Польшада аборт деярли тақиқланди. Консерватив кучлар бунга қандай эришди?
Польша Конституцион суди мамлакатда аборт қилишни амалда бутунлай тақиқловчи қарор қабул қилди. Суд қарорига кўра, ҳомилада фақатгина жиддий нуқсон ёки унинг ҳаётига таҳдид соладиган касаллик аниқлансагина, абортга рухсат берилади.
Бу қарор бекорга қабул қилинмаган, чунки сўнгги йилларда мамлакатда абортлар сони кўпайиб кетди. Аборт ҳақидаги қонуннинг кескинлашишига қарши бўлган фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Конституцион суднинг бу қарори ортидан Польшада яширинча аборт авж олиши мумкинлиги ҳақида айтишмоқда.
Ғалабами ёки мотам?
Конституцион суднинг абортни тақиқловчи қарорини амалдаги ҳукумат тарафдори бўлган ўнгчилар ва консервативлар хурсандчилик билан кутиб олишди.
«Бугун Авлиё Иоанн Павел II (марҳум польшалик собиқ Рим папаси) ватанида унинг хотираси учун Ҳаёт Ўлим устидан ғалаба қозонди. 2020 йилнинг 22 октябрь куни тарихга киради. Биз ХХ асрда ҳукм сурган тоталитар тузумлар мероси бўлган ҳимоясиз одамларни ўлдириш амалиётини тўхтатамиз», деб ёзган Польша парламенти депутати Томаш Зимковский твиттердаги саҳифасида.
«Фарзанд кўриш ёки кўрмаслик қарори ҳомиладор бўлишдан олдин қабул қилиниши керак. Бунда келажакда туғиладиган бола касал бўлиб қолиши мумкинлиги ҳам инобатга олиниши керак. Болаларнинг ногирон бўлиб туғилишидан хавфсираб ўлдирилиши конституцияга мувофиқ эмас», деб ёзган адвокат ва ёзувчи Магдалена Кожеква-Калишук.
Қарорга қарши бўлганлар унга жуда кескин муносабат билдиришди.
«Абортнинг тақиқланиши аёллар учун жаҳаннам. Конституцион суднинг бугунги сиёсийлаштирилган ҳукми шуни англатади», деб ёзган Польша парламенти вице-спикери Малгожата Кидава-Блонская.
«Бу сиёсий пасткашлик», деб ёзган Польшанинг собиқ бош вазири, Европа Халқ партияси етакчиси Дональд Туск.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Марта Лэмпарт барчани бу қарорга рози бўлмасликка ва #PowiedzCoMyślisz (ўз фикрингни айт) ҳештеги билан интернетда жойлаштирилган 30 сонияли ролик остида фикрларини ёзиб қолдиришга чақирган.
Келишувнинг тугаши
Янги қарор қабул қилинишидан олдин Польшадаги аборт билан боғлиқ қонун Европада энг оғирларидан бири эди. Шу пайтгача мамлакатда «аборт келишуви» амал қилиб келаётганди. 90-йилларнинг бошида, коммунистик режим қулагач, ғарбона тузум ўрнатилган Польшада янги давлатда аборт қилишга рухсат бериш кераклиги ҳақида қизғин мунозаралар бўлиб ўтади.
Ўшанда мамлакатда нуфузи баланд бўлган католик черкови ва консерватив сиёсий доиралар абортни тўлиқ тақиқлаш тарафдори эди. Сўллар ва либераллар абортнинг қонуний тақиқланишига қарши норозилик билдиради. Оқибатда, 1993 йил оилани режалаштириш, ҳомилани ҳимоя қилиш ва ҳомиладорликнинг тугатилишига йўл қўйиладиган шартлар тўғрисида қонун қабул қилинади.
Ўша қонунда абортга рухсат бериш учун учта шарт илгари сурилган эди.
- Ҳомиладорлик онанинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солса;
- Тиббий кўрикда ҳомиланинг жиддий ва тузатиб бўлмайдиган нуқсони ёки унинг ҳаётига таҳдид соладиган касалликка эга эканлиги аниқланса;
- Ҳомиладорлик жиноий йўл билан содир бўлса.
Бундай ҳуқуқий қоидалар Польшада «аборт туризми» феноменининг пайдо бўлишига олиб келди. Фарзанд кўришни хоҳламайдиган кўплаб польшалик аёллар бошқа Европа давлатларига чиқиб аборт қилдира бошлади. Бундан ташқари, мамлакатда яширинча ноқонуний аборт қиладиган клиникалар сони кўпайди.
