Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларининг ҳуқуқий мақоми бўйича алоҳида талаблар белгиланади
Адлия вазирлиги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига эгалик ҳуқуқини бериш тартибига оид янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Мазкур ҳужжат яқин кунларда Қонунчилик палатасига киритилади.
23 январ куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазирлиги томонидан президентнинг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бўйича матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда янги қабул қилинган фармоннинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.
Kun.uz мухбири масъулларга қуйидаги савол билан мурожаат қилди: «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига эгалик ҳуқуқини бериш тартибига оид яна бир ҳужжат лойиҳаси идоралараро муҳокама қилингани ҳақида маълумотга эгамиз. Манбаларимиз бу ҳужжат айни пайтда Адлия вазирлигида экспертизада дейишмоқда. Шундай лойиҳа борми, агар бор бўлса қайси босқичда? Ушбу ҳужжат президентнинг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги 461-сон қароридан қандай фарқи бўлади?»
Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримовнинг маълум қилишича, янги қонун лойиҳаси вазирлик томонидан ишлаб чиқилган ва яқин кунларда Қонунчилик палатасига киритилади.
«Фуқаролар учун бу жуда ҳам муҳим масала. Шу жиҳатдан, буни қонун билан тартибга солишимиз керак. Ҳужжат лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва кенг муҳокама қилиняпти.
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларининг ҳам алоҳида талаблари мавжуд, яъни ундан қанчадир муддат фойдаланилган, аммо ҳуқуқий томондан расмийлаштирилмаган ёки ўша пайтда қайсидир давлат органининг қарори билан ер ажратилмаган бўлиши мумкин. Бутун республика бўйича миллионлаб одамларда бунақанги ҳолат мавжуд, шу сабаб ушбу масалани ҳал қилиш учун қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Айни пайтда бу ҳужжат Қонунчилик палатасига киритилиш босқичида. Вазирлик ва идоралар билан ҳужжат матни биргаликда кўриб чиқилиб, келишилди, ҳукумат билан ҳам биргаликда ишланди. Ушбу қонунда олдингиларидан фарқли равишда алоҳида талаблар белгиланмоқда», деди Алишер Каримов.
Маълумот учун, амалдаги қонун ҳужжатларида ҳам ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари (8,5 млн), мансабдор шахсларга эса — эллик баравари(17 млн) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари (51 млн), мансабдор шахсларга эса — уч юз баравари (102 млн) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мавзуга оид
17:42 / 07.11.2024
Эгалланган ҳамда ҳужжатсиз ер участкаларига сўнгги “акция”. Эгалик ҳуқуқини эътироф этиш учун нима қилиш керак?
22:21 / 01.11.2024
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини расмийлаштириш учун тўлов миқдори маълум қилинди
16:33 / 01.11.2024
«Ер қаъри тўғрисида»ги қонун қабул қилинди
20:24 / 14.10.2024