13:00 / 24.04.2024
5642

Хитойдаги сув тошқинлари, АҚШнинг Украинага тасдиқланган ёрдами ва Малайзиядаги авиаҳалокат — кун дайжести

Дунёда содир бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг кундалик шарҳи билан таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазо секторида олиб бораётган урушига 200 кун тўлди. Бу вақт ичида камида 34 минг 100 нафар фаластинлик қурбон бўлган. Уларнинг асосий қисми ёш болалар ва аёллар экани таъкидлаб келинмоқда.

77 мингдан ортиқ инсон ярадор бўлган. Шунингдек, минглаб инсонлар бедарак йўқолган ҳисобланади ва уларнинг жасадлари катта эҳтимол билан Исроил зарбаларидан вайронага айланган уйларнинг қолдиқлари остида ётибди.

Исроил бутун эксклавни вайроналар ва болалар қабристонига айлантирди. Улар урушнинг дастлабки кунлардан бошлаб Ғазодаги ҳаётни таъминловчи инфратузилмаларга мақсадли ҳужумлар уюштириб келишмоқда.

Уруш бошланганига 200 кун тўлиши муносабати билан «Ал Қассам бригадаси» расмий вакили Абу Убайда чиқиш қилди. Унинг айтишича, «Ал-Ақсо тошқини» операциясидан сўнг душман ҳамон ўз имижини яхшилаб олишга самарасиз уриниб келмоқда.

«7 октябр куни 1 соат ичида биз ҳамиятини топтаб ташлаган душман 200 кун ичида ҳеч нарсага эриша олмади», — деган у.

Унга кўра, Исроил вақтдан ютиш учун музокара жараёнларида берган ваъдаларининг барчасини бузишга ҳаракат қилиб келмоқда.

«Бизнинг қаршилигимиз 200 кундан буён бардош бериб келмоқда. Душман шармандалик ва мағлубиятдан бошқа ҳеч нарсага эриша олмайди», деган Абу Убайда.

Абу Убайда музокара жараёнларида Фаластин халқининг фундаментал ҳуқуқларидан воз кечмаслигини таъкидлаган. Тузиладиган битимга кўра, оккупацион кучлар Ғазодан тўлиқ олиб чиқилиши, Ғазо қамалдан халос бўлиши, мажбурий кўчирилган инсонлар ўз уйларига қайтарилиши керак. Акс ҳолда битим имзоланмайди.

 

Украинага ёрдам

АҚШ Конгресси сенатида Украина, Исроил ва Тайванга ҳарбий ёрдам бериш бўйича бутун қонун лойиҳалари пакети жараёнли овоз бериш босқичидан ўтган. Сўнгра Сенат Украинага ёрдам пакетини тасдиқлаган. Унинг 1 млрд долларлик дастлабки пакети қурол-яроғлардан иборат бўлади ва дарҳол жангга ташланади.

Шунингдек, Хитой компаниясига тегишли TikTok ижтимоий тармоғи қарши санкциялар қўллаш ва Россиянинг музлатилган активларини Украина фойдасига бериш каби масалаларга ҳам овоз қилинган.

Аммо Ғарб нашрларида Конгресснинг қуйи палатаси томонидан маъқулланган, Украинага 61 млрд долларлик ҳарбий ёрдам пакети 2024 йилда Украинага Россия ҳужумларини қайтариш имконини бермаслиги оҳангидаги мақолалар чиқмоқда. Бунда бош савол янги ёрдамнинг етказиш тезлиги ва Украина қуролли кучлари Россиянинг пишиб етилаётган қарши ҳужумини қайтаришга улардан нечоғлик фойдалана олишига боғлиқ экани урғуланмоқда.

Бу орада Стокҳолм тинчли муаммоларини тадқиқ этиш халқаро институти — SIPRI 2023 йилда дунё мамлакатларининг ҳарбий харажатларини ҳисоблаб чиққан. Умумий харажатлар 2,44 трлн долларни ташкил этган ва 2009 йилдан буён ўсиш 6,8 фоизга етган. Россиянинг ҳарбий харажатлари 24 фоизга ўсиб, 109 млрд долларга етган. Бу ялпи ички маҳсулотнинг қариб 6 фоизи дегани. Украинанинг харажатлари эса 51 фоизга ошган ва 64,8 млрд долларни ёки ЯИМнинг 37 фоизини ташкил этган. Бироқ ғарб давлатлари томонидан кўрсатилаётган ёрдам туфайли харажатлар Россия кўрсаткичларига яқинлашган.

 

Ғарб санкциялари

Европа Иттифоқи Россияга технологиялар ва қурол-яроғлар етказиб берганлиги учун хорижий компанияларга қарши санкциялар қўллашни мўлжалламоқда.

Европа Иттифоқи чекловлари остига тушган маҳсулот ва товарларни етказиш билан ўнлаб компаниялар шуғулланган, деб ёзади Bloomberg ички ҳужжатларга асосланиб.

