ҳисобига нарх ошириб борилмоқда», – деган у журналистлар билан мулоқотда.

Товар-хомашё биржаси маълумотига кўра, 2021 йил 1-11 феврал кунларида 26 минг тоннага яқин АИ-80 маркали бензин биржа савдоларига қўйилган. Шундан, 21 минг тонна бензин сотилган. Бошланғич нархнинг юқори бўлиши бозордаги кейинги нархнинг ошишига сабаб бўляпти.

17 февралдаги биржа савдоларида АИ-80 маркали бензин 6 минг 54 сўм 1 тийиндан сотилди ва 55,6 сўмга қимматлади. 16 февралда эса аввалги нархидан 35 сўмга арзонлаб 5998 сўмдан сотилган эди.

Kun.uz манбасига кўра, ҳозирда ёнилғи бошланғич нархини арзонлатиб, кейин биржа бозорида кўтариш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Жаҳон бозорида Brent маркали нефть нархи ўсишининг сўнгги омили

Нефтни экспорт қилувчи мамлакатларнинг қарорлари, талаб ва таклиф қонунлари, ишлаб чиқаришни бузиш мумкин бўлган табиий офатлар ва нефть қазиб чиқарадиган мамлакатларда юзага келган сиёсий тартибсизликларнинг барчаси нархларга ўз таъсирини ўтказади. Хусусан, айни пайтда нефть нархининг кўтарилиши ривожланган йирик мамлакатларда ишлаб чиқаришдаги вазиятга боғлиқ бўлмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда нефть қазиб олишнинг умумий ҳажми учдан бир қисмга – рекорд даражага камайди. Мамлакатда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши бир қатор йирик нефтни қайта ишлаш заводлари тўхтатилиши ва нефт-газ қазиб олиш ҳажмининг 40 фоизга пасайишига олиб келди.

Лондоннинг ICE фьютчерс биржасида Brent маркасидаги нефтнинг апрел фьютчерслари нархи баррели учун 65,13 долларни ташкил этади.

Нью-Йорк товар биржасидаги электрон савдоларда март ойида WTI нефтининг фьютчерс нархи, ҳозирга келиб, баррели учун 61,74 долларга кўтарилди.

Маълумот учун, Brent – жаҳон бозорида сотилаётган икки хил нефть туридан бири. Бу ном Шимолий денгиздаги Broom, Rannoch, Etive, Ness ва Tarbert нефть конларининг номидаги бош ҳарфлардан ташкил топган қисқартма.

WTI – жаҳон бозорида сотилаётган нефтнинг иккинчи тури. Бу West Texas Intermediate сўзларидан олинган қисқартма. Номидан кўриниб турибдики, бундай турдаги нефть илк марта АҚШнинг Техас штатида қазиб олинган. WTI туридаги нефть асосан бензин олиш учун ишлатилади.

Мавзуга оид