14:00 / 27.12.2019
9
22978

Шовот туманида сайлов баённомаси кузатувчиларга берилмади, ундаги ёзувлар ҳам шубҳали

 Хоразм вилояти, Шовот тумани, «Ипакчи» маҳалласидаги 16-округ 400-участкада ўтказилган сайлов жараёнида иштирок этган кузатувчиларга овоз бериш натижалари қайд этилган баённома берилмаган. У ўз вақтида тўлдирилмаган, сайловчиларнинг овозлари эса сохталаштирилган бўлиши мумкин.

Фото: KUN.UZ

22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар ўтказилди. Шовот тумани, «Ипакчи» маҳалласидаги 16-округнинг 400-сайлов участкасида кузатувчи сифатида қатнашган, Шовот тумани Халқ депутатлари кенгашига ЎзЛиДеП томонидан номзоди қўйилган Мақсудбек Мадраҳимовнинг вакили Қаҳрамон Жуманазаров сайлов қонунчилиги қўпол тарзда бузилгани тўғрисида шикоят қилди.

«400-участкадаги сайловда Мақсудбек Мадрахимовнинг вакили ва кузатувчи сифатида қатнашдим. Овозларни санаш жараёни натижаларини ёзиб олишга муваффақ бўлдим. Мақсудбек Мадрахимов 960та, Азизбек Худайберганов 455та, Шихназар Турсунов 469та, Элёр Жуманиёзов 133та, Дилмурод Бобожонов 97та овоз олди. 134та бюллетень яроқсиз деб топилди, 19таси бўш қолдирилган эди. Аммо бу кўрсаткичлар баённомага туширилмади ва бизга бир нусхаси берилмади. Бир неча кундан бери баённомани ололмаяпмиз. Натижаларга кўра, Мақсудбек Мадрахимов энг кўп овоз тўплаган эди. Аммо сайловдан кейин Шихназар Турсунов депутат бўлганини эшитдик», - дейди у.

400-участкадаги овозларни санаш жараёни натижалари шу жойнинг ўзида зудлик билан баённомага киритилиши ва кузатувчиларга бир нусхаси берилиши керак эди. Бундай бўлмаганини яна бир кузатувчи Озод Абдукаримов ҳам тасдиқлади.

«400-сайлов участкасида Жуманазар Машариповнинг вакили ва кузатувчи сифатида иштирок этдим. Овозларни санаш жараёнида ҳам бор эдим. Аммо натижалар баённомага туширилмади ва бизга берилмади. Сайлов тугаганига 4 кун бўлса-да, ҳануз баённомани олмадик», дейди Абдукаримов.

400-участка жойлашган 29-сонли умумий ўрта таълим мактабида сайлов комиссияси раиси, шу мактаб директори Дилшод Тажиев билан учрашдик. Аммо у ОАВ мухбири гувоҳномасини кўргач ва қайси масалада мурожаат қилаётганимизни билгач, изоҳ беришдан бош тортди ҳамда хонасидан чиқиб кетди. Кейинчалик телефонини ҳам ўчириб қўйди ва алоқага чиқмади.

16-округ сайлов комиссияси раиси Янгибой Тўраевдан бу ҳолат бўйича изоҳ сўрадик. У 400-участкадаги сайлов натижалари баённомаси борлиги, аммо ўзида сақланиб туриши керак бўлган нусхасини Дилшод Тажиевга берганини, айни пайтда баённома нусхасига эга эмаслигини айтди.

Шундан сўнг, Шовот тумани сайлов комиссияси раиси Музаффар Эржанов билан учрашиб, 400-участкадаги сайлов натижалари баённомасини олишга муваффақ бўлдик. Унда Мақсудбек Мадраҳимов энг кўп – 1401та овоз тўплагани қайд этилган эди.

Шу ўринда айтмоқчимизки, Музаффар Эржанов аввалига баённомани кўрсатишни истамади ва сайлов натижаларини маълумотнома тариқасида тақдим қилмоқчи бўлди. Бироқ, сайлов қонунчилигига кўра, участкадаги сайлов натижалари қайд қилинган баённома нусхаси кузатувчиларга берилиши, бундан ташқари, пештахтага осиб қўйилиши шартлигини тушунтирганимиздан сўнг, баённомани тақдим қилди. Мухбир туман сайлов комиссияси раисига сайлов қонунчилигидан дарс берса, буни қандай тушуниш мумкин? Аслида тескариси бўлиши керак эмасми?

Яна бир жиҳати, баённома тўлдирилган, имзоланган ва муҳрланган бўлса-да, унга сана қўйилмаган экан. Музаффар Эржанов бу камчиликни зудлик билан бартараф қилиб, кўз ўнгимизда ўз қўли билан баённомага сана қўйиб берди. Буни баённомадаги ёзувлар турлича эканидан ҳам сезиш мумкин.

Бундан ташқари, Музаффар Эржанов 400-участка сайлов комиссияси раиси Дилшод Тажиевнинг баённомани ўз вақтида тақдим қилмаслиги, ҳатто бу ҳаракатига тушунтириш бермаслиги қанчалик қонуний эканига ҳам тайинли изоҳ беролмади.

Баённомани кўздан кечирдик. Қизиғи шундаки, у турли ёзувларда тўлдирилгани сезилиб қолган. Буни англаш учун эксперт-графолог бўлиш шартмас.

4, 6 ва 9 рақамлари ёзилишига эътибор қаратсак, буни бир одамнинг ёзуви дейиш қийин. Тахминимизча, баённома ёзуви бир-бирига ўхшамаган камида 2 шахс томонидан тўлдирилган. Овоз бериш натижаларидаги рақамлар ва баённоманинг бошқа қисмидаги рақамлар бир-бирига ўхшаш эмас.

Хулоса қиладиган бўлсак, 400-участкадаги сайлов жараёни бўйича қуйидаги саволлар туғилади:

- Нима учун сайлов баённомаси шу пайтгача (26 декабрь куни ҳолатига, сайловдан 4 кун ўтиб кетгач) кузатувчиларга берилмади? Депутатликка номзодлар унинг натижаларини билиб олишга ҳақли эмасми?

- Нима учун сайлов баённомаси шу пайтгача (26 декабрь куни ҳолатига, сайловдан 4 кун ўтиб кетгач) участкадаги пештахтага осиб қўйилмади? Сайловда овоз берган халқ унинг натижаларини билиб олишга ҳақли эмасми?

- Нега кузатувчи келтирган рақамлар билан баённомага туширилган рақамлар орасида (тахминан 500та овозга) фарқ бор? 

- Нима учун баённомадаги ёзувлар шубҳали тарзда ҳар-хил? Уни бир одам (котиб) тўлдириши керак эмасми?

Сўнгсўз ўрнида айтиш жоизки, Шовот туманидаги 400-сайлов участкасида юз берган бу воқеалар сайлов қонунчилиги қўпол бузилганини кўрсатмоқда. Бунга жараёнда иштирок этганларнинг гувоҳлиги, комиссия раисининг хатти-ҳаракатлари, шунингдек баъзи ҳужжатлар ишора қиляпти. Бу қонунбузарликлар ҳаққоний тарзда ўрганиб чиқилиши, уларга адолатли, қонуний баҳо берилиши керак. Сайловларда иштирок этган, ўз номзодига овоз берган халқ ишончини суиистеъмол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Kun.uz мухбири Нурмуҳаммад Саид

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top