Жаҳон | 13:35 / 21.05.2024
8740
9 дақиқада ўқилади

Раисий учун мотам, ордер дарагидан ғазабланган Нетаняҳу ва Ғарбнинг янги ёрдами — кун дайжести

Ўтган кун мобайнида дунёда содир бўлган воқеалар, ҳодисалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништириб ўтамиз.

Эрон президентининг ҳалокати

Эроннинг вафот этган президенти Иброҳим Раисий маросими 23 май куни ўзи туғилиб ўсган Машҳад шаҳридаги Имом Ризо мақбарасида дафн этилиши маълум қилинди.

21 май куни Табризда авиаҳалокатда ҳалок бўлганлар билан видолашув маросими ўтказилади.

Эронда фожиа муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилинди.

Раисий ва бошқа расмий шахсларнинг фожиали вафоти муносабати билан Тожикистон, Ироқ, Покистон, Ҳиндистон, Ливан, Сурия ва Яманда ҳам мотам куни эълон қилинди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Эрон халқининг қайғусини бўлишиш учун Туркияда ҳам бир кунлик мотам эълон қилди.

Британиялик журналист Сулаймон Аҳмад сўнгги икки ҳафта ичида дунё бўйлаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан боғлиқ ҳодисалар ва айримларига уюштирилган суиқасдларни жамлаб чиқди.

  • 7 май куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасига уюштирилган суиқасднинг олди олинган.
  • 13 май куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эҳтимолли ҳарбий давлат тўнтаришидан огоҳлантириб, шошилинч мажлис чақирган.
  • 15 май куни Словакия бош вазири Роберт Фицога нисбатан суиқасд уюштирилган.
  • 16 май куни Сурбия президенти Александр Вучични ўлдиришга таҳдид қилган фуқаро қўлга олинган.
  • 19 май куни Саудия Арабистони қироли Салмон Ол Сауд бир ой ичида иккинчи марта тоби қочиб, шифохонага ётқизилган.
  • 19 май куни Эрон президенти Иброҳим Раисий ва ташқи ишлар вазири Амир Ҳуссайн Абдуллоҳиён минган вертолёт ҳалокатга учраган.

Эрондаги авиаҳалокат версиялари

Гарчи Эрондаги расмийлар дастлабки маълумотларга кўра, техник носозлик ҳалокатга сабаб бўлганини қайд этишган бўлса-да, Эрон президенти Иброҳим Раисийни ҳаётдан олиб кетган авиаҳалокатга сабаб бўлган уч версия илгари сурилмоқда.

1. Ноқулай об-ҳаво ва эски техника. Туман шароитида президент ва унинг ҳамроҳлари Bell 214 вертолётида учишган — бу 1970-йилларда АҚШда ишлаб чиқарилган учоқ. АҚШ Эронга авиацион эҳтиёт қисмлар етказишни тақиқлаган, шунинг учун мамлакат айниқса АҚШда ишлаб чиқарилган авиация техникасига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ катта қийинчиликларга дучор бўлган.

Ноқулай об-ҳаво, эски техника ва Эрон раҳбариятининг менталитети ҳам авиаҳалокат учун етарли омил бўлган бўлиши мумкин, дея вазиятни шарҳлаган исроиллик ҳарбий журналист Сергей Ауслендер. Унга кўра, «Раисий ноқулай об-ҳавога қарамасдан парвоз қилишга буйруқ берган бўлиши мумкин, ҳеч ким уни фикридан қайтара олмаган. Демократик давлатларда парвозни давом эттириш қарорини экипаж командири қабул қилади, Эронда бундай эмас».

2. Ҳалокат ортида Исроил ёки бошқа давлатлар махсус хизматлари турибди. Бунга россиялик пропагандачилар ва Z-блогерлар шама қилишмоқда.

Раисийнинг ўлими Эрондан ташқарида кимгадир керак эмас, дейди шарқшунос Руслан Сулаймонов.

«Эрон шундоқ ҳам олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган ва хавфли давлат. Агар у қандайдир тебранишларга дучор бўлса, яраланган ҳайвон сингари янада тушунарсиз бўлиб қолади», дейди Сулаймонов.

Раисий Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбариятидан фарқли ўлароқ ҳарбий раҳбар эмасди ва Исроилнинг нишони бўлмаган, дейди Ауслендер.

3. Раисийнинг ўлими — Эрон ичидаги сиёсий кураш натижаси. «Ғарбпараст мухолифат» томонидан уюштирилган теракт версиясини ҳам Россия пропагандаси келтирмоқда.

Эронда президентга суиқасд уюштиришга қодир бўлган радикал ғарбпараст мухолифат йўқ, дейди сиёсатшунос Аббос Галлямов. У ердаги «мухолифат» мутлақо тизимли. Улар мўътадил ислоҳотчилар. Ҳозир улар «ислом инқилобининг иккинчи босқичи»ни эълон қилган консерваторлар томонидан бурчакка қисилган.

Ауслендерга кўра, кланлар орасидаги кураш ҳалокат сабаби бўлиши мумкин. «Раисий 85 ёшли оятуллоҳ Али Хоминаийнинг эҳтимолли вориси саналаётганди. Лекин олий раҳбарликка Хоминаийнинг ўғли Мўжтабо Хоминаий ҳам даъвогарлик қилади. Сиёсий қотиллик вариантини ҳам инобатдан соқит қилмаслик керак», — деган исроиллик журналист.

Ҳаага судидаги баёнот

Ҳаагадаги халқаро жиноят суди бош прокурори Карим Хон Исроил етакчилари — бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галлант, шунингдек ҲАМАС ҳаракатининг расмий шахсларини ҳибсга олиш учун илтимоснома киритганини эълон қилди.

Прокурор Ғазодаги можаронинг ҳар икки тарафини ҳарбий жиноятлар ва бир қатор ноқонуний хатти-ҳаракатларда айбдор деб топган.

Исроил Халқаро жиноят судининг юрисдикциясини тан олмаса-да, Карим Хоннинг судга киритган илтимосномаси дунё бўйлаб катта резонанс келтириб чиқарди.

ҲАМАС Ҳаагадаги халқаро жиноят судидан ўзларининг раҳбариятини эмас, Исроилнинг барча ҳарбий жиноятчиларини ҳибсга олишни талаб қилди.

Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог Нетаняҳу ва Галлантни ҳибсга олиш учун ордер талаб қилинишини «биртомонлама сиёсий шантаж» деб атаган.

АҚШ президенти Жо Байден Карим Хоннинг талабини фитнага сабаб бўлувчи талаб деб атаган.

«Менга аниқ қилиб гапиришга изн беринг: бу прокурор нимани назарда тутган бўлмасин, Исроил ва ҲАМАС ўртасида тенглик йўқ. Биз ҳар доим Исроилни унинг хавфсизлигига таҳдидлардан ҳимоя қиламиз», — деган Байден.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Халқаро жиноят суди прокурорининг талабларига қарши чиқиб, бундай қадамни шармандали деб атаган.

Исроил бош вазири Бинямин Неатанҳу ўзини ҳисбга олишга ордер сўралгани ҳақидаги хабарни эшитиб эсидан оғиб қолай деган.

«Бу ордер ЦАҲАЛ аскарларига қарши берилаётган ордер, қайсиким улар буюк қаҳрамонлик билан ҲАМАС қотилларига қарши курашишмоқда.

Эй, Ҳаагадаги прокурор!

Сурбетлик билан ҲАМАС монстрларини дунёдаги энг ахлоқли армий бўлмиш ЦАҲАЛ аскарларига тенглаштиришга қандай ҳаддинг сиғди?

Исроил бош вазири сифатида прокурорнинг демократик Исроил ва ҲАМАСнинг оммавий қотилларини бир ўринга қўйганини қатъий қоралайман», — деган Нетаняҳу.

Бу баёнотлар фонида Исроил молия вазири, ултраўнг миллатчи Бецалел Смотричнинг баёнотлари айниқса эътиборга сазовор. У яҳудийларга қарши ҳар қандай ҳаракатни антисемитизм деб ҳисоблайди.

«Ҳаага трибунали томонидан яҳудийларга нисбатан кўрсатилаётган иккиюзламачилик ва нафратни нацистлар пропагандаси давридан бери кўрмагандик. Нацистлар ҳам ахлоқ номидан гапиришар эди. Исроил душманлари келиб кетаверади, Исроил эса абадий қолади.

Ҳибсга олиш учун бу ордерлар бу сиёсий ва антисемит суднинг тобутига урилган сўнгги михлар бўлади. Исроилнинг чинакам дўстлари ва ойдин миллатлар бундай суднинг кейинги мавжудлиги ва фаолиятининг олдини олишади. Бу гап суд ортида турган Фаластин мухториятига ҳам тегишли. Фаластинни йўқ қилиш ва унинг Исроилга етказаётган зиёнларини тўхтатиш фурсати етди.

Мен бош вазир ва мудофаа вазирига қўл узатаман. Уларни ҳибсга олиш учун берилган ордер, барчамизга берилган ордер», — деган Смотрич.

Украинага ёрдам

Украина президенти Волдимир Зеленский Украинага асосий ёрдамларни бериш бўйича ғарбдаги қарорлар жуда секин чиқарилаётганини таъкидлади.

«Бир тўхтамга келаётган ҳар бир қарорни амалга ошириш тахминан бир йилча вақтни олмоқда. Ғарб олдинга катта қадам ташлаяпти. Бироқ бундан аввал икки қадам орқага қайтмоқда. Биз парадигмани ўзгартиришимиз керак», — деган Зеленский.

Бу орада Испания мудофаа вазири Маргарита Роблес Мадрид Украинаги Leopard танклари ва ўқ-дорилар етказиб беришини эълон қилди. Қурол-яроғлар ва техникаларни Украина июн ойида олади.

Испаниядан ташқари АҚШ, Британия, Франция, Руминия, Белгия ва Литва Украина қуролли кучларига немисларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ташаббуси доирасида техникалар ва ракеталар етказади, деб хабар бермоқда Германия мудофаа вазирлиги.

Эстония бош вазири Кая Каллас НАТО қўшинларини Украинага жўнатиш юзасидан қўрқувларни «асоссиз» деб атади.

Агар НАТО бўйича иттифоқчилар ўз қўшинларини асосан украин жангчиларини жангга тайёрлаш учун жўнатишса бу алянсни Россияга қарши урушга тортмайди, деган у Financial Times газетасига берган интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, қўрқув ва рискларга қарамасдан украин аскарларини ўз мамлакатида тайёрлаб бераётган давлатлар аллақачон бор.

Эстония бош вазири агар Россия ҳарбийлари НАТОнинг Украинадаги аскарларига қўққисдан ҳужум қилса ҳам, бу алянснинг 5-моддаси автоматик ишга тушишига асос бўла олмайди.

Мавзуга оид