Жаҳон | 22:37 / 01.06.2024
9524
2 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу ҲАМАС йўқ қилинмагунча Ғазода ўт очишни тўхтатмаслигини айтди

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар бир неча ойдан бери асосий масалалардаги тортишувлар туфайли боши берк кўчага кириб қолган.

Фото: Reuters

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС йўқ қилинмагунча Ғазода доимий сулҳ бўлиши мумкин эмаслигини айтди ва бу билан АҚШ президенти Жо Байден таклиф қилган ва фаластинликлар қўллаб-қувватлаган сулҳ режасининг муддати ва мазмуни масаласини кўтарди. Бу ҳақда Reuters ёзди.

Байден 31 май куни Исроил ўз қўшинларини қисман олиб чиқиш ва гаровдагиларнинг баъзиларини озод қилиш билан 6 ҳафталик дастлабки сулҳни ўз ичига олган келишувни таклиф қилганини, икки томон эса воситачилар иштирокида «ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш» учун музокаралар олиб боришини айтган эди.

Бироқ, Нетаняҳунинг 1 июн кунги баёнотида айтилишича, Исроил «Ҳамаснинг ҳарбий ва бошқарув салоҳияти йўқ қилинмагунча» доимий ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши ҳақидаги ҳар қандай фикр «муваффақиятсиздир».

ҲАМАС 31 май куни «ижобий ва конструктив тарзда» ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди, бироқ гуруҳнинг юқори мартабали амалдорларидан бири Маҳмуд Мардавий Қатар телевидениесига берган интервюсида ҳозирча таклиф тафсилотларини олмаганлигини маълум қилди.

«Босқинчи армияни олиб чиқиб кетиш ва ўт очишни тўхтатиш талаби бажарилмагунча ҳеч қандай келишувга эришиб бўлмайди», деди у.

АҚШ қўллаб-қувватлаши ва Миср билан Қатар воситачилигидаги тинчлик музокаралари бир неча ойдан бери асосий масалалардаги тортишувлар туфайли боши берк кўчага кириб қолган. Исроил гаровга олинган барчанинг озод қилиниши эвазига урушни вақтинча тўхтатиб туриш, сўнгра ҲАМАС таҳдидини йўқ қилиш учун яна давом эттиришга тайёр эди. ҲАМАС эса ҳар қандай келишув ортидан Исроилнинг ўт очишни бутунлай тўхтатиш бўйича хатти-ҳаракатларини, жумладан, қўшинларнинг бутунлай олиб чиқилишини истамоқда.

Мавзуга оид