Жамият | 12:35 / 05.05.2021
2248
6 дақиқада ўқилади

Қурилишга маблағ кесилгани туфайли Данғарадаги болалар боғчаси очилиши кечикмоқда

Kun.uz таҳририятига Фарғона вилоятининг Данғара тумани, Санам маҳалласи Эски Шилдир қишлоғи аҳли ишламаётган болалар боғчаси борасида таҳририятимизга мурожаат тушди. Қишлоқдаги 13-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирдан чиқарилган бўлса-да, ҳамон фаолият бошламаяпти.

Айтилган болалар боғчасига бориб гувоҳ бўлдикки, чиндан ҳам боғча капитал таъмирдан чиқарилган бўлиб, у замонавий ва кўркам қиёфа касб этган.

Таълим муассасаси мудирасини ўз иш жойидан топа олмадик. Кейинчалик маълум бўлишича, раҳбар туманда ўтаётган амалий семинарда иштирок этаётган экан.

Бизни муассаса ҳовлисида кутиб олган мурожаатчилар номидан вакил, шу қишлоқда истиқомат қилувчи Саиджон Исмоилов бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

«Қишлоғимиздаги ушбу боғчани қуриш ишлари 2020 йилни бошларида бошланиб, октябр ойларида якунига етган. Очилиш маросими бўлиши керак эди, бироқ ойдан-ойга сурилиб келяпти. Сўраб-суриштирдик, билсак — қурилишга ажратилган маблағ тўлиқ ўтказдириб берилмаганлиги сабабли, боғчага ўрнатиладиган подстанция ва қоровулхонанинг қурилиши битмабди. Ҳозир подстанцияни олиб келиб беришди. Энди устунларга қараб турибмиз. 15 апрел куни очилиш маросими қилиш керак. Халқ болаларимиз қачон боғчага қабул қилинади, деб кўп талаб қилмоқда».

Саиджон Исмоиловнинг билдиришича, мактабгача таълим муассасасига ўрнатилиши керак бўлган трансформатор учун олти дона таянч устунлари керак бўлмоқда.

Қолаверса, боғча қоровулхонасини қурилиши ҳамон бошланмаган. Уни ҳам тезлаштириш керак. Бу борада маҳалла аҳли тегишли давлат идораларига — туман ҳокимлиги, туман мактабгача таълим бўлимига мурожаат қилган бироқ ушбу идоралар фуқароларнинг ёзма мурожаатларига умуман жавоб қайтармаган. Ҳудуд туман прокурорининг секторига киради. Аҳоли прокурорга ҳам мурожаат қилган. Сектор раҳбарияти ҳам ҳар сафар одамларни «қилинади», дея ортга қайтаради.

«Ҳозир бу боғчамизга 5 та қишлоқдан болалар келади. Бу ерга қатнаган болаларнинг уч-тўрттаси уй боғчасига киради, қолганлари уйида. Масъуллардан илтимосимиз шу боғча очилишини тезлаштириб беришса»,  — дейди суҳбатдошимиз.

Мурожаатчилар билан суҳбатлашиб бўлгунимизга қадар боғча қурилишини амалга оширган қурувчи ташкилот «Тўлабой ёғдуси» хусусий корхонаси раҳбари Орифхон Жўраев ҳам келиб қолди.

Қурувчи ташкилот раҳбарининг таъкидлашича, корхона 2020 йил май ойида, тендир танловида ғолиб чиқиб обектда қурилиш ишларини бошлаган. 2020 йилнинг ноябр ойида эса корхона тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида обект қурилишини тугаллаган.

Қурилиш ишларига 2 милиард 342 миллион сўм маблағ ажратилган. Боғча ҳудудини ободонлаштириш, ҳожатхона биноси, қўшимча озиқ-овқат омбори биноси, кўмирхона бинолари қурувчи ташкилот томонидан қўшимча равишда бажариб берилган.

«Ўтган йилги пандемия сабабли инвестиция дастурига киритилган объектларга ажратилган маблағлардан кесилган. Буюртмачи ташкилот Мактабгача таълим бошқармаси ҳузуридаги Инжиниринг компанияси томонидан «Ишлар тўхтаб қолмасин, биз харакат қилмоқдамиз, албатта ажратиб берамиз», дейилганлиги учун қўрқмасдан ишониб қилганмиз. Ҳозирда ҳаракатлар бошланган экан. Ҳужжатлар молия вазирлигига киритилибди. Уларнинг гапи бўйича жорий йилнинг иккинчи чорагида қўшимча пул ажратилса объектда яна спорт майдончаси, қоровулхона, болалар учун яна иккита қўшимча ёзги айвон қурилади. Агар пул ажратилса», дея фикр билдирди корхона раҳбари О.Жўраев. 

Қурувчи ташкилот раҳбари билан суҳбатлашиб бўлгунимиздан сўнг, Данғара тумани Мактабгача таълим бўлими мудираси Гулчеҳрахон Раҳмонованинг ўзи келиб қолди.

Суҳбатдошимиз ўткан йилги пандемия сабаб қурилишга ажратилган маблағларнинг бир қисми ҳукумат қарори билан бошқа мақсадларга сарфланганлиги учун, қурилиш ишлари бироз тўхтаб турганлигини маълум қилди. Биз мудирадан боғчанинг очилиш маросимини тобора ортга сурилаётганлигига асосий сабаб нимада деган саволимизга «трансформатор ўрнатиш ишларида», деган жавобни олдик.

Таъкидланишича, ҳозирда сектор раҳбарининг ташаббуси билан боғчага янги трансформатор пункти қурилмоқда. Трансформатор олиб келинган. 10 кун ичида трансформатор ҳам ўрнатилади.

«Бизда бу бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Боғчанинг барча ошҳона жиҳозлари электр энергиясига боғланган. Шунинг учун кўп нарса трансформаторга қараб турганди», — дея таъкидлади туман МТБ мудираси.

Гулчеҳра Рахмонова сўзи якунида Эски Шилдир қишлоғидаги 13-ДМТМнинг очилиш маросими 2021 йилнинг 1 май санасига режалаштирилаётганини айтиб ўтди. Бироқ, мурожаатчилар билан хабарлашганимизда, Эски Шилдирдаги 13-боғча 3 май куни ҳам очилмаганлиги таъкидлашди.

Тўғриси, мактабгача таълим муассасаси ҳудудидан қайтар эканмиз, қишлоқдаги ота-оналарга ҳавасимиз келди. Уларнинг фарзанжлари энди замонавий ва барча қулайликларга эга масканда тарбияланади. Фақатгина у тезроқ очилиб, фойдаланишга топширилса бас.

Аҳоли ҳар ойнинг биринчи ва ўн бешинчи саналарини интиқлик билан кутади. Чунки, раҳбарлар одамларни янги ойнинг биринчи ёки ўн бешинчи санасига очилиш қилишларини айтиб, анчадан буён ваъда бериб келишади. Ўйлаймизки, масъуллар бу гал камерага рост гапиришди. Kun.uz албатта боғчанинг очилиш маросимидан репортаж қилади.

Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи Шоҳуёр Қаюмов

Мавзуга оид