Польша Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатда расман 1 116 марта аборт қилинган. Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили 120 минг польяк аёллари хорижда аборт қилдиради. Ана шундай ҳолатда «аборт келишуви» шартлари ҳар икки томон – унга қаршиларни ҳам, ёқлайдиганларни ҳам бирдай қониқтирмади.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эканини иддао қиладиганлар, феминистлар ва сўл партиялар аборт тўғрисидаги қонунчиликни либераллаштиришни талаб қилишди. Улар абортга «ижтимоий сабабларга кўра» рухсат берилиши лозим деб ҳисоблашади. Католик черковига яқин бўлган ўнгчилар ва консерватив доиралар эса аксинча, Польшада бу масалада қонунчиликни кучайтириш, ҳатто абортни бутунлай тақиқлашни талаб қилиб чиқишди.
Сўнгги беш йилликда Польшада консервативларнинг «Ҳуқуқ ва адолат» партияси ҳукмронлик қилмоқда. Бу партиянинг сайловолди дастурларида аборт тўғрисидаги қонунчиликка оид ҳеч қандай ваъда берилмаганига қарамай, партиянинг таниқли вакиллари уни қатъийлаштириш тарафдори бўлган ва бу ҳақда бир неча бор гапирган.
2016 йил парламентга нуқсони бор ҳомилани аборт қилишни тақиқлаш ва ноқонуний аборт қилган аёл ҳамда операцияни ўтказган шифокор учун беш йиллик қамоқ жазосини назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама учун тақдим этилган. Ўшанда бу қонун лойиҳасига қаршилар бутун Польша бўйлаб норозилик намойишларини ўтказади. Намойишчилар мотам белгиси сифатида қора кийим кийиб олган эди. Ўшанда оммавий норозиликлар ортидан ҳукмрон партия парламентда ушбу лойиҳани кўриб чиқишни рад этишга мажбур бўлган.
2017 йилда Польша парламентига аборт масаласида янги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Бу қонун лойиҳасида аборт қилган аёллар ва шифокорларга қамоқ жазоси берилиши кўзда тутилмаган, балки ҳомилани нуқсони борлиги учун аборт қилишни тақиқлади. Польша парламенти бу қонун лойиҳасини фақат 2020 йил апрелида кўриб чиқди ва аборт масаласидаги қонуннинг кучайтирилишига қаршилар яна жонланиб қолишди. Аммо бу сафар улар чорасиз қолишди. Польша жамияти учун муҳим бўлган қонун лойиҳаси кутилмаганда айни пандемия туфайли карантин чоралари жорий қилинганда парламент кун тартибида пайдо бўлди ва муҳокама қилина бошланди. Абортга қарши бўлганлар бу сафар карантин чекловлари туфайли ўзининг асосий қуроли – намойишлар ўтказиш имкониятидан фойдалана олмай қолди. Бироқ шов-шувли муҳокамадан сўнг, парламент ушбу қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқишга юборди.
«Инсон ҳуқуқлари»
Ўнгчилар ва консерватив кучлар вакили бўлган 119 нафар депутат аборт ҳақидаги янги қонун лойиҳасининг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, Польша Конституцион судига мурожаат қилишди. Улар ўз мурожаатида туғруқдан олдин ўтказиладиган текширувларда ҳомиланинг жиддий ва муқаррар нуқсони ёки унинг ҳаётига таҳдид соладиган даволаб бўлмайдиган касаллик эҳтимоли бўлса, абортга йўл қўйилиши тўғрисида 1993 йилда қабул қилинган қонунни конституцияга зид деб топишни сўраган. Мурожаат муаллифлари юқоридаги қонун туғилмаган боланинг яшаш ҳуқуқига дахл қилишини таъкидлаган эди.
Ушбу масала судда кўриб чиқилаётган пайтда улар Польша конституцияси инсон ҳуқуқларини у пайдо бўлганидан бошлаб ҳимоя қилиши ва ҳеч қачон унинг туғилишидан келиб чиқмаслигини билдиришди. Улар ҳомиланинг жиддий нуқсонларини ҳам туғилиб бўлган одамларнинг жиддий касалликлари каби даволаш керак деган даъвони илгари суришди.
«Инсон ҳуқуқлари фақат соғлом одамларнинг имтиёзи бўлолмайди», дейди тақдимот ташаббускорларидан бири, «Ҳуқуқ ва адолат» партияси депутати Бартоломей Врублевский судда ўз нуқтаи назарини таъкидлаб.
«Мен неонатологлар (ҳомила ва чақалоқларни даволовчи шифокорлар) билан суҳбатлашдим. Муаммо шундаки, пренатал тадқиқотлар кўпинча нотўғри чиқади. Аксарият ҳолларда нуқсони бор дейилган болалар соғлом туғилади. Айрим ҳолларда шифокор уч-тўрт марта тадқиқот ўтказишидан қатъи назар, объектив қийинчиликлар сақланиб қолмоқда», – деган у.
Конституцион суд судьяларидан бири ушбу масала бўйича қарор қабул қилингач, норозилик тўлқини бошланишини тахмин қилди. У тақдимот ташаббускорларидан нима учун «Ҳуқуқ ва адолат» вакиллари устун бўлган парламент шунчаки аборт ҳақидаги қонуннинг мос келмайдиган қисмларини ўзгартира олмаслигини сўради.
«Парламентнинг ҳар қандай қарори бекор қилиниши, ўзгартирилиши мумкин. Конституцион суднинг қарори кучлироқ бўлади, чунки уни қонун билан бекор қилиш мумкин эмас», – деб жавоб берди бу саволга Врублевский.
Автомобиллар ёрдамида намойишлар
Конституцион суднинг ҳал қилувчи мажлисидан бир ҳафта олдин фаоллар мазкур қарорга қарши норозилик намойишлари уюштирди. Намойишларни уюштириш эса осон бўлмади, чунки яқингача бутун Польша «қизил» эпидемиологик зонада эди. 24 октябрь куни Польшада 13,6 мингдан ортиқ одамда коронавирус аниқланган. Бу кўрсаткич кетма-кет учинчи кун 12 мингдан тушмаяпти.
Бундай вазиятда аборт қонунчилиги қатъийлашишига қарши бўлган одамлар ўз норозилигини шахсий автомобиллар ёрдамида амалга оширди. Бундан ташқари, мазкур ишга бефарқ бўлмаган фуқаролар Конституцион судга хат йўллашди.
«Шифокорнинг вазифаси азоб чекаётганларга ёрдам бериш. Ҳомиладорликнинг тугатилишига имкон берадиган қонуннинг бекор қилиниши шифокорларни ноқулай вазиятга тушириб қўйиши мумкин. Улар кейинчалик оғир асоратлар қолдириши мумкинлигини била туриб беморларининг (ҳомиладор аёлларнинг) хоҳиш-иродасига қарши боришга мажбур бўлади. Бу эса ҳомиладор аёлларга азоб-уқубатлар келтириши мумкин», – дейилади 800дан ортиқ польшалик шифокорлар имзо чеккан мурожаатда.
Ижтимоий тармоқларда #powiedzkomus (кимгадир айт) ва #wyroknakobiеty (аёлларга ҳукм ўқилди) ҳештеглари бирлаштирган кўплаб постлар пайдо бўлди. Фойдаланувчилар шу тарзда Конституцион суднинг қарорига норозилик билдиришди.
Суд мажлиси давом этаётган вақтдаёқ суд биноси ёнида абортга қаршилар ва уни ёқлаётганлар намойишлар ўтказишди. Сўнг ўртада жанжал чиқди. Полиция иложи борича уларни ажратишга ҳаракат қилди. Сўлчи партияларнинг парламентдаги аёл депутатлари Конституцион суд маъмурияти уларни суд мажлисига киритмаганидан қаттиқ ғазабланишди. Аммо абортга қарши чиқувчилар овозкучайтиргичлар ёрдамида уларга халақит беришди.
Европанинг йирик телеканаллари 3 кундан буён Польшадаги абортга оид қабул қилинган қарор ҳақида лавҳа бериб, мамлакат бўйлаб ўтказилаётган намойишларни намойиш этмоқда. Европада бу ҳолатни ҳайрат билан кутиб олишди ва польяк аёлларига «ҳамдардлик» билдирган бўлишди, бироқ консервативлар қўлида бўлган Польша ҳукумати бу қарорни ўзгартирмоқчи эмас. Чунки қарор ҳукми муҳокама қилинмайдиган суд томонидан чиқарилди...
Мавзуга оид
22:20 / 29.05.2023
Польша 1 июндан Россия ва Беларус юк машиналари учун чегарасини ёпди
12:24 / 26.12.2022
Польша Ўзбекистон билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
18:15 / 16.12.2022
“Абортларнинг катта қисми боланинг жинси қиз бўлгани учун қилинади” — шифокор ҳикояси
07:53 / 02.12.2022