Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадқиқот: нотенг даромадлар сиёсий беқарорликка олиб боради
Иқтисодчилар Аҳлиддин Маликов ва Беҳзод Алимов олиб борган халқаро даражадаги илмий тадқиқот иқтисодий тенгсизликнинг ҳамда давлат бошқаруви институтлари сифатининг сиёсий барқарорликка таъсирини тушунтириб беради.
Фото: Сунъий интеллект яратган сурат
Тадқиқотда Эрондаги нотинчлик, Бангладеш ва Шри-Ланкадаги “Z-авлод” революцияси каби “ижтимоий цунами”лар иқтисодий муаммоларнинг кескин ўсиши манзарасида рўй бериши, бу ҳодисаларнинг сабаблари турлича бўлса-да, барчаси даромадлар бўйича тенгсизликнинг кучайишига бориб тақалишини кўрсатади.
Ушбу беқарорликнинг асосий қисми олимлар томонидан аниқланган махсус узатиш механизмида ётади, у бундай кўринишда:
Даромад тенгсизлиги → фуқаролик иштироки → сиёсий беқарорлик
Тадқиқот шуни кўрсатадики, бой ва камбағаллар ўртасидаги тафовут кенгайиб кетганда, одамлар орасидаги ижтимоий масофа ва адолатсизлик ҳисси кучайиб, сафарбарлик тўлқинини келтириб чиқаради.
Бунақа фуқаролик иштироки кўпинча носоғломдир, яъни бу иштирок конструктив мулоқот ўрнига, умидсизлик ва ғазабдан келиб чиқади ва сиёсий беқарорликнинг бевосита сабабига айланади.
Бу динамика 2019 йилда Лотин Америкасида юз берган норозилик намойишларида ўз аксини топди. Бу норозиликлар қитъа бўйлаб: Чили, Эквадор, Колумбия, Боливия, Гаити, Перу ва бошқаларда содир бўлган кенг кўламли намойишлар тўлқини бўлиб, иқтисодий тенгсизлик, коррупция, ёмон давлат хизматлари ва сиёсий элиталардан норозилик туфайли юзага келган ва Боливияда Эво Моралеснинг ҳокимиятдан четлатилиши, Чилида янги конституция қабул қилиш ваъдаси каби муҳим сиёсий ўзгаришларга олиб келган.
Тадқиқотнинг асосий хулосаларидан бири – иқтисодий тенгсизликнинг сиёсатни беқарорлаштирувчи таъсири универсал эмас; у мамлакат институтларининг сифатига боғлиқ. Кучли институтлар муҳим ҳимоя вазифасини бажариб, фуқаролик иштирокининг энергиясини қонуний, конструктив йўллар орқали йўналтиради. Мақолада эришилган топилмалар бу ерда айниқса маъноли бўлиб, ушбу ҳимоянинг кучли институционал сифат, яъни қонун устуворлиги, фуқароларга нисбатан давлатнинг ҳисобдорлиги, коррупциянинг жиловлангани, давлатнинг маъмурий салоҳияти ҳамда ҳукуматнинг амалдаги қонунларни тартибга солиш сифати каби муҳим омилларга боғлиқ эканини кўрсатади.
Юқоридаги хусусиятларга эга мамлакатларда тенгсизликнинг ўсиши на фуқаролик иштирокини сезиларли даражада оширади, на сиёсий барқарорликка зарар етказади.
Аксинча, Шри-Ланка ва Эрон каби мамлакатлардаги сўнгги инқирозлар моделнинг қоронғи томонини мукаммал тарзда кўрсатади. Институтлар заиф бўлганда ёки сиёсий муҳит одамлар томонидан коррупциялашган деб қабул қилинганда, амалдаги ҳокимият иқтисодий тафовут зарбини ўзлаштира олмайди.
40 фоиздан ошиқ инфляция билан бошланган, шу топда юз бераётган Эрон инқирози шуни кўрсатадики, иқтисодий шикоятларни ҳал қилиш учун қонуний, самарали каналлар бўлмаганда, юзага келган норозилик дарҳол амалдаги ҳукуматни хавф остида қолдиради, бундай муҳитда фуқароларнинг ижтимоий қатнашуви сиёсий тизимга бевосита таҳдидга айланади.
Бундан ташқари, ҳозирги даврнинг сиёсий беқарорлиги интернетнинг роли билан янада тезлашмоқда. Рақамли дунё мақолада тасвирланган “носоғлом фуқаролик иштироки”нинг кучайиб кетишига имкон яратади. Юқорида таъкидланган институционал ҳимояси заиф бўлган мамлакатларда бундай намойишлар тезроқ ва тартибсизроқ содир бўлади.
