Ўзбекистон | 18:26 / 31.10.2023
10457
6 дақиқада ўқилади

“Тинч аҳоли орасида қурбонлар янада кўпайиши мумкин” — таҳлилчи Исроилнинг қуруқлик амалиёти ҳақида

“Ҳозиргача Ғазода 8 мингдан ортиқ тинч аҳоли вафот этган, асосий қисми – болалар. Эндиги операцияда талафотлар бундан ҳам кўп бўлиши табиий. Чунки қуруқлик операциясини ўтказиш жуда мураккаб: ким душман, ким оддий аҳоли билиш қийин бўлади. Аҳоли ва бинолар зич жойлашган”, – дейди сиёсий таҳлилчи Ҳамза Болтаев.

Исроил 28 октябрда ҲАМАСга қарши Ғазодаги операциянинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди. Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони кундан кунга ортиб боряпти, дунёнинг йирик шаҳарларида намойишлар тинмаяпти, лекин ҳеч қайси геосиёсий куч Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига реал тўсқинлик қила олмаяпти.

Kun.uz мухбири “Геосиёсат”нинг навбатдаги сонида уруш ва унинг атрофидаги воқеалар ривожи мавзусида сиёсий таҳлилчи Ҳамза Болтаев билан суҳбатлашди.

— Исроил ҳукумати операциянинг 2-босқичига ўтганини маълум қилди, амалда қуруқлик операцияси бошланди дейиш мумкинми?

— Исроил ҳукумати томонидан Ғазо секторида олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларнинг иккинчи – қуруқликдаги босқичи бошланди дейиш мумкин. Ҳаво кучларидан ташқари бу босқичга оғир артиллерия техникалари ҳам жалб қилинмоқда. АҚШдан ҳам ёрдам бўляпти. АҚШда қайси партия ҳукумат тепасида бўлишидан қатъи назар, Исроилни қўллаб келади ва ҳарбий, иқтисодий пакетларни доимий ажратиб келади.

Нетаняҳунинг айтишича, Ғазодаги операциядан мақсад – биринчи навбатда ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш. Бу ҳаракатлар келажакдаги таҳдидларнинг олдини олишга, асирликдаги исроилликларни озод қилишга қаратилганини ҳам таъкидлади. Агар келажакдаги таҳдидларнинг ҳам олдини олмоқчи бўлса, жуда катта ҳарбий операция бўлади бу.

Ғазони Исроил таркибига қўшиб оладими, деган масалага тўхталсак. Менимча, бундан Исроил манфаатдор эмас. Чунки кучли халқаро босим остида қолиб кетади агар шундай қилса. Қуруқлик операциялари бошланиши билан бутун дунё бўйлаб намойишлар, чиқишлар, баёнотлар авж олди. Ҳатто Исроилни доимий қўлловчи Ғарб давлатларида ҳам намойишлар кўпайди. Ҳукумат даражасида бўлмаса-да, бутун дунё ҳамжамияти бу урушга қарши турибди. Бундай вазиятда куч ишлатиб ҳал қиламиз, деган ёндашув хато бўлади.

Биламизки, Ғазода ҲАМАСнинг катта тармоқли ерости туннеллари бор, шуларни йўқ қилиш ва асирларни озод этиш – операциянинг мақсади. Ҳар ҳолда, шундай баёнот берди Нетаняҳу. Маълумотларга кўра, бу ҳарбий операция 6 ҳафтадан 6 ойгача чўзилиши мумкин. Аҳоли зичлиги ва ерости туннеллари омили вазиятни мураккаблаштиради.

Маълумотларга кўра, Ғазода 8 мингдан ортиқ тинч аҳоли вафот этган, асосий қисми болалар. Эндиги операцияда талафотлар бундан ҳам кўп бўлиши табиий. Чунки қуруқлик операциясини ўтказиш жуда мураккаб: ким душман, ким оддий аҳоли билиш қийин бўлади. Бундан ташқари, айтганимдек, аҳоли ва бинолар зич жойлашган, шунинг ҳисобига қурбонлар сони ошиб кетиш эҳтимоли катта.

— Гуманитар инқироз юзага келишига муносабатингиз. Бунга жаҳон ҳамжамияти, асосан араб мамлакатлари қандай муносабат билдиради?

— Фаластинни қўллаш учун араб давлатлари бирлашгандек кўринади, лекин бу нарса фақат баёнотларда. Ўт очишни тўхтатиш бўйича БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси қабул қилинди, Ғарб давлатлари ҳам қўллади буни. Яқин ўтмишдаги Яқин Шарқ минтақасидаги муносабатларга қарайдиган бўлсак, АҚШ Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги конфликтларни якунлаш сиёсатини олиб бораётган эди. Ҳиндистонда ўтган G20 саммитида таклиф этилган Ҳиндистонни Ғарб билан боғловчи коридорда араб давлатлари ва Исроил ҳам бўлиб, бу орқали уларнинг савдо-иқтисодий алоқалари ҳам кучаяди, деб қаралаётган эди.

Лекин араб давлатлари билан Исроилнинг яқинлашуви Эрон ва бошқа баъзи кучларга ёқмайди. Яқин Шарқда кучлар баланси бузилишидан Эрон ҳеч қачон манфаатдор бўлмаган. Шу нуқтайи назардан, араб давлатлари ва Исроил яқинлашуви фақат декларатив ҳолатда бўлиб турибди.

Яна бир муҳим жиҳат бор. ҲАМАС–Исроил урушининг фаол жараёнлари бошлангач, АҚШ президенти ва давлат котиби томонидан бир қатор учрашувлар бўлди. Биринчи навбатда давлат котибининг Саудия ва Мисрга ташрифи муҳим аҳамиятга эга. Исроил қуруқликдаги ҳужумни бошласа, Ғазодаги гуманитар инқирознинг олдини олиш ва қочоқларни қабул қилиш бўйича Миср билан келишув бўлди. Рози бўлганига сабаб шуки, АҚШ ҳар йили Мисрга ҳам ҳарбий, иқтисодий пакетлар ажратади. Бошқа яқин дипломатик муносабатлар ҳам бор.

Саудия ҳеч қачон қўлламаслиги аниқ, лекин амалий ишларга қараш керак. Иккинчи босқич ҳужуми бошланди, лекин Саудия ҳеч қандай амалий иш қилгани йўқ, санкциялар ҳам бўлмади, дипломатик муносабатларни тўхтатиш ҳақида баёнот бўлмади. Бу иккинчи босқич операция минтақадаги кучлар нисбатига жиддий таъсир қилмайдиган бўлса, араб давлатлари баёнотлар билан чекланишини кузатишимиз мумкин.

Туркия позицияси ҳақида нима дея оласиз?

— Қуруқлик операцияси бошлангач, Туркия босқичма-босқич ўз баёнотларини кучайтириб бормоқда. Кеча Анқарада 1,5 млн кишилик митинг бўлди ва Эрдўған бошчилик қилди. Олдинроқ парламентда ҲАМАСни ватан озодлиги учун курашаётган мужоҳидлар деб атаганди.

Эрдўған Исроилга расмий ташрифини бекор қилди ва Исроилни жиноятчи давлат сифатида эълон қилишини билдирди. Таъкидладики, бу баёнотлар шунчаки гап эмас, бунинг ортида амалий чоралар бор. Бундан ташқари, Эрдўған бир пайтлар Фаластин ерлари Усмонлилар Туркиясининг ери бўлганини айтиб, бу ерлар қадрли эканини билдирди. Лекин Туркия баёнотлари ортидан катта амалий натижалар бўлади деб ўйламайман.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид