Ўзбекистон | 21:51 / 04.06.2024
4237
2 дақиқада ўқилади

Адвокат стажёрига ўриндошлик асосида стажировка ўташга рухсат берилди

Янги таҳрирда қабул қилинган низомга кўра, стажировка даврида режа тасдиқлатиш, реферат тайёрлаш, уни ҳимоя қилиш, иш бўйича нутқ ёзиш, ёзма ҳисоботлар тайёрлаш каби талаблар бекор қилинган.

Фото: Getty Images

Замонавий адвокатурани жорий этиш ва адвокатлик тузилмаси ходимлари фаолиятини ташкил этишни енгиллаштириш мақсадида Адлия вазири буйруғи билан «Адвокат стажёри ва адвокат ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом янгидан тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева хабар берди. 

Қайд қилинишича, аввал адвокатлик тузилмаларида стажировкадан ўтиш учун 6 тадан ортиқ (баъзида бундан ҳам кўп) ҳужжатлар тақдим этилиши, шунингдек, стажировка давомида режа тасдиқлатиш, реферат тайёрлаш ва уни ҳимоя қилиш, иш бўйича нутқ ёзиш, ёзма ҳисоботлар тайёрлаш талаб этилар эди. Бундан ташқари, стажёрнинг ўриндошлик асосида ишлаши ҳам мумкин эмас эди. 

Янги низомга кўра, энди стажёр 4 та ҳужжат тақдим қилади. Стажировка даврида режа тасдиқлатиш, реферат тайёрлаш, уни ҳимоя қилиш, иш бўйича нутқ ёзиш, ёзма ҳисоботлар тайёрлаш каби талаблар бекор қилинган. 

Шу билан бирга, қуйидаги янги имкониятлар жорий этилмоқда:

- стажёр ва ёрдамчига суд ёки тергов органларини рухсати асосида адвокат билан биргаликда судда ёки тергов органларида иштирок этиш ҳуқуқи берилди;

- стажёрларга ўриндошлик асосида стажировка ўташга рухсат берилди;

- стажёрга раҳбар бўлган адвокат лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган ёки тугатилганда стажёр стажировкани бошқа адвокатлик тузилмасида давом эттириши мумкинлиги белгиланди;

- адвокат стажёри ва адвокат ёрдамчисининг фаолияти юзасидан иккита идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат унификация қилинди. 

Мавзуга оид