Сиёсий барқарорликнинг институционал асослари
Тадқиқот натижалари даромад тенгсизлиги ва сиёсий беқарорлик ўртасидаги мураккаб муносабатларга оид учта асосий умумлаштирилган хулосани тақдим этади.
1. Тенгсизликнинг сиёсий хавфи шартли: ривожланаётган иқтисодиётлар энг заиф
Тадқиқотнинг энг муҳим хулосаси шундаки, даромад тенгсизлигининг сиёсий беқарорликка олиб келадиган таъсири универсал эмас, балки шартлидир. Бу таъсир асосан ривожланаётган мамлакатлар учун хосдир. Ривожланган, юқори даромадли мамлакатларда институционал салоҳиятнинг кучлилиги туфайли тенгсизликнинг ўсиши фуқаролик иштирокини сезиларли даражада оширмайди ва сиёсий барқарорликка жиддий зарар етказмайди.
Аксинча, ривожланаётган иқтисодиётларда институционал заифлик мавжуд бўлса, даромад тенгсизлигининг ҳар бир ўсиши фуқароларнинг фаоллигини оширади, бу эса беқарорликка олиб келади. Бу шуни англатадики, ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий тенгсизликни бартараф этиш нафақат ижтимоий адолат масаласи, балки миллий хавфсизликнинг бевосита омили ҳисобланади.
2. Фуқаролик иштироки: беқарорлик кўприги ёки таҳдиди
Тенгсизлик сиёсий беқарорликка тўғридан тўғри эмас, балки фуқаролик иштироки орқали таъсир қилади. Институтлар сифати жуда паст бўлган шароитларда, фуқаролик жамияти фаоллигининг ортиши сиёсий тизимни беқарорлаштирувчи кучга айланади. Бу ерда фуқаролик иштироки умидсизлик ва норозиликни ифодалаш воситаси бўлиб, ҳокимиятга қарши чиқишга қаратилган.
Бироқ, институционал сифат яхшиланганда, фуқаролик иштирокининг бу беқарорлаштирувчи таъсири йўқолади. Кучли институтлар фуқароларга ўз шикоятларини қонуний, конструктив каналлар орқали етказиш имконини беради, норозилик энергиясини сиёсий тизимни мустаҳкамловчи ислоҳотларга йўналтиради.
3. Сиёсатчилар учун асосий дарс: қайта тақсимлаш + институционал салоҳият
Тадқиқотнинг энг муҳим сиёсий хулосаси шундан иборатки, иқтисодий тенгсизликни камайтиришда қайта тақсимловчи фискал сиёсатнинг ўзи етарли эмас.
Сиёсий нотинчликка қарши якуний ҳимоя – давлатнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган доимий саъй-ҳаракатлари. Хусусан, тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, институционал сифатнинг бешта компоненти ичида айнан Ҳукумат самарадорлиги (Government Effectiveness) ва Тартибга солиш сифати (Regulatory Quality) тенгсизликнинг сиёсий оқибатларини юмшатишда энг кучли модерация ролини ўйнайди.
- Ҳукумат самарадорлиги – давлатнинг сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш, шунингдек, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш қобилияти. Юқори самарадорлик фуқаролик фаоллигига бўлган эҳтиёжни камайтиради ва мавжуд фаолликнинг беқарорлаштирувчи таъсирини нейтраллаштиради.
- Тартибга солиш сифати – Ҳукуматнинг соғлом сиёсат ва қоидаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш қобилияти. Бу сифат тенгсизлик келтириб чиқарадиган фуқаролик жавобининг конструктив ёки бузувчи бўлишини белгилайди.
Иқтисодий адолатни таъминлаш ва ижтимоий энергияни бошқариш учун зарур бўлган институционал яхлитлик устувор бўлмаса, иқтисодий тенгсизлик сиёсий барқарорликни мўртлаштиришда давом этади. Шундай қилиб, сиёсий барқарорликнинг калити нафақат даромадларни тақсимлашда, балки давлат бошқарувининг сифатини оширишдадир.
Мавзуга оид
10:51 / 20.03.2026
Энг бахтли мамлакатлар маълум қилинди
02:09 / 09.03.2026
Тадқиқот: ўсмирлар тобора камроқ ухламоқда
13:45 / 11.02.2026
“Марказий Осиё бирлашса, у билан ҳисоблаша бошлашади” – иқтисодчилар таҳдидларга қандай жавоб бериш ҳақида
07:23 / 07.02.2026