Ҳужжатга кўра, санкциялар асосан Россия фирмаларини қамраб олади, шунингдек рўйхатдан Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой ва Ҳонгконг компаниялари ўрин олган.

Россия фирмалари миллионлаб евро эвазига санкция остидаги маҳсулотларни савдо тақиқларига қарамасдан импорт қилишган ва пировардида ундан «Россия ҳарбийлари фойдаланишган». Санкция жорий этилиши мумкин бўлган хорижий компанияларнинг бир қисми Россия ва Беларусдаги фуқаролар ва фирмалар билан боғлиқ.

Етказилган ускуналарнинг аксарияти Европада ва Америкада ишлаб чиқарилган.

Хитой ва Ҳонгконгдаги компаниялар эса Россияга сунъий йўлдошдан тасвирлар етказиш билан бирга, бошқа технологиялар ҳам берган.

The Wall Street Journal нашри эса АҚШда Хитой банкларига қарши санкциялар ишлаб чиқилганини маълум қилмоқда. Бу банклар ҳар қандай қўш мақсадли технологияларнинг Россияга экспорт қилиниши учун хизмат кўрсатишган. Хитой Россиянинг мудофаа саноатини ривожлантириш учун ёрдам бераётганини тан олмасдан келмоқда.

 

Хитойдаги тошқинлар

Хитой жанубида сўнгги 50 йил ичидаги энг кучли ёмғир ва бўронлар кузатилмоқда. Ноқулай об-ҳаво туфайли тоғли ҳудудларда кўчкилар содир бўлган, дарёлар қирғоқларидан чиқиб, сув сатҳи критик даражадан кўтарилиб кетган. Тошқинлар 127 млн кишига таъсир қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Хитой жанубидаги Гуандонг провинциясига ёпирилган кучли ёғингарчиликлар расмийларни мамлакатнинг аҳоли тиғиз яшайдиган ушбу қисмида 110 минг кишини эвакуация қилишга мажбур қилди.

Xinhua давлат ахборот агентлиги хабар беришича, тўрт киши ҳалок бўлиб, яна 10 киши бедарак йўқолган. Агентликка кўра, 36 та уй қулаган, яна 48 таси жиддий шикастланган. Сув тошқинлари етказган жами зарар миқдори айни вақтга келиб 140 млн юандан зиёдроққа баҳоланмоқда.

Намойиш этилган кадрларда ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ер участкалари ва кўчалар сув остида қолгани, қутқарувчилар сув кечиб одамларни хавфсиз жойларга олиб ўтаётгани акс этган.

Хитой метеорология хизматлари Гуандунда ва қўшни Фуцзян провинциясининг айрим туманларида кучли ёмғирлар давом этишидан огоҳлантирган.

Мамлакатнинг бошқа қисмларида, жумладан Пекин, Тянцзин ва Ҳэбэй провинциясида ҳам «ўртача кучлиликдаги» ёмғир ёғиши кутилмоқда.

 

Россия мактабларидаги дронлар

Россиядаги мактаб ўқувчиларига оммавий тарзда дронларни бошқариш ўргатилади.

1 июлдан бошлаб «Миллий пилотсиз авиацион тизимларга талабни кучайтириш» федерал лойиҳаси доирасида Россиянинг 523 та мактаби ва 30 та коллежида дронларни бошқариш бўйича курслар ўтила бошланади. Бу ҳақда Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов айтиб ўтган.

«Лойиҳада иштирок этувчи ўқув муассасалари машқ дронлари ва таълимни ташкил этиш учун зарур кадрлар билан таъминланади», — деган Белоусов.

Таълим муассасалари машқлар учун тегишли майдонларга, шунингдек жиҳозланган махсус синфларга, кичик ва асосий парвоз зоналарига, таъмирлаш станциялари ва 3D босма зоналарига эга бўлиши керак, деган Белоусов. Бош вазир ўринбосари Маориф вазирлигига тайёрланган таълим дастурлари ва педагогларни аттестациядан ўтказиш вазифасини ҳам юклаган.

Лойиҳа Россиянинг 30 та ҳудудида амалга оширилади, ўйланган ғояни амалга ошириш учун ҳукумат 17 мингдан ортиқ машқ дронлари сотиб олади.

 

Малайзиядаги авиаҳалокат

Малайзияда иккита вертолётнинг ҳавода тўқнашиб кетиб, ерга қулаши оқибатида 10 киши ҳалок бўлди.

Лумут шаҳрида Қироллик денгиз кучларининг 90 йиллигига бағишланган ҳаво ҳарбий парадига тайёргарлик кўриш асносида иккита вертолёт ҳавода тўқнашиб кетган.

Малайзия ёнғин-қутқарув хизматининг хабарига кўра, ҳар икки вертолётда бўлган экипаж аъзоларининг барчаси — 10 ҳарбий ҳалок бўлган.

Top