Жаҳон | 14:10 / 03.11.2024
28087
3 дақиқада ўқилади

NYT: Россия-Украина уруши боши берк кўчадан чиқди

АҚШ разведкаси ва ҳарбийлари Украина РФ қуролли кучлари юришини тўхтата олишига шубҳа қилмоқда.

РФ қуролли кучлари 123-бригадаси ЛХРда. Александр Река / ТАСС / Profimedia

Америкалик ҳарбийлар ва разведка вакиллари ҳисоблашича, Россия-Украина уруши боши берк кўчадан чиққан, чунки Россия қўшини ҳужумларни кучайтирмоқда, дейилади The New York Times газетасининг 1 ноябр кунги мақоласида.

Муаллифлар 2024 йил ёзида Америка ҳукумати таҳлилчилари нашр билан суҳбатда Россия яқин ойлар ичида Украинада сезиларли муваффақиятга эришиши даргумонлиги, чунки «яхши ўқитилмаган қўшинлар украин мудофаасини ёриб ўтишда катта қийинчиликларга дуч келаётгани»ни айтишганини эслашган. Аммо, NYT ёзишича, бу баҳо хато бўлиб чиқди — Россия қўшини нафақат Украина шарқида сезиларли даражада илгарилади, балки украин армияси Курск областида эгаллаб олган ҳудуднинг учдан бир қисмини қайтариб олди. Бундан ташқари, Россия Украина бўйлаб дрон зарбаларини оширган — июл ойида кунига ўртача 350 та, августда 750 та, сентябрда эса 1 500 та дрон билан ҳужум қилинган.

«Россиялик ҳарбийлар 2022 йилда Украинага бостириб кирганида мунтазам равишда хатоларга йўл қўйганди, энди бу ўтмишда қолди», — дея америкалик юқори мартабали ҳарбий мулозимнинг сўзларини келтирган газета. «Ҳозирда РФ қуролли кучлари кучли эволюция қилди ва доимий ҳаракатда». Шу туфайли, Американинг айрим разведка хизматлари ва ҳарбий мулозимлар Украинанинг Россия юришини тўхтатиш имкониятига пессимистик руҳда қарамоқда.

Украина мунтазам равишда Ғарб давлатларидан қурол сўрайди, аммо, америкалик ҳарбийлар нуқтайи назарига кўра, қурол етишмовчилиги Украина қуролли кучларининг асосий муаммоси эмас. Америкалик мулозимлар айтишича, Украина Россия техникаларини йўқ қилишда дронлардан ҳам кенг фойдаланиш орқали артиллерия борасида Россия билан фарқни анча қисқартиришга эришган. Амалдорларнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари учун энг катта муаммо, аскарлар етишмаслигидир. NYT баҳоларига кўра, жангларда 57 минг украин ҳарбийси ҳалок бўлган (нашр бу маълумотлар манбасини келтирмаган), бу эса Россиянинг йўқотишларидан икки баробар кўпроқ.

Нашрнинг Пентагондаги суҳбатдошларидан бирининг фикрича, Украинада урушни яна ярим йилдан бир йилгача давом эттириш учун етарли аскар бор, шундан кейин эса Украина қуролли кучлари жиддий қўшин етишмовчилигига дуч келади. Пентагон расмийлари Украина қуролли кучлари яқинда ташкил этилган бригадаларнинг бир қисмини Украина шарқи ва жанубида ишлатиш ёки 2025 йилги қарши ҳужум учун захира сифатида ушлаш ўрнига Курск областида ҳужум қилиш учун ишлатганини қайд этишган.

Ғарбдаги расмийлар ва экспертлар ҳисоблашича, Россияда ҳам аскар ва техника бўйича жиддий етишмовчилик кузатилмоқда. Америкалик мулозимлар агар АҚШ кейинги йил ёзига қадар Украинани қўллашни давом эттирса, Украина қуролли кучларида Россиянинг техника ва аскар танқислиги бўйича муаммосидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлиши мумкинлигини қўшимча қилишган.

Мавзуга оид