Луис Энрике ЕЧЛ финали борасидаги фикрларини айтиб ўтди
“Барселона” бош мураббийи Луис Энрике 6 июнда бўлиб ўтадиган Чемпионлар Лигаси финали борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
“Мен 2006 йили Париждаги финалга мухлиc сифатида ташриф буюрганман. Ўшанда мен фарзандларим ва дўстларим билан вақтимни чоғ ўтказган эдим. Ажойиб сафар бўлганди.
“Ювентус” ажойиб мавсумни ўтказди. Финалга бошқа ўйинларга тайёрланганимиз каби тайёрланамиз. Бизнинг кўпчилик футболчиларимиз учун бу биринчи финал эмас. Ҳар доимгидек тўпни ушлаб туришга ҳаракат қиламиз. Тўп бизда бўлганда имкониятлардан тўлақонли фойдаланишимиз керак.
Тўп рақибда бўлганда прессинг қилишга ҳаракат қиламиз. Биз Англия, Германия ва Франция чемпионлари билан ўйнадик, шунинг учун бизда экстра даражадаги жамоалар билан ўйнаш борасида тажриба бор.
Чемпионлар Лигасидаги ғалаба бизга мавсумдаги учинчи унвонни олиб келиши мумкин ва бу ҳолат клубдаги барчани ҳаяжонга солмоқда. “Барса” бундай ютуққа фақат бир бора эришган. Бу ушбу масаланинг қийинлигидан дарак беради.
Ғалаба қилиш уқувини исботлаш керак. “Юве” бизнинг жамоадан ҳеч жиҳати билан қолишмайди.
“Барселона” мухлислари стадионларда доимо жўшқин муҳитни яратадилар ва ҳеч қачон таслим бўлмайдилар. Улар – дунёдаги энг зўр мухлислардир.
Аминманки, Лионель Месси Испания кубогида “Атлетик”ка қарши ўйинда урган голига ўхшаш голни исталган жамоага ура олади.
“Юве” борасида мени нима хавотирлантиради? Ҳамма нарса. Уларда ўйиннинг боришини белгиловчи футболчилар бор. Мен Андреа Пирло ўйинга кучли таъсир қилишини истамасдим, ахир мен у нималарга қодирлигини биламан. Уларда тўпни олдинга тез етказиб бера оладиган аъло даражадаги ҳимоячилар бор.
Буни Жанлуижи Буффон ҳам қила олади. Альваро Мората туринликларнинг ўйинини кучайтирди, унда тўпни сезиш ҳисси яхши ривожланган. Карлос Тевес эса экстра-класс ўйинчиси.
Лионель Месси дунёнинг энг яхши футболчиси. Балки бутун футбол тарихидаги энг яхши футболчидир. У футболдан завқ оладиган ўйинчиларга асосланган “Барса” тизимига аъло даражада мослаша олган. Месси – энг яхши ўйинчи, бироқ унга жамоанинг қолган ўйинчилари ҳам аъло даражада ёрдам берадилар”, деб айтмоқда Энрике.