Жамият | 11:33 / 25.01.2020
25248
5 дақиқада ўқилади

Ғиждувондаги маҳалла аҳли коллеж мактабга айлантирилмаганидан норози: нега президент фармони бажарилмади?

Таҳририятга навбатдаги мурожаат Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан келиб тушди. Тумандаги «Помўза» маҳалласи фаолларининг айтишларича, 4200 кишидан зиёд аҳоли, 1150дан зиёд мактаб ёшидаги болалар истиқомат қилаётган маҳаллада мактаб йўқ.

Оқсоқолларнинг айтишича, маҳалладаги мактаб ўқувчилари туман марказидаги серқатнов йўллар бўйлаб юриб, 2,5–3 км масофага мактабларга пиёда қатнашмоқда. Боз устига, улар қатнаётган мактабларнинг барчаси туман марказига элтувчи серқатнов йўлнинг нариги томонида жойлашган. Яъни, мактаб ўқувчилари албатта йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтишга мажбур.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Маҳалла фаолларининг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сонли «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, Ғиждувон туманидаги 4та касб-ҳунар коллежлари умумтаълим мактабларига айлантирилиши керак бўлган.

Жумладан, маҳалла ҳудудида жойлашган 765 ўринли Ғиждувон агросаноат касб-ҳунар коллежи ҳам мактаб қилиниши лозим эди.

Қолган учта коллеж мактабларга айлантирилган, бироқ, маҳалла аҳлига кўра, президент фармонига терс ўлароқ, Ғиждувон агросаноат касб-ҳунар коллежи биноси тумандаги 65-ихтисослаштирилган мактаб-интернатга берилган.

Айни пайтда мактаб интернатда 230 нафар ўқувчи ўқимоқда. Унинг биносининг бир қисми «Баркамол авлод» болалар марказига ажратилган.

65-интернат директори Ёрқинжон Туробовнинг айтишича, аввалги мактаб-интернатнинг «Ҳалқаобод» МФЙда жойлашган ётоқхонаси ва ошхонаси абгор аҳволда бўлган. У 2016 йилда улар бузилган ва мактаб-интернат тасарруфида 8та синфхонали корпус қолган. Бироқ, мактаб-интернатнинг рейтинги юқори. Бу ерда республиканинг турли вилоятларидан ўқувчилар келиб ўқишади. Шу сабабли вилоят ва туман раҳбарлари қарори билан интернатни туман марказига кўчиришга қарор қилинган.

Айни пайтда мактаб интернатга айлантирилган коллежда давлат дастури асосида ўқувчилар учун ётоқхона ҳам қурилиши режалаштирилган. Ҳозир коллеж ўқув биноларидан вақтинча ётоқхона ўрнида ҳам фойдаланиб турилибди. Интернат қамрови сони 330 ўқувчигача оширилади. Бунга мактаб-интернатда етарли салоҳият бор.

Бироқ, оқсоқолларнинг фикрича, ушбу коллеж эмас, Ғиждувондаги тугатилган ва айни пайтда янги 60-мактабга айлантирилган академик лицей ихтисослаштирилган мактаб-интернатига берилиши керак эди. Чунки лицейда ётоқхона ҳам бор, ҳамма нарса тайёр.

Қолаверса, лицей маҳалла болалари қатнаётган 5-сонли ва таълим рус тилида олиб бориладиган 22-мактаблардан бор-йўғи 600 метр узоқликда жойлашган. Яъни, оқсоқолларга кўра, собиқ академик лицей биносида 5-мактаб филиали ва 65-ИМИ бемалол жойлашиши мумкин эди. Собиқ агросаноат касб-ҳунар коллежи биноси яхлит 735 ўринли янги мактаб қилинганида — мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Биз мазкур масалада Ғиждувон туман ҳокимининг ёшлар сиёсати ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Шоназар Ғайбуллаевнинг фикрларини тингладик.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, туманнинг қоқ марказида жойлашган 5-мактабда қамров коэффициенти 2,6 баробар бўлгани учун унинг яқинидаги лицей 60-мактабга айлантирилган.

Агросаноат коллежи биноси эса президент фармонига асосан халқ таълими бўлими тасарруфига ўтказилган ва ундан қай тарзда фойдаланишни туман халқ таълими бўлими ҳал қилган.

Туман ҳокими ўринбосарига кўра, 65-ИМИдан 1,5 км масофада 640 ўринли 22-мактаб, шунча масофа нарида 61-мактаб ҳам бор. Маҳалла болалари ўша мактабга боришлари ҳам мумкин.

Лекин, маҳалла аҳлининг талаблари ва эътирозлари ўрганиб чиқилиши, «Баркамол авлод» болалар маркази собиқ коллеж, айни пайтдаги 65-ИМИ корпусидан бошқа жойга кўчирилиб, мактаб-интернатда ётоқхона биноси қурилгач, у ерда бўшаган қарийб 400 ўринли корпус янги мактаб ёки бошқа мактаб филиали сифатида очилиши ҳам мумкин.

Тумандаги мазкур маҳаллада мактабга талаб бор. Буни мутасаддилар ҳам тан олиб туришибди. Мактаб барпо этиш учун бино ҳам бор. Ўйлаймизки, ғиждувонлик мутасаддилар ушбу мурожаатни синчиклаб ўрганиб, туманда яна бир билим даргоҳи сонини ошириш пайидан бўлишади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz махсус мухбири.
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид