Ўзбекистон | 19:47 / 15.08.2024
26776
4 дақиқада ўқилади

Иккита машина, учта уй ва нақд пуллар – собиқ вазирнинг бир нечта мулки давлатга етказган зарарини қоплаш учун хатланган

7 йилга озодликдан маҳрум қилинган собиқ Уй-жой коммунал хўжалиги вазири Музаффар Солиев жиноий шериклари билан 5 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағни талон-торож қилганликда айбланди. Давлатга етказилган зарар суммасини қоплаш учун собиқ вазирнинг бир нечта мулклари хатлангани маълум бўлди. Ушбу мулкларнинг айримлари унинг турмуш ўртоғи номида бўлган.

Фото: Нурафшон шаҳар ҳокимлиги

Собиқ Уй-жой коммунал хўжалиги вазири ва Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган Музаффар Солиев 7 йилга қамалди. У давлат мулкини талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлиги жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Музаффар Солиев Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўлган ҳолда жиноий шериклари билан катта миқдордаги давлат маблағларини талон-торож қилган. У вазирлик ҳузуридаги «Коммунхизмат» агентлиги, «Сирдарё сув таъминоти» МЧЖ, Жаҳон банки лойиҳаларини мувофиқлаштириш гуруҳи, Жанубий Кореянинг «Hyunsang Constructon Co.Ltd», Озарбойжоннинг «Caldash» ва «Texno-Atinak LTD», Хитойнинг «China Petroleum Pipeline Engineering Co. Ltd», Бирлашган Араб Амирликларининг «Constanta limited», Швецариянинг «Eler New energy power AG» корхоналари ҳамда «Texno-Atinak Tashkent» МЧЖнинг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари билан тил бириктирган.

Жиноий гуруҳ талон-торожликни асосан «Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказларини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш» лойиҳаси доирасида амалга оширган. Мазкур лойиҳа қиймати 138,65 млн (Жаҳон банки томонидан 88 млн, давлат бюджетидан 51 млн) АҚШ доллари бўлиб, у Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган. Лойиҳа доирасида Сирдарё вилоятининг 155 та қишлоқ аҳоли пунктларида яшовчи 354 минг аҳолини ичимлик суви билан таъминловчи, қуввати 154 минг метр куб/сутка бўлган сув олиш иншооти, 1 064 км сув тармоғи, 57 та сув тарқатиш иншооти, 35 та сув минораси қуриш режалаштирилган.

Музаффар Солиев ва унинг жиноий шериклари ушбу лойиҳа доирасида 10 та ҳолатда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш ва бошқа шаклларда жами 5 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағни талон-торож қилиб, тақсимлаб олишган. Уларнинг энг катта “иши” 2 млн доллар бўлган: жиноий гуруҳ 2 млн 8 455 минг доллар миқдоридаги иш турлари амалда бажарилмаган бўлса-да, сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилган тўлов сертификатлари ва тўлов буюртманомаларини тузиб, уларни Жахон банкига тақдим қилган. Сўнгра ушбу маблағни «China Petroleum Pipeline Engineering Co. Ltd» корхонасига ўтказишга эришиб, нақдлаштирган ҳолда ўзаро тақсимлаб олган.

Суд ҳужжатига кўра, дастлабки тергов даврида Музаффар Солиевнинг бир нечта мулклари хатланган. Жумладан, унинг номидаги Lada машинаси (149 млн сўмлик), Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Миробод маҳалласидаги уй (1 млрд 976 млн сўмлик), турмуш ўртоғининг номида бўлган Tracker машинаси (204 млн сўмлик), Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги (1 млрд 229 млн сўмлик) ҳамда Миробод туманидаги (1 млрд 846 млн сўмлик) хонадонлар, шунингдек, Солиевнинг уйидан олинган 14 600 АҚШ доллари хатланиб, етказилган зарарни қоплашга қаратилган.

Шунингдек, Музаффар Солиевнинг жиноий шериклари томонидан топширилган пул маблағлари ҳам давлат фойдасига ўтказилган.

Мавзуга оид