Жамият | 16:01 / 31.12.2023
18994
4 дақиқада ўқилади

СЭС озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомларни истеъмол қилишда ёшга эътиборли бўлиш шартлигидан огоҳлантирди

© Sputnik / Александр Вильф

АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдураҳмон Исмоилов иштирокида ўтказилган брифингда янги йил байрами ва дам олиш кунлари овқатдан заҳарланиш ҳолатларини олдини олишда риоя қилинадиган зарур талаблар маълум қилинди.

«Шу кунларда оила бошлиқлари ва уй бекалари томонидан ушбу кунга тайёргарлик кўриш муносабати билан савдо дўконлари, бозорлар ва шу каби озиқ-овқат маҳсулотларининг савдоси учун ташкил этилган ярмаркалардан харид қилиш учун яхши кайфиятларда у ёки бу каби маҳсулотларни харид қилишга шошилиб байрам дастурхонини турли егулик ва ичимликлар билан безаш ҳаракатига тушиб қолганмиз.

Айнан шу фурсатдан фойдаланиб, сиз азизлардан ҳар бир маҳсулотларни харид қилишда фақат уларни рухсат этилган жойлардан харид қилишни, қолаверса уларнинг сифатига кафолат берувчи ҳужжатлари мавжудлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда уларнинг истеъмолга яроқлилик муддатларига, айнан сиз харид қилаётган маҳсулотлар шу маҳсулотларга хос белгилари ўзгармагани, айнимагани каби белгиларига эътиборли бўлишимиз керак.

Ваҳоланки баъзи бир уй бекаларимиз томонидан байрам дастурхони учун қўйиладиган егуликлар, ҳар хил иссиқ ва совуқ газаклар, ширинликлар, таомлар ва ичимликлар ҳаддан ташқари ортиғи билан тайёрланиб, бир вақтнинг ўзида уларнинг бир-бирига мос ёки мос эмаслигига эътибор бермасдан истеъмол қилиниши ошқозон ичак фаолияти бузилиши, вақтида хазм бўлмаслиги оқибатида кутилмаганда айнан инсон омили таъсирида у ёки бу кўринишдаги касалликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, ушбу дастурхон атрофида йиғилганлар орасида ёш болалар ва ёши катта отахон ва онахонларимиз соғлигига хавф солиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу нарсани ёдда тутиш керакки, ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомларни истеъмол қилишда ҳар биримизнинг ёшимизга эътиборли бўлишимиз шарт.

Шу нарсани унутмайликки, биргина байрам муносабати билан меъёридан ортиқ, монелиги бўйича бир-бирига мос бўлмаган таомларни бир вақтнинг ўзида истеъмол қилиш тавсия этилмайди.      

Кейинги вақтларда ахоли ўртасида айнан инсон омилига боғлиқ бўлган холатларда, қолаверса уй шароитларида тайёрланган ва герметик идишларга қадоқланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланишнинг энг оғир турларидан бўлган ботулизм касаллиги қайд этилаётганидан ОАВ орқали барчамиз хабардормиз ва айрим инсонларнинг ҳаётдан эрта кетишига сабаб бўлаётгани, афсуски учраб турибди. 

Шу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида консерва маҳсулотларини уйда тайёрламаслик, шу каби маҳсулотларни дастурхонда кўрганингизда истеъмол қилмаслик тавсия этилади. 

Бугунги кунда қаерга қарамайлик мўл-кўлчилик, нима маҳсулотни истасангиз ҳаммаси муҳайё бўлиб, энг асосийси булар ичидан ҳақиқий қуёш нурини ўзига сингдирган, инсон организми учун энг зарур бўлган витамин ва минералларни ўзида мужассам этган маҳсулотларни танлаб, истеъмол қилиш жуда муҳимдир. 

Янги йилни кўтаринки кайфиятда кутиб олиш учун шу каби тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқдир», — дейилади Абдураҳмон Исмоиловнинг чиқишида.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид